Ўзбекистонлик шифокорлар сиам эгизакларини шошилинч равишда ноёб операция орқали ажратиб олди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Чирчиқ шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент вилояти филиалида ноёб операция ўтказилган. Ҳомиладорликнинг 33-34-ҳафтасида “кесарча кесиш” йўли билан муддатидан аввал дунёга келган сиам эгизаклари туғуруқдан 9 соат ўтиб, шошилинч равишда, устига-устак, маҳаллий шароитда ўта мураккаб амалиёт орқали ажратиб олинган.
“Беш соат давом этган юқори технологик операция Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Эргашев бошчилигидаги бир гуруҳ малакали мутахассислар томонидан бажарилди”, дейилади хабарда.
Бугун, 8 октябрь куни Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров ушбу чақалоқлар ҳолидан хабар олган.
“Бундай ўта мураккаб амалиётлар ҳамма давлатларда ҳам амалга оширилавермайди. Ҳатто, тиббиёти тараққий этган мамлакатларда ҳам узоқ муддатли таҳлиллар ва катта тайёргарликдан сўнг бажарилади. Чунки бу – ўта ноёб операция. Мана шундай муддатидан аввал туғилган сиам эгизакларининг шошилинч равишда ҳамда вилоят даражасида муваффақиятли ажратиб олиниши мамлакатимиз тиббиёти янги босқичга кўтарилганининг ёрқин далилидир”, дейди вазир.
Билдирилишича, сиам эгизакларини ажратиб олиш операциясида иштирок этган бир гуруҳ мутахассислар вазир вазир томонидан “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган. Саломатлиги яхшиланган чақалоқлар ва уларнинг онасига бугун шифохонадан уйига жавоб берилган.