Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси раиси Алишер Қодиров шаклан эмас, мазмунан замонавий мактабга эга бўлиш учун халқ таълими тизимини қандай ўзгартириш кераклиги ҳақида ўз фикрларини билдирди.
" -- Ўқитувчи ўз ишини завқ билан амалга ошириши керак. Ўтадиган мавзуси бўйича дунёда бир соат аввал қандай янгилик бўлган бўлса, шуни ҳам биладиган даражада фаол бўлиши зарур.
Мактаб бошқаруви ўқитувчидан самарали фойдаланиш учун унга замонавий воситалар ва шинам муҳит яратиб бериш ҳақида ўйлаши керак. Ўқитувчи дарсини бериб бўлдими, хоҳласа кутубхонага, хоҳласа уйига кетсин. Қаер унинг учун қулай бўлса, ўша ерда эртага бўладиган дарси ҳақида ўйласин, ўтган дарсларини ҳисоботини тўлдириш хақида эмас! Ўқитувчи рақобатбардош бўлиш учун вақтини беҳудага сарфламайди, хавотир олманг.
Ҳар бир мактаб, штатига зарур сонда кузатувчи экспертлар (20 та синф бўлса 20 нафар, 30 та синф бўлса 30 нафар) ишга олиниши керак. Ҳар бир дарсга битта эксперт. Улар тажрибали, нафақадаги педагоглар ёки педагогикани яхши биладиган мутахассислардан иборат бўлиши мумкин. Экспертлар ўқитувчилик қила олмайди. Муҳим жиҳати, экспертлар кундалик ротация тизими асосида ишлаши, штат бўйича бир мактабдан ойлик олиб, кузатувни бошқа мактабда олиб бориши ҳам мумкин бўлади. Бу холисликни таъминлайди, қолаверса, 200-300 мингта янги иш ўринлари ҳам яратилади.
Дарсни кузатиш учун ҳар бир синфга камера ўрнатилади. Ҳар бир мактабда кузатув-таҳлил хоналарида экспертлар ишлайдилар. Ҳар бир дарсни битта эксперт кузатади ва аввалдан белгиланган мезонларга мувофиқ, махсус дастурга ўқитувчининг маҳорати ва ўқувчининг фаоллиги хақида маълумотлар киритади. Ҳар бир ўқитувчи ва ўқувчи дастурда ўз кодига эга бўлади, шу коднинг рейтинг базаси ўқитувчи учун маош ҳисоблашда, ўқувчи учун эса ойлик ва чораклик рейтинг баҳосини ҳисоблашда асос бўлади. Маълумотлар уч ой сақланади ва эътирозларни таҳлил қилиш учун фойдаланилиши мумкин. Ўқитувчи рейтинг натижаларига кўра маош олади. Ҳар бир дарсда юқори кўрсаткичга эга бўлган ўқитувчи кўп маош олсин, камроғи камроқ, ўқитувчилик қўлидан келмаётган ўқитувчи рақобатдан чиқиб кетаверсин.
Шунда ўқитувчини энг кўп вақтини олаётган - болани билимини баҳолаш ва журнал тўлдириш машаққатидан озод қилган бўламиз. Ўқитувчи дарсини беради, эксперт ўқитувчини ҳам, ўқувчини ҳам баҳолайди. Дарс бериш алоҳида, ўқувчини билимини баҳолаш, мунтазам қайд этиб бориш, чоракликлар чиқариш, камига ота-оналар билан тортишиш алоҳида машаққат. Ўқитувчининг энг оғир юки аслида шу. Ҳафтасига бир марта олинадиган ёзма вазифаларни ўқитувчи текшириб баҳолаб бериши мумкин.
Ўқитувчининг иши мавзуни болаларга қизиқ ва аниқ тушунтириб беришдир. Ўқитувчининг иши ва ўқувчининг ўзлаштириш даражаси бир-бирига боғланмаслиги керак. Ўзлаштириши қийин, уқуви йўқ ўқувчилар учун ўқитувчи жавоб бермасин. Рейтинг баллари паст бўлган ўқувчилар кейинги синфда қайтадан ўқийди. Бу ўқувчилар учун ҳам мотивацион ҳам жазоловчи омил бўлади.
Ўзлаштириш даражаси паст бўлган болаларнинг ота-оналари билан синф раҳбарлари алоҳида иш олиб боради. Синф раҳбарлари фақат “Тарбия” фани ўқитувчиларидан иборат бўлиши жуда муҳим. Қолган ўқитувчилар тарбиячилик қилмаслиги керак. Муҳим жиҳати, мактабдаги бир синфга (А, Б, В ҳаммаси) битта синф раҳбари бўлиши керак. У ҳам “Тарбия” дарсини ўтади, ҳам синфларга раҳбарлик қилади. Тарбиячи оддий ўқитувчилардан кўра 50-70 фоиз кўп ойлик олиши керак.
Бундай тизим 5-6 синфлардан бошлаб ўқувчиларни категорияларга ажратиш учун ҳам шароит яратади. Илмга қобилияти борларни алоҳида, ҳунар ёки тадбиркорликка қобилияти борларни алоҳида дастурлар асосида тайёрлаш имконияти юзага келади.
Мактабда замонавий технологиядан кенг фойдаланадиган ўқитувчи, замонавий шароитларда болалар билан ишлаши керак. Шунда биз шаклан эмас, мазмунан замонавий мактабга эга бўламиз," деб пост қолдирган партия раиси.