АсосийJamiyat

Президент мактабларидаги имтиҳонларда нега қаламдан фойдаланилди?

'Президент мактабларидаги имтиҳонларда  нега қаламдан фойдаланилди?'ning rasmi

Айни кунларда мамлакатимиздаги 14 та Президент мактабида кириш имтиҳонларининг биринчи саралаш босқичи бўлиб ўтмоқда. Жараённинг шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида кириш имтиҳонлари видеокузатув ва бошқа техник воситаларни қўллаган ҳолда махсус ажратилган жойларда олиб борилмоқда. Шунингдек, ОАВ вакиллари ҳам таклиф этилган. Бироқ бу каби назоратнинг кучайтирилганига қарамай, ҳудудларда бўлиб ўтган президент мактаблари имтиҳонида ўқувчилар жавобларни қаламда ёзишди, бу қанчалик ҳаққоний, бундан мақсад нима, деган саволлар ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан турли бахс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида биз Агентликнинг матбуот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова билан боғландик:

— Ҳурматли юртдошлар, бу сиз ўйлаган нарса эмас. Жавобларни қаламда белгилаш Cambridge Assessment ташкилоти томонидан қўйилган талабларидан бири. Ҳатто IELTS имтиҳонларида ҳам Reading (ўқиш) ва Listening (эшитиш) бўлимларида жавобларни қаламда тўлдириш мажбурий. Бунинг ўзига хос сабаблари бор: қаламдан бошқа ёзув қуролида белгиланган жавобларни махсус компьютер текширмайди ва хато ҳисоблайди. Тест жавобларини текширишга ихтисослашган дастур фақат қаламда белгиланган жавобларнигина қабул қилади. Қаламда белгиланган жавоблар яхши сканер қилинади — ручкада белгиланганда эса уларнинг бўялиб кетиш эҳтимоли мавжуд. Жавобларни қаламда белгилаш талабгор хато қилиб қўйса, шу хатони тузатиш имконини беради. 

         Фарғона шаҳридаги Президент мактаби кириш имтиҳонларида кузатувчи сифатида иштирок этган “Alfapro” ўқув маркази раҳбари, ўқитувчи-блогер Исроил Тиллабоев ҳам бу ҳақида ўз фикрларини билдирди:

         — 2019 йилда Президент мактабларига кириш имтиҳонларида ҳам жавоблар қалам билан белгиланган. Ўтган йили пандемия сабаб имтиҳонлар бўлмади. Аслида, жавобларни қаламда белгилиш болани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш деб ўйлайман. Чунки бола хато қилса, унга ўша қилган хатосини тўғрилаш имконини бериш керак. Биргина хато унинг орзу-умидларини саробга айлантириши, келажагига нуқта қўйиши, иштиёқини сўндириши мумкин. Имтиҳон топшираётган болада, албатта, ҳаяжон бўлади. Шу ҳаяжон боис у билиб турган нарсасини ҳам нотўғри белгилаб қўйиши мумкин. Шунда ўқувчи хато жвобни ўчириб, қайтадан тўғри жавобни белгилаш имконини беради. 

Дарвоқе, имтиҳонлар куннинг икки қисмида — соат 8:00 ва 18:00 да ўтказилиши режалаштирилган. 2021-2022 ўқув йили учун Президент мактаблари имтиҳонларининг биринчи босқичида жами 103570 ўқувчи қатнашмоқда. Шундан 1632 нафар талабгор ўқишга қабул қилинади.Талабгорлар FaceID тизимидан ўтиб, гуруҳ назоратчилари бошчилигида жойларига кузатиб қўйилмоқда ўтказилмоқда. 

Бошқа янгиликлар