УТТ, СКРИНИНГ, ДОППЛЕР – ЭНДИ 4D ҲАМ БОРМИ?

САЛОМАТЛИК 23.09.2015, 15:46
УТТ, СКРИНИНГ, ДОППЛЕР – ЭНДИ 4D ҲАМ БОРМИ?

«Келиним тўрт ойлик ҳомиладор. Шифокори скрининг текширувидан ўтиши учун тиббий йўлланма берибди. Бир ой аввал УТТ га тушиб келганди. Скринингнинг яна нима кераги бор? Эшитишимча, туғруққа яқин допллер яна аллақандай 3D, 4D деган текширувларга ҳам юбориларкан. Шартми шу? Умуман, бу текширувлар нима беради?»

Сабоҳат Йўлчиева, Тошкент шаҳри

Ҳақиқатан ҳам бугун бўлажак оналар учун ҳомиладорлик даврида бажариладиган текширувлар бир қанча бўлиб, ҳар бири маълум муддатларда ўтказилади. Мазкур текширувлар нима учун керак деган саволнинг пайдо бўлиши табиий. Шу билан бирга қайси бири қачон ўтказилиши ва бир – биридан нимаси билан фарқ қилиши ҳам қизиқтиради. Бугун ушбу саволлорга жавоб топиш мақсадида мутахассис –  УТТ ташҳиси шифокори Лилия Сабировага мурожаат қилдик.  

Неча бор УТТ дан ўтиш мумкин?

Ультратовуш тўлқинлари ёрдамида амалга ошириладиган мазкур тиббий текширув оқ-қора тасвирда ҳомиланинг кўриниши, жойлашиши ва жинсини кўрсатиб беради. Тавсир акс этган монитордаги ёзувлар ёрдамида ҳомилага тегишли маълумотлар таҳлил қилинади. Нормал кечаётган ҳомиладорлик даврида 5-6 мартагача ультратовуш текширувидан ўтиш мумкин. Бўлажак оналар ультратўлқинлар ҳомилага зарар етказади, деган гапдан чўчишади. Аммо бу гапларда ҳеч бир асос йўқ. Ўз вақтида ва тўғри тартибда ўтказилган текширув онага ҳам, болага ҳам ножўя таъсир ўтказмайди. Қолаверса, УТТ ёрдамида ҳомила ривожланиши, ички аъзоларининг жойлашуви, турли туғма нуқсонлар, қоғаноқ сувининг тиниқлик даражаси кабиларни ҳам аниқлаш мумкин.

Илк текширув

Ҳомиладорликнинг 12-ҳафтасида ўтказилиб, “2D” ўлчамдаги ультратовуш текшируви тасвири ёрдамида ҳомиладаги  ички аъзоларнинг шаклланиши, оёқ-қўллар ва бош чаноғининг ҳолати ҳақида маълумот олинади. Илк текширувда ҳомиланинг аниқ муддати ва тахминий туғруқ даври ҳисоблаб чиқилади. Иккинчи текширув ҳомила 18-21 ҳафталигида бажарилиб, йўлдош жойлашуви, қоғаноқ суви миқдори ва ҳолати, шунингдек, туғилажак боланинг юрак уриши тезлиги аниқланади.  Учинчи текширув  туғруқолди ҳолати бўлгани боис, асосан ҳомила жойлашуви, йўлдош ўқининг киндик соҳасидаги ҳолати, бачадон бўйни деворидаги туғруқ олди ўзгаришларни аниқлаш мақсадида амалга оширилади. Шифокорлар учун мазкур текширув аёлнинг туғруққа тайёргарлик ҳолатини аниқлашга хизмат қилади.

Скрининг шартми?

Ҳомилада юзага келиши мумкин бўлган ирсий касалликлар эҳтимолини аниқлаш, ривожланишдан ортда қолиш ва туғма нуқсонлар шаклланишини бартараф этиш мақсадида скрининг текширувидан ўтиш соғлом аёлларга ҳам тавсия этилади. Мазкур текширув орқали нафақат ҳомиладаги патологик ўзгаришлар, балки қоннинг биокимёвий таҳлили ҳам аниқланиб, яширин турдаги айрим касалликлар ҳақида аниқ маълумот олиш имконига эга бўлинади. Скрининг текшируви ҳомиладорликнинг кечишига қараб, уч даврдан бирида ўтказилади ва фақат бир марталик амалиёт саналади. Унга кўра:

  • ҳомиладорликнинг 10-14-ҳафтасидаги эрта текширув – наслий касалликлар эҳтимолини аниқлаш, хромосома ўзгаришларидан бохабар бўлиш учун амалга оширилади. Бунда ҳомиланинг биокимёвий қон таҳлили ҳам ўтказилади.
  • ҳомилада юзага келиши мумкин бўлган туғма нуқсонларни аниқлаш мақсадида 16-20 ҳафталикда ўтказилади.
  • ҳомила ривожланишининг кечки даврида юзага келиши мумкин бўлган ўзгаришлар ва бир қанча касалликларни аниқлаш учун 32-34 ҳафталикда ўтказилади.

Скрининг текширувига йўлланмани ўзингиз яшайдиган манзилдаги оилавий поликлиникадан олишингиз мумкин.

Доплерга борамизми?

Ҳомиладорлик шикоятларсиз кечаётган бўлса-да, 24 ҳафталик муддатдан сўнг юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида доплер текширувидан ўтиш барча аёлларга тавсия этилади. Бундан ташқари, агар ҳомиладорликда қандли диабет, буйрак фаолияти билан боғлиқ касалликлар, икки ёки бир неча ҳомила, гестоз, аввалги ҳомиладорликдаги салбий ўзгаришларнинг такрорланиши, кардиотокография натижаларининг қониқарли эмаслиги кузатилганида доплер текшируви бир неча марта ўтказилиши мумкин. Доплер кўриги “она-йўлдош-ҳомила” тизими асосида йўлга қўйилган бўлиб, ҳомиладаги қизил таначалар тасвирини аниқлаш имкони мавжуд.

3 «D» ва  4 «D» текширув – фарқи нимада?

 “3D” – одатий  “2D” ультратовуш текширувидан фарқли равишда уч кесимдаги тасвирни кўрсатади. Рангли тасвирда нафақат боланинг юз тузилиши ва аниқ қиёфасини кўриш мумкин, балки теридаги юмшоқ тўқима мушакларини баҳолаш имконияти ҳам мавжуд. Қолаверса, ҳомила қиёфасидаги айрим ноқисликлар, масалан, юқори лаб ва танглай кемтиклигини катталаштирилган тасвирда аниқлаш ва тиббий хулосани аниқ изоҳлаш имкониятини беради.

“4D” – “3D” ўлчамдаги текширув туридан онлайн тасвирни ифодалаши билан фарқланади. Текширув жараёнида худди кичик видеокамера ҳомила ичида ҳаракатланиб, тасвирни монитор экранида акс эттираётгандек тасаввур ҳосил бўлади. Бу усул махсус мослама ёрдамида амалга оширилади. “4D” ўлчамли текширув ҳомиладаги туғма нуқсонлар, турли шишлар, тананинг муайян қисмида сув тўпланиши каби ҳолатларни аниқлаш учун қўлланилади. “4D” текшируви икки хил кўринишда: ҳомила ҳаракатларини суратлар орқали акс эттириш ва “4D LIVE” (боланинг айни дамдаги ҳаракатларини видеотасвир орқали кўриш) турлари билан фарқланади.

“3D” ва “4D” ўлчамли ультратовуш текширувини ҳомиладорликнинг 6-7 ҳафталигидан 40 ҳафталик муддатигача ўтказиш мумкин.

Н.Илёсова тайёрлади

 


 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1