АсосийSUG'DIYONA

УТТ, СКРИНИНГ, ДОППЛЕР — нарх, фарқ, фойда ва зарар

Қуйида бугунги кун замонавий тиббиётида кенг қўлланилаётган ултратовуш текширувлари, уларнинг фойда ва зарари ҳамда нархлари ҳақида маълумот беришга қарор қилдик.

УТТ қандай ўтказилади?   

   Яқинда ҳомиладор дугонам тез-тез боши айланаётгани, ҳомиланинг жуда кўп қимирлаётганидан шикоят қилганида шифокор унга ультратовуш, допплер текширувидан ўтишни маслаҳат берган. Шифокор берган йўлланма билан шаҳардаги хусусий клиникалардан бирига текширувга борганда салкам 9 ойлик ҳомила бўйин соҳасида ўқига ўралиб қолгани маълум бўлади. Ҳомиланинг ўқига ўралиб қолиши, бош айланиши, боланинг тез-тез типирчилаши эса она ва ҳомила ўртасидаги “йўлларда” қон айланишининг бузилиши, кислород етишмаслигига олиб келаётган экан. Шифокор унга муаммони бартараф қилишга ёрдам берувчи машқлар ва муолажаларни буюрди. Шундан сўнггина дугонам хотиржам бўлди.

Буни қарангки, агар шу допплер текшируви бўлмаганида у хавфдан бохабар бўлмасди, бу эса йўлдош кўчиши, туғруқнинг олдин бошланиши, ҳомила табиий йўл билан эмас, кесарча йўли билан туғилишига олиб келиши, боланинг бўғилиб қолиши, ҳатто нобуд бўлишига сабаб бўлиши ҳам мумкин эди. Шу воқеадан сўнг УТТ (УЗИ), Допплер, Скрининг текширув усуллари ҳақида батафсил маълумот тўплаб, бу текширувларнинг вазифаси қай ҳолатларда тавсия этилиши, фойда ва зарари ҳақида сиз мухлисларга маълумот беришга қарор қилдик.

    Бошқа ультратовуш текширув усулларидан фарқли УТТ ҳомиладорликнинг ҳар уч босқичида ўтказилади. УТТ оғриқсиз ва хавфсиз бўлиш билан бирга қолган барча текширувлар орасида биринчилардан пайдо бўлган усуллардан саналади.

Бу текширувнинг ўртача нархи 6 000 сўмдан  40 000 сўмгачадир.

Ҳомиладор аёлга УЗИ асосан 5 ҳолатда тавсия қилинади:  

  • Ҳомилани диагностика қилиш.
  • Ҳомиланинг муддати.
  • Ҳомилада туғма нуқсонларнинг бор ёки йўқлигини аниқлаш.
  • Ҳомиланинг жойлашишини текшириш.
  • Бачадонда айнан нечта ҳомила борлигини аниқлаш.

Ҳомила пайдо бўлиб то бола туғилгунига қадар 3 мартагина ушбу текширувдан ўтиш мумкин. Тўртинчи текширув шифокор томонидан керак деб топилгандагина белгиланади. Ўзбошимчалик билан кўп марта бу текширувдан ўтиш болага салбий таъсир қилиши мумкин.

3D ВА 4D УТТ НИМА?  

     3D форматидаги УТТ бугунги кундаги энг замонавий текширув турлари сирасига киради. Нархи 17 000 сўмдан 40 000 сўмгача.

  • Айнан шу текширув ёрдамида УТТда кўриш мумкин бўлмаган нуқсонларни яққол кўриш мумкин.
  • Унинг оддий УТТдан фарқи шундаки рангли тасвирда кўрсатиш билан бирга у бола ҳаракатини тўлақонли намоён этади.
  • 3D ва 4D УТТ тасвирларни керакли нуқтада тўхтатиб, бўлажак ота-онага боланинг турли кўринишдаги суратларини олиш ёки видеотасвир ҳолатида DVD, СD дискларга ёзиб олиш имкониятини беради.
  • Бола танасидаги кўриш қийин бўлган жойларигача кўриш имконияти бор.
  • Боланинг ҳаракати, юз тузилиши, айни дақиқада нима қилаётгани кабиларни кузатиш мумкин.

Ноқулайлиги шундаки, оддий УТТ текшируви учун 15 дақиқа кифоя қилса, 3D ва 4D УТТ учун 30-45 дақиқа вақт керак бўлади;

Агар текширув вақтида бола орқаси билан ётгани маълум бўлса, уни тўлақонли текшириш мумкин бўлмаслиги мумкин.

Билиб қўйган яхши   

·                     Ультратовуш текшируви ҳомиладорликнинг ҳар уч ойлигида ўтказилиши лозим.

1.                  11-13 ҳафтада;

2.                  18-21 ҳафтада;

3.                  30-32 ҳафтада.

Агар ҳомила биттадан кўп бўлса буни ҳомиладорликнинг илк 5-6 ҳафталарида аниқлаш мумкин.

  ДОППЛЕР  

УТТ допплер ҳам ультратовуш текшируви турларидан бири саналади. Тиббиётда бу текширув допплер, допплерография, допплерометрия, рангли допплер деб аталади.  Допплер асосан бачадон-йўлдош-ҳомила ўртасидаги қон томирларни томирларни текшириш, қон айланиш жараёнида кечаётган ҳолатларни аниқлаш учун кенг қўлланилади ва тавсия қилинади. Чунки ушбу уч нуқтадаги қон айланиши боланинг саломатлигига катта таъсир кўрсатади.

Нархи тахминан 20 000 сўмдан 45 000 сўмгача.

Ҳомиласи 32-34 ҳафталик бўлган ҳар бир аёл ушбу текширувдан ўтиши шарт.

Допплер текширувидан ўтиш керак агар...   

  • Допплер текшируви ҳомиладорликнинг 20-21 ҳафтасидан бошлаб ўтказилади. Бу муддатдан олдин ўтказилган текширув эса ҳақиқий саналмайди.
  • УЗИ маълумотларига кўра боланинг ўлчамлари ҳомиладорликнинг маълум ойига тўғри келмаяпти деб топилса;
  • йўлдошда нуқсон борлиги ёки бачадондаги сувнинг ҳажми кўп деб тахмин қилинганда;
  • ҳомиладор аёл анемия,  қандли диабет, жигар касалликлари, қон босимининг кескин ва тез-тез ошиши, грипп кабиларни бошидан ўтказаётгани аниқланганда.

    Бошқа янгиликлар