Россия Президенти Владимир Путин 19–20 ноябрь кунлари Тожикистонда бўлди. Европа Иттифоқи Тожикистон Халқаро жиноий суднинг Путинни ҳибсга олиш тўғрисидаги ордерини бажармаганидан афсус билдирди.
Европа ташқи ишлар хизмати 22 ноябрь куни эълон қилган баёнотда Тожикистон Рим статути иштирокчиси сифатида Халқаро жиноий суд билан ҳамкорлик қилиши ва ҳибсга олиш ордерини бажариши шартлиги таъкидланган.
"Европа Иттифоқи Рим статутида назарда тутилган, бутун дунё тинчлиги, хавфсизлиги ва фаровонлигига таҳдид солувчи жиноятлар жазосиз қолмаслиги кераклигини эслатади", дейилади баёнотда.
Брюссель барча давлатларни Халқаро жиноий суд билан тўлиқ ҳамкорлик қилишга ва берилган ҳибсга олиш ордерларини тезкор бажаришга чақирган.
Шунингдек, Европа Иттифоқи Россиянинг Украинага қарши уруши давомида содир этилган халқаро жиноятлар ва инсон ҳуқуқлари бузилиши учун жавобгарлик таъминланиши кераклигини билдирган. ЕИ Украинадаги терговларни қўллаб-қувватлашда давом этишини ҳам қайд этган.
Владимир Путин 19 ноябрь куни Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммитидан сўнг Тожикистонга ташриф буюрган. "Asia-Plus" нашри ёзишича, музокараларда Россиянинг 201-ҳарбий базаси фаолияти, Тожикистон–Афғонистон чегарасидаги вазият, меҳнат миграцияси ва инвестициявий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.
Қайд этиш жоизки, Халқаро жиноий суд 2023 йил март ойида Владимир Путинни ҳибсга олиш тўғрисида ордер берган. Бунга Украина ҳудудларидан болаларни ноқонуний депортация қилиш ва кўчириш билан боғлиқ айбловлар асос бўлган. Шунингдек, Россияда болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Львова-Беловага ҳам ордер берилган.
2024 йил сентябрь ойида Путин Халқаро жиноий суд аъзоси бўлган Мўғулистонга ҳам ташриф буюрган, бироқ мамлакат уни ҳибсга олмаган.
22 ноябрь куни Европа Иттифоқи Тожикистоннинг Халқаро жиноий суднинг Рим статутидан расман чиқиш ҳақидаги қароридан ҳам афсусда эканини билдирди.
Рим статутининг 127-моддасига кўра, ундан чиқиш давлатни аъзолик даврида юзага келган мажбуриятлардан озод қилмайди. Бу, жумладан, бошланган тергов ва суд жараёнлари бўйича Халқаро жиноий суд билан ҳамкорлик қилиш мажбуриятига ҳам тааллуқли.






