Олиб борилган текширув ҳаракатлари давомида, номаълум шахс томонидан “Телеграм”да “UNIVERSAL KREDIT” номли сохта гуруҳ очилиб, 15 дақиқа ичида онлайн кредит хизматлари орқали фуқаролар микроқарз олишлари мумкинлиги эълони остида фуқароларнинг шахсига оид маълумотларини ноқонуний равишда эгаллаб, уларнинг банк пластик карталаридаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб келганлиги аниқланди. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар бермоқда.
Олинган тезкор маълумотлар натижасида, 2021 йил июль ойида Тошкент шаҳри ҳудудида ИИВ Киберхавфсизлик маркази ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур ноқонуний ҳаракатни Тошкент вилояти, Ангрен шаҳрида яшовчи, муқаддам Жиноят кодексининг 168-моддаси билан судланган, 1997 й.т. фуқаро Д.К. содир этганлиги аниқланиб, унинг икки дона телефон қурилмаси ашёвий далил тариқасида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Ушбу шахс “Телеграм”даги “UNIVERSAL KREDIT” номли сохта гуруҳи орқали 15 дақиқа ичида фуқаролар микроқарз олишлари мумкинлигини эълони остида республика ҳудуди бўйлаб 10 дан зиёд алданган фуқароларнинг жами 13.000.000 сўмга яқин пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ушбу пулларни ўзининг эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Д.К. га нисбатан Ёзёвон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






