АсосийJamiyat

Республика суд экспертизаси марказига яна 16 та экспертиза турларини жорий этиш вазифаси юклатилмоқда

'Республика суд экспертизаси марказига яна 16 та экспертиза турларини жорий этиш вазифаси юклатилмоқда'ning rasmi

Миллий матбуот марказида Адлия вазирлиги ва Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбир доирасида ОАВ вакилларига “Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида ҳамда Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолияти ҳақида маълумот берилди.

Матбуот анжуманида Фармон қабул қилиниши суд-экспертлик соҳасида  амалга оширилаётган ислоҳотларнинг давоми сифатида янги босқичга ўтиш, суд-экспертиза соҳасида амалга оширилган ишлар, қатор муаммолар ва ҳал қилиниши керак бўлган ишлар бўйича сўз юритилди. 

Фармон билан қандай тартиблар ўрнатилмоқда?

Фармон билан суд-экспертиза соҳасида қуйидаги янги босқичга .ўтилмоқда:

1.Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди.

2. Концепция бўйича 2021–2023 йилларда амалга ошириладиган ишлар юзасидан “йўл харитаси” тасдиқланди.

 3.Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази тузилмасида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда 15 та штат бирлигидан иборат Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти ташкил этилмоқда. 

Институтга ҳар йили камида 15та илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, 6 та давлат суд-экспертиза муассасалари фаолиятида илмий-услубий кўмак кўрсатиш ҳамда уларда мавжуд 700 дан ортиқ услубий қўлланмаларни танқидий кўриб чиқиш ва амалиётни уйғунлаштириш вазифалари юклатилмоқда.

4.Давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ суд экспертиза тадқиқотларини ўтказиш ҳуқуқи берилмоқда.

5. 2021 йил 1 сентябрдан иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритишда адвокатга суд-экспертиза ташкилотларида шартнома асосида адвокат сўровига кўра экспертиза ўтказиш ташаббуси билан чиқишга рухсат берилади.

6. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари экспертларини ҳар уч йилда бир маротаба аттестациядан ўтказиш тизими жорий қилинмоқда.

7. Фармонга мувофиқ 2022 йил 1 мартдан аҳолига ва ваколатли органларга 
суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотлар етказиш ва ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган “E-ekspertiza” ягона электрон ахборот тизими жорий этилади.

8. Суд-экспертиза соҳасида кадрларни тайёрлаш олий таълим муассасаларида дуал таълим принципига мувофиқ бакалавр ёки магистратура босқичларида таълим олаётган даврда олти ойлик экспертлар тайёрлаш курсларида амалга ошириш имконияти яратилмоқда.

9. 2021–2025 йилларда қўшимча 16 та суд-экспертиза турларини жорий этиш вазифаси юклатилмоқда (мисол учун, радиотехника, видеотехника, фототехника ва парфюмерия маҳсулотлари кимёвий таркибини аниқлаш экспертизалари).

(Ҳозирда суд экспертиза турлари 55 тага етказилган)

10Адлия вазирлигига нодавлат суд-экспертиза органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш борасида ваколатли орган сифатида қўшимча вазифалар юклатилмоқда.

 11. Адлия вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилмоқда. Бунда, жамғармани шакллантиришга бюджет маблағларини йўналтириш талаб этилмайди.

Жамғарманинг маблағлари “E-ekspertiza” ягона электрон ахборот тизимини жорий этиш, нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига субсидиялар ажратиш, янги экспертиза турларини жорий этиш, давлат суд-экспертиза муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ҳар йили камида 10 нафар суд экспертининг хорижий давлатларда малака ошириши ва стажировка ўташини йўлга қўйиш учун сарфланиши режалаштирилмоқда.

Марказ томонидан амалга оширилган ишлари.

Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг бевосита ташаббуслари
ва раҳбарлигида 2017 йил 7 февралда қабул қилинган ҳамда изчил амалга оширилаётган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида барча соҳалар каби суд ҳуқуқ тизимининг ажралмас қисми, яьни, муҳим бўғинларидан бири саналган суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш борасида ҳам ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилиб келинмоқда.

Жумладан, 2017 йилда қабул қилинган Ҳукуматнинг 206-сонли қарори асосида барча вилоятларда Марказимизнинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди. Шунингдек, экспертларнинг малакасини замон талаблари даражасида ошириш учун Ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда бу ерда нафақат Марказ ва бошқа давлат суд экспертиза муассасалари экспертларининг ҳуқуқий билимлари, балки янги ташкил этилаётган нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари экспертларини ҳам қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу даврда жами 1 284 нафар суд экспертларининг ҳуқуқий билимлари ва малакалари оширилди.

2019 йил 17 январь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалиётда илк бор нодавлат ташкилотлар томонидан суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари яратилди ва Ҳукуматимизнинг 2020 йил 24 мартдаги 180-сонли қарори билан нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланди.

Марказ нафақат суд экспертиза тадқиқотларини ўтказиш, балки янги услубиётлар ҳамда янги экспертиза турларини жорий этиш бўйича кенг кўламли илмий ишларни амалга ошириши натижасида, айниқса сўнги 2 йилда 
Суд-лингвистика экспертизаси, Суд-компьютер-техник экспертизаси, 
Суд-автомобиль-йўллари экспертизаси, Суд-электротехника экспертизаси, Озиқ-овқат маҳсулотлари суд экспертизаси, Суд-психологик экспертизаси янги экспертиза турлари яратилиб, Марказда амалга ошириладиган суд экспертлик турлари 50 тага, мутахасисликлар сони эса 69 тага етказилди.

Марказ Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг илмий-тадқиқот муассасалари ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда суд-экспертлик фаолиятининг энг долзарб муаммолари бўйича фундаментал, амалий 
ва инновацион тадқиқотлар, дастурлар ва лойиҳаларни, шу жумладан миллий грантларни жалб қилган ҳолда илмий изланишлар олиб борган ҳолда жами 53 та услубий қўлланма ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, суд экспертлик фаолиятига тадбиқ этилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларининг малакали суд экспертиза хулосаларига бўлган эҳтиёжларини доимий равишда ўрганиш орқали суд экспертизанинг янги турларини, янги услубиётларини боскичма-боскич амалиётга татбиқ этиш чораларини кўриш мақсадида Адлия вазирининг 2020 йил 25 ноябрдаги буйруғи билан Марказда Илмий-тадқиқот бўлими ташкил этилди.

Суд экспертиза соҳасининг яна бир муҳим йўналишларидан бири суд
ва тергов органларининг соҳадаги билимларини ошириб бориш ҳамда содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдир. Шунга кўра, Марказ экспертлари томонидан суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари учун 1 660 та профилактик таклифлар ҳам берилди.

Марказ лабораторияларини халқаро стандартларга мослаштириш мақсадида, 2020 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси кўмагида ISO/IEC 17025 халқаро стандартига мувофиқ аккредитация қилиниб, мувофиқлик сертификатига эга бўлдик. Мазкур аккредитация Марказга тадқиқотларни халқаро стандартлар даражасида бажариш имконини беради ҳамда мазкур лабораториялар томонидан берилган хулосаларнинг халқаро миқёсда шубҳасиз тан олиниши, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини нафақат мамлакатимиз ҳудудида, балки халқаро судларда ҳам ишончли ҳимоя қилинишига ҳамда одил судлов таъминланишига хизмат қилади.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган ҳамда қонунийликни таъминлаш юзасидан бир қатор тизимли тадбирлар ўтказиб келинди.

Марказ фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида, Марказниг расмий веб сайти янгиланиб, турли ижтимоий тармоқларда саҳифалари очилди. Кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари учун Марказда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида пресс-турлар, матбуот анжуманлари ва брифинглар ўтказилди. Жумладан, ўтган давр мобайнида 10 дан ортиқ матбуот анжуманлари ташкил этилиб, ОАВ вакиллари учун 6 маротаба Медиа-тур ўтказилди.

Марказнинг ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида “Sudex дан гапирамиз” ва “Эксперт жавоби” номли янги рукнлар яратилиб, унда эксперт ходимлар томонидан фуқаролардан келиб тушган саволларга аудио ва видеоролик кўринишида жавоб берилиши йўлга қўйилди. Марказнинг расмий веб-сайтида ҳамда Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида “Сўраган эдингиз” рукни очилиб, унга ҳам аҳолини қизиқтирга саволларга матн кўринишида жавоблар жойлаштирилиб келинди.

Суд экспертиза фаолиятига замонавий АКТ ютуқларини жорий этиш мақсадида “Суд экспертизалари ҳисоби тизими” ва “Электрон таълим платформаси” ахборот тизимлари ҳамда аҳолига суд-экспертлик соҳасига доир маълумотларни етказишга қаратилган “sudexpert.uz” суд-экспертиза ахборот портали, экспертиза учун ашёвий далилларни идентификациялаш (ИД рақам
ва штрих код ёрдамида) дастури ишлаб чиқилиб, фаолиятга тадбиқ этилди.

Республика тарихида илк бор суд экспериза йўналишига ихтисошлашган “Ўзбекистон суд экспертизаси – Судебная экспертиза Узбекистана – Forensic expertise of Uzbekistan” номли илмий журнал Марказ томонидан ташкил этилди.

Шу кунга қадар Ўзбекистон суд экспертизаси тарихида айнан мазкур соҳага оид илмий мақолаларни нашр этишга ихтисослашган ва илмий мулоқот учун шароит ва имкониятлар яратадиган ягона платформанинг бўлмаганлиги ушбу илмий журнални яратишга сабаб бўлди.

Янги журналда соҳанинг етакчи олимлари ва мутахассисларининг илмий мақолаларини нашр этиш орқали халқаро илғор тажрибалар тақдим этилади, шунингдек, мамлакатимиз суд экспертларининг илмий ва илмий-амалий тадқиқотлари натижаларини нашр этиш имконияти яратилди.

Ишонч билан таъкидлаш керакки, журнал мақсадли профессионал мунозара ва таҳлиллар учун янги ва қизиқарли илмий майдонга айланади, янада самарали
ва ҳар томонлама илмий мулоқотлар, янги ғоялар ва тадқиқот натижалари алмашинувига ёрдам беради, илмий-услубий таъминот, шу билан бирга суд экспертизаси ва суд экспертизаси йўналишларининг амалий фаолиятига рационализаторлик илмий ишланмаларини киритади.

Шу билан бирга, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ҳамда суд ходимлари учун Республика суд экспертизаси марказининг имкониятларини ёритишга бағишланган электрон қўлланма ҳам яратилди.

Ушбу қўлланма аввалгиларидан тубдан фарқ қилиши билан ажралиб туради. Электрон қўлланмада, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ҳамда суд ходимлари учун суд экспертиза имкониятлари ҳақидаги маълумотлар бир вақтнинг ўзида ёзма ва видео кўринишда тақдим этилди. Шунингдек, суд экспертларига бериладиган наъмунавий саволлар, қарор ва ажрим нусхалари ҳамда керакли бошқа маълумотлар жамланган.

Шунингдек, Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда Университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун Марказда амалий машғулот ҳамда тадқиқотлар олиб бориш учун зарур шарт шароитларни яратиш мақсадида “Амалий ҳуқуқшунослик” кафедраси ташкил этилди.

 

    Бошқа янгиликлар