1

“Меҳрингизни сезмаган эканман...”

МУТОЛАА 21.12.2015, 11:21
“Меҳрингизни сезмаган эканман...”

Биз баъзан ўзгалар тинчлиги, гоҳида ўзимизнинг осойишталигимиз учун кўп нарсани қалбимизда асраймиз. Қуйидаги воқеани сўзлаб берган онахон эса барчасини фарзандининг келажаги учун юрагида сақлаган...

Саодат холанинг бошига оғриқ кирди. Кўзларини чирт юмиб, пича ўтирди-да, ўрнидан қўзғалди. Гугурт донасини олиш учун қоғоз қутичани пайпаслаётган бармоқларини титраётганини кўриб хўрлиги келди:

“Олтмишга кирмай Гулсум кампирга ўхшаб, каллам лиқиллаб қоламан-ов! Гулсум момо ҳам саксондан ошгани учун бошини тута олмас, менга нима бўлди? Момо етим ўстирган, тағин саккиз боласидан учтасини ўзи яқин-яқинларда ерга қўйди. “Менинг гўримга эга бўлган болам-о-о”, деган чоғларидаёқ бир жонидан минг тола узилгандир? У кишининг ёшига, дардига қалтироқлик ярашади. Мен-чи?”

У қўлидаги гугуртга тикилиб, жим қолди.

— Нега келгандим, ўзи? — сўнг деди газ олдида турганидан ажабланиб.

“Миям ҳам қолмади. Бошим ёрилиб кетай деяпти. Айтганча, аччиқ кўк чой ичмоқчи эдим...”

Хола газга чой қўйди-да, ошхонада пича туриб, яна хонасига йўл олди.

— Бизни портлаб ўлсин дедингизми? Чойнакдаги сув қайнаб, тўкилиб газни ўчириб қўйибди-ку! Тавба, атай қиласизми? — бу гаплардан Саодат хола гангиб қолди. Кўзларини очаркан, овоз уйқусидами, ўнгидами англолмади. Боши қизиб, ўзини лоҳас сезди. Бу вақт ичида келини зарб билан эшикни очди: — Агар ҳозир ҳидни билмай гугурт чаққанимда борми, портлаб кетардим. Сиз жўрттага қиласиз. Тағин ким ёмон, мен ёмон. Ўзингиз айтинг энди, айб кимда?

— Айб менда болам, менда. Бошим оғриётганди. Ётибман-у, кўзим илинибди.

— Икки пиёла чой учун чойнакни оғзи-бурнигача тўлдириш шартмиди? Ярим қилиб қўйсангиз, тошмасди суви, — шанғиллашдан тўхтамасди Нозима.

— Шуни сендан яхшироқ билсам керак. Ҳарқалай, сендан бир-икки кўйлакни олдин йиртганман. Айтдим-ку, бошим оғрияпти. Хаёл олиб қочганда... — жаҳли чиқди қайнонанинг ҳам. — Мен сенинг боланг эмасман-ку! Намунча бақирмасанг?!

Бунга жавобан келин эшикни унинг юзига тарсиллатиб ёпди.

Саодат холанинг яна мияси қизигандек бўлди.

“Қон босимим чиқяпти, шекилли”.

Ўрнидан қўзғалмоқчи эди, бўлмади. Боши гувиллаяпти.

У баъзан келинидан жуда қаттиқ хафа бўлган чоғларида ўғлига ҳаммасини айтиб бермоқчи бўлади. Лекин истамайди. Айтса, кимга қийин бўлади, ўғлига... Икки ўт орасида қолади-да.

“Тавба, унгача икки келин тушириб, рўзғорини бўлак қилдим. Улар билан ҳам орамиздан ола мушук ўтиб турарди. Лекин ҳеч бири Нозима каби тили заҳар, бетга чопар эмас. Неча бор тарбияламоқчи бўлдим. Насиҳат қилдим, фойдаси йўқ. Хаёлида мени душман деб билади...”

Шуларни ўйларкан, оғир уҳ тортди аёл.

— Нозима-а-а — ўтирган жойидан бақирди хола. — Нози-и-и.

Ҳовлидан келиннинг “ҳа-а” деган заҳарханда овози келди.

— Бу ёққа қара...

Қовоғи кўзини тўсгудек осилиб, эшикдан мўралади Нозима:

— Нима дейсиз?

— “Газни ўчирдингиз”, деб чой бермайсанми, энди? Қон босимим чиққанга ўхшайди. Қутисига “95” деб ёзилган кўк чойдан дамлаб бер.

Келин бир оғиз гапирмай эшикни ёпди. Зум ўтмай, кичкина боласини кўтариб, каттасини етаклаб кириб келди:

— Буларга қаранг бўлмаса...

Иккига кираётган Зарнигор бувиси томон чопқиллади. Олти ойлик Шаҳзод эса онасининг бўйнидан қучиб, бу ерда қолишни хоҳламаётганини билдирди. Ўғлининг қўлчаларини юлқиб узаркан, қайнонасига тутқазган Нозима тўнғиллади:

— Ишим қайнаб ётганда буларнинг ҳам жағи очилди. Сиз ҳам асабимни ўйнадингиз.

Саодат холанинг ғазаби қайнади. Аммо ичига ютди. Бироздан сўнг чойнак кўтариб келган келин пиёла йўқлигига парво ҳам қилмай чиқиб кетди.

— Буни қўлимга қуйиб ичаманми? — бақирди Саодат хола.

Нозима эшитмади, ё эшитмаганга олди. Ўн дақиқача кутган қайнона ўрнидан туришга мажбур бўлди. Эшикдан чиқишга улгурмай Шаҳзоднинг жон аччиғида чинқирганидан юраги ҳалқумига келди.

— Вой ўлмасам, шўрим қурсин — чойнакни тортиб юбориб, қорни, оёқларини куйдираётган қайноқ чой устидан қочолмаётган неварасига кўзи тушиши билан Саодат холанинг ҳуши бошидан учди. Учиб келиб, гўдакни кўтараркан нима қилишини билмасди. — Нозима! Нозима деди-и-м!

— Болам, бол-а-а-м. Энди нима қиламан? — аввалига қўл-оёғининг қалтироғини боса олмай ўзини йўқотиб қўйди Нозима. Кейин эҳтиётлик билан боласининг кийимларини ечаркан, қайнонасига ўшқирди: — Атай қиляпсизми? Аламингизни шундан олдингизми? Гўдак-ку, бу.

Саодат хола индамай эшикка югуриб, аввал “Тез ёрдам”га, кейин ўғлига қўнғироқ қилди. Картошкани қиришга киришди. Ичкаридан келаётган неварасининг овози юрагини ачиштириб, йиғлашга тушди:

— Чой ичмай ўлай. Ишқилиб, ёмон куймаган бўлсин. Энди нима қиламиз-а?

— Тиш пастасини олиб келинг, ойи — ичкаридан бақирди келин.

Хола қирилган картошкани кўтариб чопди. Нозиманинг ҳам кўзлари ёшли эди.

— Ма, ўзинг қўй, — қарашга юраги чидамай узатди қайнона.

— Тиш пастаси дедим. Жўрттага қиласиз, сиз. Менда қасдингиз бор, — ғазабини босолмасди Нозима.

Саодат хола ортига бурилди. Тиш пастасини олиб қайтаётганида ўғли ҳаллослаб кириб келди. Ҳамон чириллаётган ўғлига қараб, Нозимага бақирди:

— Қарасанг ўласанми? Нима қилдинг?

— Мен эмас, онангиз. Қараб туринг, деб ташлаб чиққандим. Ўз боламни куйдираманми, мен?!

Қолган гап Саодат холанинг қулоғига кирмади. Деворга суянганча, кўзларини юмди. Буни ўғли бошқача тушундими, гина қилди:

— Ойи, қарасангиз бўлмасмиди?

Улар югургилаб шифохонага кетишди. Саодат хола эса Зарнигорни бағрига босди:

— Бувингга нима бўлди, болам? Мен-ку, атай қилмадим. Шаҳзод ахир неварам-ку!

Унинг кўнгли чўкди, дили оғриди.

“Ўзи бошида келиннинг феълини ўғлимга айтсам бўларкан. Қишнинг бошида икки кун иссиғим чиқиб ётди. Бир бор “Нима ейсиз? Нима бўлди?” деб кирмади. Кечки пайт ўғлим келар вақтга овқат ейишга зўрға чиққанимда ҳам индамадим. Қўшниларга чиқиб ёмонлади. Кошки, улар мени билишмаса... “Қайнонангиз яхши аёл”, дейишганига чидолмай, мен билан жанжаллашди. Қўл силтадим. “Уйдаги бор нарсани қизингизнинг сумкасига тиқасиз”, деб меҳмонга келган ёлғизгина қизимни ҳам мулзам қилди, тишимни тишимга босдим. Мана оқибат нима бўлди? Бошимга чиқди. Неварамни атай куйдирган бўлдим!”

У ўғли келса, барчасини айтишни кўнглига тугди. Лекин хуш кайфиятда кириб келган фарзандининг дилини хира қилгиси келмади. Бор аламини юрагига беркитди.

— Териси сал қизарибди. Қалин кийимлари асрабди, ойи. Иссиғига чидолмай чинқирганда буям, — деди ўғли Шаҳзодни тутқазиб.

— Эркатойим, тойчоғим — кўзларига қуйилиб келган ёшни яшира олмай неварасини бағрига босди хола. — Нозима қани?

— Дарвоза олдида қўшни билан гаплашиб қолди.

Шу пайт қўшни аёл югуриб келди:

— Тез қаранг, Нозима музда сирпаниб йиқилганди, туролмаяпти...

“Фалокат кўз билан қовоқ орасида”.  Нозиманинг оёғи синибди.

— Бир ой умуман оёқ босманг. Уч ойдан сўнг оламиз, — деб шифокор гипслаб юборибди.

Рўзғор юмуши ҳам, икки невара ташвиши ҳам Саодат холанинг гарданига тушди.

— Сенга бугун мол оёғини қайнатиб бераман. Эрингга тайинладим. Синган жойга фойдаси катта, — дейди хола келинига.

— Дўхтир “қимирлама”, деган қимирлама. Нима қилгинг келса, ўзимга айт. Тортинма — тайинлайди ҳар куни.

— Болаларни ухлатдим. Сен ҳам мизғиб ол, чуғурлаб бошингни оғритгандир? Касалга шовқин ёқармиди? — меҳрибонлик қилади тағин.

Нозима эса кундан кун маҳзун тортади. Охири бўлмадими, “ёрилди”:

— Ойи... сизни кўп хафа қилганман-а? Бунчалик меҳрибонлигингизни билмаган эканман...

— Рўзғорда бўлади-да, болам. Сен ўғлимнинг ортидан келган боламсан. Меҳр бермай, қаҳр қилайми? — парво қилмасликка уринди Саодат хола. Бироқ юраги тубида сақлаб келаётган изтироблари бош кўтаргандек бўлди. Хола яна ичига ютди: “Мана, у тушуниб етяпти-ку. Шунинг ўзи катта гап. Эски гапни қўзғаб нимага ҳам эришаман?!”

Наргиза УСАНБОЕВА

 

 

 

  

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1