Афсуски, 60 ёшдан ошганларнинг ҳар 6 тасида кўзга парда (оқ) тушиши кузатилади. Кўзга оқ тушиши вақтида даволанмаса, кўрликка олиб келади. Бу катаракта касаллиги билан боғлиқ аломат бўлиб, ҳеч шубҳасиз кўриш қобилиятимиз учун энг хавфлилар сирасига киритилади. Касалликнинг келиб чиқиш сабаблари, давоси ҳақида маълумот берамиз.
ЭКСПЕРТ: БАҲОДИР ХЎЖАБОЕВ, ОФТАЛЬМОЛОГ
— “Катаракта” туғма ва орттирилган бўлиши мумкин. Катарактанинг орттирилган тури шиддат билан ривожланиши билан хавфли. Бунга қуйидагилар сабаб бўлади:
- кексайиш – танадаги барча аъзолар сингари кўз гавҳари ҳам йиллар ўтгани сайин ўз ёрқинлигини йўқотади;
- насл – оила аъзоларининг бирида бу касаллик кузатилган бўлса, авлодида такрорланиш хавфи юқори бўлади;
- организмда А,В,С витаминларининг етишмаслиги;
- кўз жароҳатлари (урилиш, йиқилиш, куйиш), кўзнинг яллиғланиш касалликлари;
- қандли диабет, ревматизм, артрит, буқоқ, бронхиал астма, бронхит, ўпка касалликларининг асорати сифатида ривожланиши мумкин;
- нур касалликлари, рентген нури, ионли нурланиш таъсирида;
- кимёвий бирикмалар (нафталин ва ҳашаротларга қўлланадиган бошқа дорилар), дори воситаларидан заҳарланиш.
КУТИЛМАГАНДА РЎЙ БЕРАДИ...
Бу касалликда дунё ўз рангларини йўқотади. Бемор нарсаларни аниқ-тиниқ кўролмайди, кўздаги “парда” унга тўсқинлиқ қилади. Афсус, кўзойнакнинг бу борада фойдаси тегмайди. Агар катаракта кўзнинг марказий қисмини зарарлаган бўлса, унинг белгилари кучли бўлади:
Одам нарсаларни жуда хира кўради. Аммо бемор тунда кундузгига қараганда аниқроқ кўриши мумкин. Бундан ташқари, ёруғлик нури кўзга ёқмайди, одам ҳамма нарсани иккитадан кўради, ўқиш, майда нарсалар билан боғлиқ ишларни бажариш анча қийинлашади. УТТ текшируви ёрдамида шифокор кўз гавҳаридаги парданинг тарқалишини аниқлашга ёрдам беради. Операциядан олдин бемор қоннинг умумий таҳлили, рентген текшируви ва тор доирадаги мутахассислар кўригидан ўтиши шарт.
ДАВОСИ – ОПЕРАЦИЯ
— Ҳозирги кунда катарактани даволашда энг замонавий ва асоратсиз, кўриш қобилиятини тиклаб берадиган даво жарроҳликдир. Операция микроскоп остида бажарилади. Бунда кўзнинг шохпардаси кесилиб, кўз гавҳарининг капсуласи очилади, кўз гавҳари ультратовуш ёрдамида олинади, ўрнига сунъий гавҳар қўйилади. Операциядан кейин бемор бемалол майда жисмлар билан ишлаши, китоб ўқиши, телевизор кўриши мумкин. Замонавий линзалар ёрдамида инсоннинг кўриш қобилияти тикланади.
Операциядан кейин бир ой давомида бемор энгашмаслиги, оғир иш қилмаслиги, 1 кг.дан оғир юк кўтармаслиги керак. Шунингдек, сауна, бассейнга бориш ҳам тақиқланади.
КЎЗГА ПАРДА ТУШМАСИН, ДЕСАНГИЗ...
Бунинг учун ҳар 6 ойда тиббий кўрикдан ўтиб, ёндош касалликлар – яллиғланиш, шамоллашнинг асоратлари, бўғим хасталикларини вақтида даволатинг, қандли диабет, қалқонсимон без касалликларингиз мавжуд бўлса, уларни зўрайиш ҳолатига келтирманг, доимо тегишли даво курсини олиб боринг. Кўриш қобилиятини ошириш, организмни кучайтириш мақсадида соғлом турмуш тарзига ҳам риоя қилиш муҳим.
- 40 ёшдан кейин овқатланишда қовурма, ёғли, секин ҳазм бўладиган маҳсулотларни чеклаш лозим.
- Кўриш ўткирлигини ошириш учун ҳар куни бир дона қизил сабзини қирғичдан ўтказиб, қаймоқ аралаштириб тановул қилиш фойдали. Бундай салат таркибида каротин миқдори кўп бўлади, у кўриш ўткирлигини оширади.
- Исмалоқ, гулкарам, маккажўхори катаракта касаллигининг олдини олишга хизмат қилади. Уларни димлаб, сувда пишириб, салат кўринишида тановул қилиш мумкин.
- Кунига 4-5 донадан ўрик, бир сиқим ёнғоқ ёки бодом мағзи истеъмол қилишингиз ҳам кўз касалликларининг олдини олишга, кўз гавҳарини равшанлаштиришга хизмат қилади.
- Овқатлар орасида (айниқса, кундузги соат 16.00 гача) наъматак, цитрус меваларни тановул қилиш кўзлар учун фойда.
Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА тайёрлади, "Даракчи" газетаси 25 (1152) 24 июнь 2021