1

Юздаги доғ хасталик белгисими?

САЛОМАТЛИК 25.01.2016, 15:59
Юздаги доғ хасталик белгисими?

“Буйрагим шамоллаб қолганидан кейин юзимга доғ тушди. Ўнг тараф ёноқдан бўйинга қараб йўналган, оч жигарранг. Пардоз қилсам ҳам билиниб қолаяпти. Косметологик муолажаларни олдим, аммо фойда қилмади. Эшитишимча, юздаги доғ ички хасталик сабаб юзага келиши ҳам мумкин экан. Шу ростми? Доғни кеткизса бўладими?”

Комила, Тошкент вилояти

 — Юз тузилиш, ҳолати ва кўринишига қараб ташхис қўйиш тиббиётда оммалашган усуллардан бири. Зеро, юз соҳасига доғ тушиши, ҳуснбузар ёки тошма чиқиши ўз-ўзидан содир бўлмайди. Одатда мазкур ҳолат бир қатор омиллар билан тахмин қилинади. Жумладан:

Гормонал баланс мувозанати ўзгариши (кўпинча хомиладор аёлларда, юз, бўйин ва қорин соҳасига доғ тушиши билан кузатилади);

Пешоб ажратиш йўли ҳамда жигардаги ўзгаришлардаги тери пигментацияси (қўл кафти юзасидаги майда доғлар, юз  ёноқларига ёйилгани);

Қалқонсимон без фаолиятидаги ўзгаришлар, сийдик қопи яллиғланиши, авитаминоз ҳам доғ юзага келтириши мумкин. (Пешона икки чаккаси, қўл кафти ёки оёқдаги доғ);

Қуёшда узоқ вақт тобланиш меланин синтезини фаоллаштиради. Бу эса асосан  юзда доғ пайдо бўлишига олиб келади. (Ёноқ, бурун атрофидаги доғ, куракдаги майда сепкил);

Стресс ва асабийлик. Маълумотларга кўра асабий кишиларда доғ пайдо бўлиши кўпроқ кузатилади. (Бўйин соҳаси, қулоқ атрофида юзага келган доғлар);

Ташқи  муҳит таъсири, иш фаолияти  кимёвий моддалар билан боғлиқ бўлса, нотўғри танланган пардоз воситалари, ўринсиз бажарилган косметик муолажалар ҳам доғ тушишига олиб келади.

ТУРЛАРИ

Тиббиётда доғларнинг бир неча  турлари тасниф қилинади. Хусусан:

Хлоазма – оч жигарранг доғ. Юзаси силлиқ ва аниқ чегараланган бўлиб, асосан сон, қорин ва юзда пайдо бўлади. Хомиладорлик, жигар касалликлари, узоқ вақт контрацептик воситалардан фойдаланиш таъсирида юзага келиши мумкин.

Дисхоромия – ёйилган кўринишдаги доғ бўлиб, пешона ва ёноқларда учрайди. Лаб атрофидаги хлоазма эса симметрик ўлчамга эга бўлиб, даволанилмаган тақдирда дахан ва бурун атрофига ҳам тарқалиши мумкин.

Лентиго – думалоқ кўринишдаги, сарғиш-жигарранг доғ. У ўсмирлик,   кексалик ва қуёш нури таъсирида юзага келадиган турларга бўлинади. Кўпинча бўйин соҳасида кузатилади, узунлиги 15 мм.

КЎЗГУГА БОҚИНГ

Кўзгу қаршисига туриб, юзингизга диққат қилинг: ранги тиниқми, ҳуснбузар ёки тошма бўлса, катталиги, ҳолати ва миқдори қанча? Доғни кўрсангиз  унинг ўлчами ва юзнинг қайси қисмидан жойлашганига қаранг. Ишониш қийин, шундай бўлса-да,  юзнинг ҳар бир қисми ички аъзоларнинг у ёки бу тури билан боғлиқ бўлиб, ундаги ўзгаришларни ўзида акс эттиради. Масалан, ошқозон-ичакларда муаммо бўлса, юз ёноқларининг  ўрта қисмида хуснбузар пайдо бўлади. Безовталик сурункали тус олиб, хасталикка айланса, доғ пайдо бўлиши ҳам мумкин.

ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

Қўл кафтидаги доғлар биттадан бир нечтагача пайдо бўлиши мумкин. Курак ёки бўйиндагиси эса думалоқ, чўзинчоқ ёки ёйилган кўринишда учрайди. Оёқда ҳосил бўладиган доғлар асосан, тизза атрофи, оёқ кафти юзаси ёки болдирда учраши мумкин.  Ортиқча безовталик бўлмагани боис доғ бор-йўқлиги билинмайди. Фақат ташқи тарафлама ёқимсиз кўринади. Аммо тери касалликлари сабаб юзага келган доғда қичишиш ёки бошқа безовталиклар ҳам бўлиши  мумкин.

НИМА ҚИЛАСИЗ?

Юз ёки тананинг бошқа қисмларида доғга кўзингиз тушган заҳоти унинг ўлчамини эслаб қолинг. Кейинги кунларда эса катталашиши, кенгайиши, шакл олиши ёки кўпайиши каби ҳолатларни кузатинг. Агар доғ кўпайса ёки катталашиб борса, албатта мутахассисга учранг.

ДАВОЛАСА БЎЛАДИМИ?

Ҳозирда доғларни кетказиш учун мўлжалланган турли воситалар талайгина. Аммо муаммонинг асл сабабини билмай туриб, фақат ташқи тарафлама даволаш фойда бермайди. Косметолог ёки  дерматологга мурожаат  қилишдан аввал терапевт  кўригидан ўтиб, жигар, буйрак, юрак, умуман ички аъзолар фаолиятига доир таҳлиллар бажарилиши мақсадга мувофиқдир. Шунда, масалан, муаммо буйракда бўлса, аввал ушбу аъзодаги ўзгаришлар даволаниб, сўнг доғни кетгазиш усуллари кўриб чиқилади.

ҚАЙТАЛАНСА-ЧИ?

Керакли таҳлиллар ўтказилгач, аниқланган ички касалликлар даволанса, доғ кўринишида ҳам ўзгариш бўлади. Буткул йўқотиш учун эса мутахассис назоратида мезотерапия, плазмотерапия, озонотерапия, карбокситерапия, пилинг ва бугунги кунда самарали таъсирга эга замонавий лазер нури ёрдамида бажариладиган муолажалар ўтказилади. Ҳар бир организм ўзига хос бўлгани боис муолажа ҳам индивидуал тарзда танланиши мумкин. Тўғри, маълум  муолажалардан  кейин доғ аста-секин кетади ва тери ранги меъёрлашади. Бироқ ички касалликлар яна авж олса ёки сурункали тусга ўтса, доғ пайдо бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

УЙДА ДАВОЛАМАНГ!

Юз  қисмларида ёки тананинг бошқа соҳаларида юзага келган доғларни қўл билан ёки бошқа пардоз воситалари билан тирнаш, қириш ёки қонатиш мумкин эмас! Дори воситалари суртиш, малҳам ёки буғда тозалаш ҳам маън этилади. Бу билан доғ ўрни янада катталашиб, кейинчалик шу ҳолича қолиб кетиши ҳам мумкин. Юзасига жароҳат етса ёки ножўя таъсир кўрсатилса, жиддий асоратларга олиб келади.

ЁДДА ТУТИНГ!

Доғларни даволашда қандай муолажа танланмасин парҳез тутилиши лозим. Маълум муддат аччиқ, шўр, ширин маҳсулотларни чегаралаб турган маъқул. Кўпроқ суюқлик ичиш, тери нафас олиши учун ювиниш ва камроқ косметик воситалардан фойдаланиш айни муддао.

Мавзу юзасидан олий тоифали шифокор, дермато-венеролог Рустам Зокиров тавсиялари асосида тайёрланди

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1