АсосийSavol-javob

Иш апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилмаганда, суд ҳукмига нисбатан шикоят келтириш мумкинми?

'Иш апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилмаганда, суд ҳукмига нисбатан шикоят келтириш мумкинми?'ning rasmi

Таҳририятга қуйидагича мурожаат йўлланди:

— Тайинланган жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган бўлса, янги суд ҳукми билан тайинланган жазога яна эски жазони қўшиб жазо тайинланиши тўғрими? Иш апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилмаганда, суд ҳукмига нисбатан шикоят келтириш мумкинми? 

Саволга жавоб олиш мақсадида Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди судьяси Завқиддин ЯРАШЕВ билан боғландик:

Амалда бўлган қонун судланганлик ҳолати барҳам топишининг фақат икки усулини — унинг тугалланиши ва олиб ташланишини назарда тутади.

Судланганлик ҳолати тугалланиши шахснинг судланганлиги факти билан боғлиқ барча оқибатларнинг жазо тури ва муддатидан келиб чиққан ҳолда Жиноят кодекси 78-моддасида назарда тутилган муддатлар ўтганлиги натижасида автоматик тарзда (ўз-ўзидан) барҳам топишини англатади.

Жиноят кодекси 78-моддаси талабига кўра, ахлоқ тузатиш ишлари жазолари ўталганидан кейин бир йил ўтгач судланганлик ҳолати тугалланади. 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 18 сентябрдаги “Судланганлик ҳолати тугалланиши ва олиб ташланишига оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 13-сонли қарорининг 9-банди талабига кўра, судланганлик ҳолатининг тугалланиш муддати озодликдан маҳрум қилиш жойларидан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсга нисбатан ЖК 73-моддаси қўлланилган пайтдан, жазоси енгилроғи билан алмаштирилган шахсга нисбатан эса ЖК 74-моддасига мувофиқ белгиланган енгилроқ жазо ўталган пайтдан бошлаб ҳисобланади.

Дейлик, шахс 2018 йил 15 октябрда суднинг ажрими билан ўталмаган 1 йил 11 ой 21 кун ахлоқ тузатиш иши жазосини ўташдан ЖК 73-моддаси тартибида муддатидан илгари шартли озод қилингандан бошлаб, яъни 2019 йил 15 октябрь ҳолатида судланганлик ҳолати тугалланган. ЖК 77-моддасининг 4-қисми талабига кўра, судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади. Шу муносабат билан ўталмаган жазо муддатини ЖК 60-моддаси тартибида янги тайинланган жазога қўшиш нотўғри бўлади.

Қолаверса, 2021 йил 12 январдаги “Суд қарорларини қайта кўриш институтининг такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ 664-сонли Қонуни асосида 2021 йилнинг 13 январидан апелляция ва кассация инстанцияларида иш юритиш тартиби ўзгартирилиб, апелляция тартибида чиқарилган суд ажримларига нисбатан кассация тартибида шикоят бериш тартиби жорий қилинди.

Олий суди Пленумининг 2021 йил 15 январдаги “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 1-сонли Қарорининг 4-бандида апелляция ёки кассация шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда қонунларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар муддатни ўтказиб юборишда узрли сабаб бўладиган ҳолат сифатида тан олиниши мумкинлиги ҳақида раҳбарий тушунтириш берилган.

Юқоридагиларга асосан 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ 664-сонли қонуни асосида киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни апелляция шикояти бериш муддатини ўтказиб юборишда узрли сабаб бўладиган ҳолат сифатида тан олинади. Шу боис, сиз суд қароридан норози бўлган тақдирингизда, апелляция тартибида шикоят ва апелляция шикояти бериш муддатини тиклаш тўғрисида шикоят келтиришингиз мумкин.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар