Қинғир йўл билан бойлик орттиришга интилиш, ишончга кириб уни суиистеъмол қилиш одам боласини ҳамиша ҳалокат ёқасига етаклаган. Гиёҳвандлик, ўғирлик, фирибгарлик ва энг даҳшатлиси қотиллик жиноятлари замирида, шубҳасиз, енгил даромад топиш мақсади ётади. Тошкент шаҳрида содир бўлган жиноят тафсилотлари юқоридаги фикримизнинг яққол тасдиғидир.
2014 йил 31 октябрь куни кеч соат 18-30 ларда Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказига Туркия фуқароси Эм Фуатни оғир аҳволда олиб келишади. “Кўкрак қафаси орқа чап соҳасига тешиб-кириб плеврани яралаган санчиб-кесувчи жароҳат, кўкрак қафаси орқа ўнг соҳасига тешиб кирмаган санчиб-кесувчи яра, ўнг энса ва қош соҳаларининг эзилиб-йиртилган яралари, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бурун суягининг синиши” ташҳиси билан ётқизилиб, кўрсталган биринчи ёрдам ва муолажаларга қарамай, 5 ноябр куни олган тан жароҳатлари натижасида вафот этади.
Тошкентдай катта шаҳарда турк фуқаросининг ўлдириб кетилиши билан боғлиқ жиноий иш Республика Бош прокуратураси иш юритувига олиниб, дарҳол тезкор-тергов гуруҳи тузилди. Катта терговчи Асилбек Юсуфбеков тергов-суриштирув ишларига киришди.
АВВАЛИГА ЖИНОЯТ ИЗЛАРИ ТОПИЛМАДИ, АММО...
Ҳа, тергов гуруҳининг олдида биринчи навбатда Туркия фуқароси “Оршах эв Текстиль” қўшма корхонаси раҳбари Эм Фуатнинг жонига қасд қилиши мумкин бўлган шахслар доирасини аниқлаш бош вазифа қилиб қўйилди. Текстиль корхонасида ишловчи одамлар, хорижий шериклар Эм Фуатнинг яқин одамлари билан алоқалари бирма-бир текшириб чиқилди. Телефон сўзлашувлари, ҳар куни ишга олиб келиб, уйига олиб бориб қўядиган киракаш таксичилар билан гаплашилди. Аммо, жиноят излари топилмади.
Тошкентдай катта шаҳарда чет эл фуқаросининг ўлдириб кетилиши анчайин шов-шувга сабаб бўла бошлади. Ҳар хил оммавий ахборот воситаларида, интернет нашрларда миш-мишлар болалаб кетди. Ана шундай қалтис вазиятга тезроқ ҳуқуқий баҳони бериш учун Республика Бош прокуратурасига тергов-суриштирувни янада кучайтирди.
“НЕКСИЯ”ДАГИ ПОЙЛОҚЧИЛАР
Маълум бўлишича, қотиллик қурбони бўлган Эм Фуатнинг Марғилон ва Қўқон шаҳарларида ҳам текстиль корхоналари бўлиб, у тез-тез довон орқали водийга бориб-келиб турган. Тергов гуруҳи суриштирувни энди бу томондан бошлашга қарор қилди. Фарғонлик одамлар бошқа вилоят одамларига қараганда анчайин тадбиркор, анчайин ишбилармон келади. Йўқни йўндириб, борини ундириб келадиган уддабурон халқ. Аммо улар огоҳлик ва сергаклик бобида ҳам анчайин ҳушёрроқ экан. Тергов давомида аниқланишича, Туркия фуқароси, қўшма корхоналар раҳбари Эм Фуатнинг Фарғона вилоятига қилган сафари давомида қандайдир “Нексия” автомашинаси орқасидан кузатиб юрганини қайд қилиб қўйишади.
ИШОНМАГИН ДЎСТИНГГА...
Халқимизда “Ишонганим сен бўлсанг, кўрган куним не бўлар?” — деган гап бор. Тадбиркор Эм Фуат бу – ўзбек халқ мақолининг мағзини тушунганида ўз ватандошим деб ишонган Туркия фуқароси Устун Хикмет билан олди-берди қилмаган бўлармиди? Унга қаттиқ ишониб, ишлаб чиқараётган текстиль маҳсулотларини қоп-қоплаб, орқалатиб юбормасмиди?
Маълум бўлишича, Туркия фуқароси Устун Хикмет 2013 йил бошидан юртимизга тадбиркорлик мақсадида келиб иш бошлайди. Янги жой, бегона юртда йўл топиб юришнинг ўзи мушкул. Ана шундай паллада ватандоши Эм Фуатнинг олдига келади. 1998 йилдан буён Ўзбекистон Республикасида шерикчилик билан қатор текстиль корхоналари очиб, ишончли ҳамкорга айланган Эм Фуат, Устун Хикметга оёққа туриб олиши учун беғараз ёрдамини аямайди. Ўз ватандошига одамгарчилик қилади. Ишлаб чиқараётган маҳсулотлар савдосини ишониб топшириб қўяди. Орадан бир йил ўтмай Устун Хикмет ишончни суиистеъмол қилиб, 40 минг долларлик молларнинг пулини бермай қўяди.
ЭГАСИНИ ҚОПГАН ИТ ВА БУЮРТМА УЧУН 10 МИЛЛИОН
Корхона раҳбари Эм Фуат пулини қистайверганидан Устун Хикмет дарғазаб бўлиб, пулларни қайтариш ўрнига уни йўқ қилиш йўлини излай бошлайди. Бу ҳақда аввалдан таниши бўлган қўқонлик Шерзод Ўлмасовга айтади. Шерзод эса, 10 минг АҚШ доллари эвазига Эм Фуатни ўлдиришини, ишончли одамлари борлигини айтади. Шундай қилиб, “буюртма қотиллик” учун Устун Хикмет Шерзод Ўлмасовга аввалдан 10 миллион сўм бўнак пули беради.
Халқимизда “Итнинг бошини лаганга солсанг, юмалаб ерга тушар” деган гап бор. Бу - асли ёмон яхши бўлмайди, қанча хаспўшлаб кўтар-кўтар қилсанг ҳам одам бўлмайди, иззат-ҳурматни билмайди - деганидир. Шерзод Ўлмасов 2006 йили безорилик, ўғирлик, босқинчилик ва гиёҳвандлик жиноятлари содир этгани учун жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ҳукми билан 18 йилга қамалиб кетганди. 2013 йил унга амнистия акти қўлланилиб, озодликка чиқарилган эди.
ХУМОР ҚИЛГАН ЖИНОЯТ
Шерзод Ўлмасов берилган авфни ўзига имконият деб баҳолаб, Туркия фуқароси Устун Хикметнинг буюртмасини бажаришга, яъниодам ўлдиришга жазм қилади ва ўзига жиноий шерикларни излаб топади. Топганлари билан эса, жазони ижро этиш муассасаларида танишган эди.
Жиноий гуруҳнинг яна бир аъзоси Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида туғилган Рустам Отақулов муқаддам тўрт марта судланган. Одам бўлиб бирор тайинли ишнинг бошини тутмаган бу йигитга қамалиш “қарта ўйини”дай гап бўлиб қолган. Жиноят қилмаса туролмайди, қамалиб кетмаса юролмайди.
Шокир Эшонқулов ҳали вояга етмай туриб қотиллик ва номусга тегиш жиноятлари содир этиб қамалиб кетган эди. Ҳукуматимиз бу йигитни ҳам билиб-билмай, қилмишини англаб-англамай жиноят содир қилган деб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини шартли равишда ахлоқ тузатиш жазосига алмаштириб, меҳр-мурувват қилган эди. Афсуски Шокир Эшонқулов одамийлик кўчасидан ўтмаган, тузалиш йўлига кирмаган кўрнамак бўлиб чиқди. У жазо муддати тугамай, унданда мудҳиш - қотиллик жиноятига қўл уриб ўтирибди.
БИРИ ҚУРБОН, ИККИНЧИСИ МАҲКУМ
Қотиллик қурбони бўлган Эм Фуатдан 40 минг доллар қарз бўлиб қолган Устун Хикмет пулларни қайтариш ўрнига қабиҳ ишга қўл уради. Ўз ватандошини ўлдириш учун 10 минг доллар ваъда қилиб, Фуатбей ишлайдиган корхонани келиб, кўрсатиб кетади.
Яқинда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида “буюртма қотиллик” ижрочиларига нисбатан ҳукм ўқилди. Туркия фуқароси Устун Хикмет Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 28 орқали 97 моддаси 2 қисмининг “и”, “п” бандлари билан айбли деб топилиб унга 21 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, жазонинг 3 йилини турма қамоғида ўташ белгиланди.
Судланувчилар - Ўлмасов Шерзод, Отақулов Рустам ва Эшонқулов Шокирлар ҳам Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 28- 97 моддаси 2 – қисмининг “и”, “п” бандлари билан айбли деб топилиб уларнинг ҳар бирига 21 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, шундан жазонинг 4 йили турма қамоғида ўтаттириш белгиланди.
Шерзод Ўлмасов ва Рустам Отақуловлар Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 34-моддасига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилди.
Халқимизда “Қарз берганнинг бир бети қора, бермаганнинг икки бети қора” деган пурмаъно нақл бор. Алқисса, икки турк фуқароси бизнинг мамлакатимизда “олди-берди”лар фақат қонуний асосларга таяниб иш кўргандагина ҳақиқий ҳисобланишини яхши билганида эди, бири қотиллик қурбони бўлиб, иккинчиси узоқ муддатга қамалиб кетмаган бўларди.
Афсус, минг афсус...
Жўра БОБОРАҲМАТОВ,
“Ўзбекистон” телерадиоканали бўлим бошлиғи