Дунёдаги энг шов-шувли жиноятлар

ЖИНОЯТ 07.01.2016, 14:41
Дунёдаги энг шов-шувли жиноятлар

ҚОЙИЛМАҚОМ ЎҒИРЛИК

1968 йил, 10 декабр. Япония, Токио. Nihon Shintaku Ginko банкининг тўрт нафар ходими машинада Toshiba компанияси ходимлари учун аталган 300 миллион иенани олиб кетаётганди. Тўсатдан уларни мотоцикл минган полициячи тўхтатди. Жиноятчилар банкни портлатиб юборгани, машинага ҳам бомба ўрнатилганини айтганида, банк ходимлари саросимага тушди. Полициячи уларни машинадан тушириб, кўздан кечира бошлади. Бир маҳал машинадан тутун чиқа бошладию, банк ходимлари ўзларини четга олишди. Фурсатдан фойдаланган полициячи машинага ўтириб, жуфтакни ростлади... Тергов давомида 100 мингдан ортиқ гумондор сўроққа тутилган бўлса-да, куппа-кундузи 300 миллион иенани ўмариб кетган «полициячи» топилмади.

 “КОНЦЕРТ”НИНГ ЎҒИРЛАНИШИ

1990 йил, 18 март. Бостон. Ярим тунда полиция кийимидаги икки ўғри мумтоз ва замонавий санъат асарларига бой Изабелла Стюарт Гардер музейининг эшигини тақиллатиб, чақирув бўйича келишганини айтишади. Аслида бу пайтда қўриқчилар эшикни очмаслиги керак эди, бироқ улар ёш ва тажрибасизлик бўлгани учун эшикни очишган. Ичкарига кирган «полициячилар» икки қўриқчини ҳам ертўладаги трубага қўлидан кишанлаб қўйишади ва музейдан умумий қиймати 500 миллион доллар бўлган 13 та экспонатни олиб чиқиб кетишади. Музейнинг туналгани эрталаб, учинчи қўриқчи смена алмашишга келганида ошкор бўлади... Ўғирланган асарларнинг жойи ҳамон бўш. Уларга доир ҳар қандай маълумот учун 5 миллион доллар ваъда қилинган.

ЭЙФЕЛНИ СОТГАН ФИРИБГАР

Бугун Франция рамзи бўлган Эйфель минораси бир пайтлар бир уюм темир сифатида металлоломга топширилишига бир баҳя қолган. Дунёдаги энг истеъдодли товламачи деб тан олинган Виктор Люстиг ўтган асрнинг бошларида Эйфель телеминорасини сотди...

Битимлар жуда тез ва ҳеч қандай тўсиқсиз тузилди. Минора «Пуассон» фирмасининг эгаси Андре Пуассонга сотилди. Эйфелнинг бузилмаслиги маълум бўлганда эса Люстиг чамадон тўла пул билан аллақачон Венага қочиб кетганди. Қизиғи шундаки, орадан бир неча йил ўтиб, Люстиг яна Парижга қайтади ва иккинчи марта Эйфелни сотиш ҳаракатига тушади. Ўша усул, ўша қоидалар билан. Аммо бу гал унинг иши юришмайди.

MasterCardдаги босқинчилар

2005 йилнинг ёзида фирмалар ва банклар тўловлари бўйича ишлайдиган CardSystems Solutions Inc. процессинг марказига ҳужум оқибатида MasterCard International ва Visa компаниялари каттагина зарар кўрди. Хакерлар вирус ёрдамида 40 миллионта кредит картаси ҳақидаги маълумотларни ва деярли 3 миллион долларни ўзлаштиришган. Айрим мутахассислар бу жиноятга MasterCard ходимлари ҳам аралашган, деган хулосага келишган.

 АҚШ банкларидан 70 миллион доллар ўғирланди

«Шарқий Европа хакерлари АҚШ банкларидан 70 миллион долларни ўғирлади!» Бу гап 2010 йилнинг кузида кўплаб оммавий ахборот воситаларининг бош сарлавҳасига айланди. Ўшанда Citigroup банкидан 3 миллион доллар ўғирлаган 6 нафар хакер ушланган эди. Аммо тергов чоғида ўмарилган сумма 70 миллион доллар эканлигини аён бўлди. ФҚБ маълумотига кўра, хакерлар яна 220 миллион долларни ўғирламоқчи бўлишган. Бу жиноят бўйича 20 киши қўлга олинган. Хакерлар электрон почта ёрдамида Citigroup Inc. гуруҳига кирувчи бешта банкка ZeuS Trojan вирусини юқтиришган ва ҳисобларнинг паролларини ўзлаштиришган.

 ҚАЛБАКИСИ АСЛИДАН ЯХШИМИ?

Россиялик саноатчи – Демидовлар ўз заводларида шоҳ тангаларини шунчалик ўхшатиб ясашганки, анча вақтгача иккала пуллар ҳам бемалол ишлайверган.

Наполеон Россия иқтисодини емириш учун махсус устахона қурдиради ва қалбаки рубллар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Бу пуллар шу даражада сифатли эдики, хом-ашёси асл рубллардан ҳам сифатлироқ эканлиги туфайли ҳам сезилиб қолади.

 ҚАРИНДОШИ ПАНД БЕРДИ

Польшалик қурувчи-муҳандис Чеслав Боярски 16 йил давомида қалбаки пул ясайверсада, қўлга тушмади. Ниҳоят эҳтиётсизлиги унинг ҳам бошига етди. 1966 йилда ишлаб чиқариш жараёнига қариндошини жалб қилди ва унга ҳам табиийки ўз пулларида ҳақ тўлади. Қариндоши эса бу пулларга қимматли қоғозлар сотиб олди ва кузатув остига тушди ҳамда охир оқибат Боярскини ҳам тутиб берди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1