1

“Отамни боғлаб қўйиб, гуноҳ қиляпман...”

МУТОЛАА 12.12.2015, 13:06
“Отамни боғлаб қўйиб, гуноҳ қиляпман...”

Ушбу саҳифамизга мурожаат қилувчилар жуда кўп. Доим таъкидлаганимиздек, кимдир дардини мактуб орқали баён қилса, бошқаси қўнғироқ қилиб, дилини ёради. Аммо қалбида асраб юрганларини айтгувчилар аксарият ҳолларда аёллар бўлгани боис, эркакларнинг мурожаати бироз бизни сергак торттиради. Бу гал ҳам шундай бўлди. Ўзини Маҳмуд деб таништирган мухлис бухоролик эканлигини ва сўзларини ёзиб олишимни таъкидлади.

  • Ёзиб оляпман, гапираверинг, — дедик эркакни хотиржам қилиб.
  • Аслида буни айтмасам ҳам бўларди. Бироқ ўйлаб кўриб, демоқчи бўлганларим жуда кўп эркакларга сабоқ бўлишини ўйлаб, боғланишга журъат қилдим.

Айтмоқчи бўлганларим отам ҳақида. Отам қишлоғимиздаги доимий касби бўлган, обрўли, ҳурматли одамлардан бўлган. Ҳозир кексалик нафақасида, кўчада кўрганлар борки, унга таъзим билан салом беради.

Отам бу касбда хизмат қилган чоғларида ҳали юртимиз  мустақил бўлмаганди. Ҳайдовчи олиб кетар ва олиб келиб қўяр, биргина шунинг ўзи ҳам отамнинг обрўйини осмон қиларди.

Қишлоқнинг содда, оқкўнгил одамлари отамнинг ортидан “Катта одам”, “Формали амаки” деб гапиришар, ғурурланишар ва ҳатто ҳайиқишар ҳам эди.

Одам жуда катта лавозимда ишламаса-да, касбини ҳурмат қилгани, яхши кўргани учун ҳар тонг онамга ҳам ишонмай, кийимларини ўзи дазмоллар, туфлисини менга арттирарди. Туфлисини мойлаганимдан кейин момиқ латта билан ўн дақиқача ишқатарди. Шунақа ярқирардики, туфли...

Сўнг отам ҳовлида чанг тегмаслиги учун, оҳиста, битта-битта қадам ташлаб ишга равона бўларди. Кечки пайт эса қош қорайганда, баъзида ундан ҳам кечроқ бирорта улфатини эргаштириб келарди.

  • Товуғингдан биттасини... Тез! Ўғлим ма, сен ҳалиги кишиникига чоп, “Бўйни узуни”дан бераркансиз, дегин... — дерди уйга кирар-кирмас.

Бизнинг юрагимиз зирқирарди.

  •  Отаси, ичмай, шунчаки суҳбатлашиб ўтирсангиз-чи... — пичирларди онам шўрлик.
  •  Сен пул беряпсанми? — тишланиб гапирарди отам.

Шу билан базм бошланар, онам битта товуқни овқат қилиб олиб келар, мен ё укам ароқ келтирардик.

Шу билан ярим тунгача отам ҳайдовчиси, ҳамкасби билан “отамлашиб” ўтирарди. Баъзида ҳамкасби иккита ё учта ҳам бўларди. Ҳайдовчи уларни олиб кетарди. Ҳиқиллаб, кайфи ошиб қолган отам уларни кузатгач, уйга кириб онамга бақирарди:

  • Тур жойингдан! Нима ётиш бу? Мана булар нега ётибди?

Ярим тун бўлиб олгани учун эмас, барчамиз отамнинг улфатлари кетгунча бирон соат ухлаб олишни режа қилиб, апил-тапил ётиб олардик. Сабаби, бундай кунлари отам бизни ухлагани қўймасди.

  • Тур ҳамманг! Отага ҳурмат шуми? Мен ётганим йўқ ҳали, сизларга ухлаб нима бор? — бақирарди отам.

Яқинроқ ўтиб қолсангиз, тутиб олиб калтаклашдан ҳам тоймасди. Биз ҳам майли, онам бечорага қийин бўларди. Албатта, бирор жойи кўкармаса бўлмасди. Битта гапни такрорлаб, тоқатимизни тоқ қиларди:

  •  Нима учун? Мен ётмасдан ухлайсизлар? Отага ҳурмат шуми? Нега иккита ўғил, бешта қиз туққансан? Нега қиз кўп?

Шўрлик онам бу саволларга жавоб берса ҳам, бермаса ҳам жабр кўрарди. Биз тонг маҳалигача отамнинг зуғумларидан қочиб юрар, онам эса у кишини амаллаб ухлатишга уринар, бунинг уддасидан чиқиши мушкул бўларди. Сабаби, шунинг учун ҳам отам мижғовланарди:

  •  Нега мунча “ётинг, ухланг”, деяверасан? Ухламайман ҳам, ётмайман ҳам. Нима келади, қўлингдан? Нима? Қўшнилар менга хўжайин эмас! Ҳовли ўзимники хоҳласам бақираман, хоҳласам бўкираман! А? Болалар?! Нега улар ухлаши керак, а? Ота ўтирибдими, ҳурмати учун улар ҳам ўтиради!

Хуллас, онам у деса бу дерди, бу деса у дерди. Бир ҳам жунжикиб ташқарида уларга узоқдан қараб ўтираверардик. Қиш кунлари отамнинг бирдан қувиб солишини билганимиз учун чопонларда ётиб турар, бақирганидан югургилаб чиқиб кетардик. Жуда камдан-кам ҳолларда отам бирон соатда ухлаб қолмаса, аксарият пайтлари саҳарга яқин ётар ва бир-бир ярим соат ухлар-ухламас туриб, бир коса қатиқни симирарди-да, ишга отланарди.

Гўё қаро тун унинг кўзига парда тортган-у, оиласи, фарзандларини бегона кўрсатган, тонгнинг соф ҳавоси эса барчасини тарқатиб, унут қилгандек бошқа одамга айланарди:

  •  Онаси, бошим отилиб кетяпти, муздек қатиғингдан олиб кел. Ўғлим, сен туфлимни ярқиратиб қўй-чи?

Шукрки, бу каби ҳодисалар ҳар куни эмас, ҳафтада икки-уч бор такрорланарди. Отам ишдан ёлғиз қайтган чоғларида биз шунчалар хурсанд бўлардикки...

Чунки бунақа пайтларда у киши ичмас, меҳрибон оталар каби дастурхон бошида бирга ўтирар, бизни тезроқ дам олишга ундарди ва ўзи ҳам тинчгина ётиб ухларди.

“Шайтон суви” уни шу қадар ўзгартириб юборишига ҳайрон қолардик. Қўшнилар ҳам ҳайрон қоларди.

  •  Катта одамларнинг қилиғи ҳам қизиқ бўлади-да! Сира ишонгимиз келмайди, сизни калтаклашига, болаларини қувиб солишига, — дерди ҳамма гапдан бохабар ён қўшнимиз ҳам баъзан юз-кўзи кўкарган онамга ачиниб.

Бизнинг ҳам ишонгимиз келмас, аммо уйқусиз тунлар, онамнинг сўлғин ва бежалган юзи юрагимизни тирнар, ароққа бўлган чексиз нафратни тобора кучайтириб борарди.

Энг ёмони, отам фақат ишга борар, ўзини ва кийимларини тартибли қилишни ўйлагани учун рўзғор, уй-жойнинг кўриниши ҳавас қилгулик эмасди.

Бу йиллар ўтгани сари янада таъсирини ўтказди. Биз бўй етиб, ўзимиз ҳаммасини эплайдиган даражага келгунимизча, уйимиз эскириб, нураб бўлди. Атрофимиздаги барча уйлар янгича тус олгани сари биз ғариб ва ночор оилалар қаторидан жой ола бошладик. Кейин отам нафақага чиқди. Шу билан барчасига чек қўйилар деб ўйладик. Афсус, энди ҳар куни уйда бекор бўлган отам бекорчиликдан ҳам ичар ва жанжал авж оларди. Охири унинг номлари қаторига “Алкаш” дегани ҳам тиркалди.

Ачинарлиси, биз минг яхши бўлишга чиранганимиз билан ёмон отанинг фарзандлари эдик. Балки шунинг учундир, кўнглимиздаги қизларга ҳам уйлана олмадик. 

  • Алкашга берадиган қизимиз йўқ. Ота шу, ўғли гўр бўлармиди? — дейишди очиқча.

Сингилларимга ҳам намуна бўладиган жойлардан совчи келмади. Хуллас, биргина ароқнинг касофати етти фарзанднинг ҳам тақдирига таъсир қилди.

Биттагина қилган фойдаси, икки ўғил ҳам ароққа нисбатан кучли нафрат билан ўсдик ва оғзимизга ҳам олмадик. Ичмаймиз, чекмаймиз, “оилам” деймиз. Шукр, бировдан кам, бировдан зиёд бўлса-да, ўзига яраша турмушимиз бор.

Мен қўнғироқ қилишга ва шунча йиллик дардим тўкиб солишга ундаган нарса эса, етмишдан ошаётган отамнинг ҳамон ичиши ва кекса онамга озор бериши...

Баъзан шунчалар тўлиб кетаманки, ўзимни зўрға босаман. Бошида бир нима деёлмасдик. Энди биз ҳам отамиз, фарзандларимиз бор. Бир оиланинг эгасимиз. Шунинг учунми, ичмаган чоғларида ботиниб отамга гапираман:

  •  Ота, энди эл-юртга намуна бўладиган, маҳаллани бошқарадиган ёшдасиз. Ичганингиз нимаси? Ичганингиз ҳам майли, онамга нега қўл кўтарасиз? Шу зормандани оғзингизга олмасангиз нима бўлади?
  •  Сенга нима? Менга ақл ўргатадиган бўлдингми? Ичсам, ўзимнинг пулимга ичаман! Керак бўлса, қари бўлсам ҳам сендан кўп топаман! Вақтида ишлаб қўйганман, энди ейман-ичаман!
  •  Енг, ичинг! Лекин онамни тинч қўйинг-да!
  •  Онанг билан ишинг бўлмасин! Менинг кампирим у! Хоҳласам, ураман, хоҳласам сўкаман!

Олганим шу гап бўлади, ҳар гал. Энди-энди гарчи гуноҳ ва айб бўлса-да, ичиб келган отамни боғлаб, ётқизиб қўйяпман. Албатта, бу онамнинг соғлиғи, омонлиги учун.

  •  Ундай қилма, болам. Отангни норози қилма! Еч, майли урса урар! Шунча йил ўлмадим, энди ҳам бир нима қилмас... — дейди онам.

Мен барибир чидолмайман! Фарзандларим вояга етди. Ҳадемай уйлантираман. Бўлажак келиним олдида шундай кун кечиришни кўз олдимга келтирсам, дунёга сиғмай кетаман.

Укамнинг тинчини ўйлаб, уй солиб уни рўзғорини бўлак қилиб, ўзим ота-онам билан қолганман. Шукр, унинг оиласи ҳавас қилгулик.

Лекин менинг фарзандларим, айниқса, биттагина қизим мунғайиб қолгандек.

  • Дада, бобом ичмасин. Мактабда синфдошларим кулди, — деди тунов куни кўзларига ёш тўлиб.

Чидолмай кетдим.

Азиз эркаклар, укалар, акалар! Агар сиз ҳам билиб-билмай “шайтон суви”га ошно бўлаётган бўлсангиз, дарҳол узоқлашинг! Менинг ҳаётим бир сабоқ бўлсин, сизга! Ароқ фақат ичаётган одамни эмас, унинг авлодлари, ширин фарзандлари, неваралари дилини ҳам вайрон, келажагини барбод қилади. Дилбандларингизнинг кўкрак кериб юришини истасангиз, фақат ибратли нарсаларни ўзингизга сифат қилиб олинг! Шуларни айтиш, эркакларни ҳушёрликка чорлаш учун мурожаат қилгандим. Тинглаганингиз учун раҳмат!

Очиғи, биз бу мухлис билан хайрлашишга ҳам улгурмадик. У дарҳол гўшакни қўйди  Лекин ўзидан сўнг сиз каби бизни ҳам мулоҳазага, мушоҳадага тортди.

КАМИНА ёзиб олди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1