1

Коронавирус вақтида болалар билан қандай гаплашиш бўйича ЮНИСЕФ дан 8 маслаҳат

САЛОМАТЛИК 30.06.2020, 08:04
Коронавирус вақтида болалар билан қандай гаплашиш бўйича ЮНИСЕФ дан 8 маслаҳат

 Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси телеграмдаги расмий канали орқали болаларни коронавирусдан ҳимоя қилиш бўйича ЮНИСЕФ маслаҳатини эълон қилди.

Ҳозирги вақтда, 2019 йилги коронавирус (COVID-19) касаллиги ҳақида эшитганларингиздан ҳайратга тушишингиз жуда осон. Агар сизнинг фарзандларингиз ҳам ташвишланса, буни ҳам тушунса бўлади. Болалар учун Интернетда ёки телевизорда кўрганларини, ёки бошқа одамлардан эшитганларини тушуниш қийин бўлиши мумкин, шунинг учун улар ташвиш, стресс ва ваҳима ҳолатларига тушиб қолиши мумкин. Фарзандларингиз билан очиқ, уларни қўллаб-қувватлайдиган суҳбат уларга бундай ҳиссиётларни тушунишга ва уларни енгишга ёрдам бериши, шу билан бирга бошқаларга ҳам фойда келтириши мумкин.

1. Очиқ саволлар беринг ва тингланг

Фарзандингизга ушбу мавзуни муҳокама қилишни таклиф қилинг. Улар бу тўғрисида нималарни билганларини тингланг. Агар улар жуда кичкина бўлса ва касаллик ҳақида эшитмаган бўлсалар, ушбу мавзуни кўтаришингизга эҳтиёж йўқ. Янги қўрқувларни пайдо қилдирмасдан, шунчаки гигиена қоидаларини эслатиб қўйинг.

Хавфсиз муҳитда эканлигингизга ишонч ҳосил қилинг ва болангиз бемалол гапиришига имкон беринг. Расмлар, ҳикоялар ва бошқа усуллар болангизга суҳбат давомида очиқроқ бўлишга ёрдам бериши мумкин.

Энг муҳими, уларнинг муаммоларни эътиборсиз қолдиришга ёки уларни муҳокама қилишдан қочишга уринманг. Фарзандларингизнинг ҳис-туйғуларини қабул қилинг ва уларга бу нарсалардан қўрқиш табиий эканлигини тушунтиринг. Фарзандларингизни эътибор билан тинглаётганингизни кўрсатинг. Болалар сиз ва ўқитувчилар билан истаган пайтда гаплашиши мумкинлигини тушунганларига ишонч ҳосил қилинг.

2. Ростгўй бўлинг: ҳақиқатни болаларга улар англай оладиган тилда тушунтиринг

Болалар дунёда нима содир бўлаётгани ҳақида аниқ маълумот олиш ҳуқуқига эга, аммо катталар ҳам уларни азоблардан ҳимоя қилишлари керак. Боланинг ёшига мос келадиган тилда гапиринг, уларнинг реакциясини кузатиб боринг ва ташвишларига эътиборли бўлинг.

Агар уларнинг саволларига жавоб бера олмасангиз, жавобларни ўзингизча ўйлаб топманг. Ушбу ҳолатдан саволга биргаликда жавоб топиш учун имконият сифатида фойдаланинг. UNICEF ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти каби халқаро ташкилотларнинг веб-сайтлари жуда яхши маълумот манбайидир. Интернетдаги баъзи маълумотлар тўғри эмаслигини ва мутахассисларга ишониш яхшироқ эканлигини тушунтиринг.

3. Ўзларини ва дўстларини қандай ҳимоя қилиш кераклигини уларга кўрсатинг

Болаларни коронавирус ва бошқа касалликлардан ҳимоя қилишнинг энг яхши усулларидан бири қўлларни мунтазам равишда ювишни рағбатлантиришдир. Бу қўрқитувчи суҳбат бўлмаслиги керак. Қўл ювиш қоидаларини ўрганиш қизиқарли бўлиши учун  бирга қўшиқ куйланг ёки ушбу рақсга тушинг.

Шунингдек, болаларга йўталиш ёки акс уриш вақтида тирсак билан қандай қилиб оғизни беркитиш кераклигини кўрсатишингиз мумкин. Бу аломатларга эга бўлган одамларга яқинлашмаслик афзаллигини тушунтиринг. Болангиз ўзида иситма, йўталиш ёки нафас қисилиши борлигини сезса, сизга дарҳол айтишини тайинланг.

4. Уларни қўллаб-қувватланг

Телевизорда ёки Интернетда жуда кўп ташвишлантирувчи видеоларни кўрганимизда, баъзида инқироз бизни ҳамма жойда ўраб тургандек ҳис қиламиз. Болалар экрандаги тасвирлар ва ўзларининг шахсий воқеликларини фарқлай олмайдилар, шу боис улар ўзларини хавф остида эканликларига ишонишлари мумкин. Сиз болаларингизга имкон қадар ўйинлар билан машғул бўлиш ва дам олиш имкониятини яратиб, стрессни енгишга ёрдам бера оласиз. Одатдаги ҳаёт тарзи ва кун тартибига иложи борича кўпроқ риоя қилинг, айниқса уйқуга ётишдан олдин ёки янги муҳитда кун тартибни режалаштиришга ёрдам беринг.

Агар сиз яшаётган жойда касаллик тарқаган бўлса, фарзандларингизга бу касаллик уларга юқиши эҳтимоли деярли йўқлигини, коронавирус билан оғриган одамларнинг кўпчилиги жуда қаттиқ касал бўлмаслигини ҳамда кўплаб катталар оилангиз хавфсизлигини таъминлаш учун астойдил ҳаракат қилаётганликларини айтинг.

Агар фарзандингиз ўзини ёмон ҳис қилаётган бўлса, у уйда ёки касалхонада қолиши кераклигини тушунтиринг, чунки бу унинг ўзи ва дўстлари учун хавфсизроқдир. Баъзан бу қийин (эҳтимол, қўрқинчли ёки зерикарли) бўлиши мумкинлигини билишингизга, аммо қоидаларга риоя қилиш барчанинг хавфсизлигини таъминлаш учун муҳимлигига уларни ишонтиринг.

5. Улар ўзларига ёки бошқаларга нисбатан камситиш сезаётганларини текширинг

Коронавируснинг тарқалиши бутун дунё бўйлаб кўплаб ирқий камситишнинг ҳолатларига олиб келди. Шунинг учун фарзандларингиз камситишни бошдан кечирмаслигига ёки бундай ҳолларда иштирок этмасликларига ишонч ҳосил қилиш зарур.

Коронавируснинг инсонларнинг кўриниши, қаердан эканлиги ёки қайси тилда гаплашиши билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини тушунтиринг. Агар мактабда болаларни ёмон сўзлар билан аташган ёки қўрқитган бўлса, улар ўзлари ишонган катталарга бу тўғрисида айтишлари мумкин.

Мактабда ҳамма хавфсизликда бўлишга лойиқ эканлигини фарзандларингизга эслатинг. Қўрқитиш доим нотўғридир. Ҳар биримиз меҳрибон бўлишимиз ва бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз лозим.

6. Ёрдамчиларни изланг

Одамлар меҳрибон ва сахий бўлиб, бир-бирларига ёрдам беришларини билиш болалар учун жуда муҳимдир.

Тиббиёт ходимлари, академиклар, ёшлар ва касаллик тарқалишини тўхтатишга уринаётган бошқа инсонлар тўғрисида фарзандларингга айтиб беринг. Раҳмдил одамларнинг ҳаракат қилишлари ҳақидаги билим катта тасалли бўлиши мумкин.

7. Ўзингизга ғамхўрлик қилинг

Агар сиз ўзингизга ҳам ғамхўрлик қилсангиз, фарзандларингизга яхшироқ ёрдам беришингиз мумкин. Сиз янгиликларга қандай муносабатда бўлишингизни улар сезишади. Шу боис ўзингизни хотиржам тутишингиз ва вазиятни бошқаришингиз уларга ёрдам беради.

Агар хавотир олсангиз ёки хафа бўлсангиз, ўзингизга вақт ажратинг ва оилангиз аъзолари, дўстларингиз ва жамоангиздаги ишончли одамларга мурожаат қилинг. Дам олиш ва кучингизни тиклаш учун вақт ажратинг.

8. Суҳбатни меҳр ила якунланг

Биз болаларни азобда қолдирмаслигимизни билиш муҳимдир. Фарзандларингиз билан суҳбатни якунлар экансиз, уларнинг ҳаракатлари, овоз оҳанги ва нафас олишларини кузатиб, безовталик даражасини тушунишга ҳаракат қилинг.

Фарзандларингизга улар ҳар қандай вақтда сиз билан бошқа қийин мавзуда ҳам суҳбатлашиши мумкинлигини эслатиб қўйинг. Ғамхўрлик қилаётганингизни, улар бирор нарса ҳақида ташвишланаётган бўлса, сиз уларни тинглашга ва ёрдам беришга тайёр эканлигингизни албатта айтинг.



 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1