Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборини қайта тиклаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ёпиқ (хизмат доирасида фойдаланиш учун) қарори қабул қилинган. Бу ҳақда Қурилиш вазирлигининг Лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Насрулла Бобоевга таяниб uzreport.news маълум қилди.
Таъкидланишича, қарор асосида жуда катта ҳажмдаги муҳандислик-қидирув ишлари давом эттирилиб, лаборатория таҳлиллари, илмий-техник изланишлар давом этмоқда.
Сув омборини қайта қуриш бўйича лойиҳа ташкилоти томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра обектда тиклаш ишлари икки босқичда амалга оширилади. Бироқ масъул қурилиш муддатларини очиқлай олмаслигини билдирди.
«Сабаби — бу ёпиқ қарор билан белгиланган. Ҳукумат томонидан график қилинган ва масъул ходимлар белгиланган. Режа бўйича тегишли вазирлик ва идораларнинг бириктирилган ташкилотлари ўз ишини қилмоқда. Шунингдек, ҳолат қўшни давлатларга ҳам тааллуқли бўлгани боис илмий ўрганишларга нафақат маҳаллий мутахассислар, балки чет эл илмий-тадқиқот марказлари ҳам жалб қилинган. Бунда бир нечта мустақил экспертлар гуруҳи қилинган ишлар натижаларини таҳлил қилади ва ўз хулосаларини беради. Шундан келиб чиқиб, кейинги босқич ишлари давом эттирилади», — деди Насрулла Бобоев.
Мазкур хабар бўйича қўшимча маълумот олиш учун Қурилиш вазирлиги Aхборот хизмати раҳбарига мурожаат қилдик. Aхборот хизмати раҳбари ҳозирча бу ҳақда батафсил маълумот бера олмаслигини айтиб ўтди.