Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш борасида ўтган йил ноябрь ва жорий йил апрель ойларида соҳадаги ислоҳотларнинг самарадорлиги ва халқимизнинг тиббий хизматлардан розилик даражаси ошириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.
Ушбу вазифаларни ўз вақтида бажариш учун Бош вазир ўринбосари, вазир, унинг ўринбосарлари қабул қилинган Фармон ва қарорлар ижросини ташкил этиш бўйича аниқ ҳудудларга шахсан бириктирилди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18 май кунидаги тиббиёт соҳасини ривожлантириш ва рақамлаштириш бўйича видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, ўтган 6 ой давомида бутун мамлакат аҳолисининг саломатлиги тўғрисидаги маълумотларнинг “маҳаллабай” ва “хонадонбай” электрон базаси шакллантирилди.
Бундан ташқари:
- жорий йилда 600 мингга яқин мактаб ёшидаги қизлар скринингдан ўтказилди.
- 6 миллиондан зиёд болалар ичак паразитлари(гижжалар)га қарши профилактика тадбирлари билан қамраб олинди.
Маълумот учун, гижжалар аниқланганда зудлик билан малакали гастроэнтеролог тавсияси асосида даволаниш лозим. Болалар организмида бўлган гижжалар ошқозон-ичак трактига салбий таъсир кўрсатиб, озуқа моддаларининг ўзлаштирилиши жараёнларини бузади, даво ўз вақтида олиб борилмаганида эса ҳаёт учун муҳим бўлган аъзолар — ўпка, бош мия ва бошқаларни шикастлаши мумкин.