Наманган вилоятининг Норин ва Чуст туманларида аҳоли эҳтиёжлари учун ажратилган суюлтирилган газни ноқонуний сотиш ҳолатлари фош этилди. Тезкор тадбирлар давомида 78 та газ баллони ва 480 килограмм суюлтирилган газ ашёвий далил сифатида олинди.
Ички ишлар вазирлиги маълум қилишича, ҳолатлар “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида вилоят ИИБ ходимлари томонидан аниқланган.
Хусусан, Норин туманида яшовчи, 1984 йилда туғилган фуқаронинг хонадони холислар иштирокида текширилган. У аҳоли учун ажратилган суюлтирилган газдан фойдаланиб, газ баллонларини ноқонуний тўлдириш ва сотиш билан шуғуллангани аниқланган. Хонадонидан 72 та газ баллони олиб қўйилган.
Шунингдек, Чуст туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган фуқаро ҳам аҳолига мўлжалланган суюлтирилган газни ҳар бир килограммини 5 минг сўмдан сотиб келгани маълум бўлган. Унинг хонадонидан 6 та газ баллони ва 480 килограмм суюлтирилган газ ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






