АсосийJamiyat

Ўткир Ҳошимов асарлари турк тилида чоп этилмоқда

'Ўткир Ҳошимов асарлари турк тилида чоп этилмоқда'ning rasmi

 2020 йил 2 декабрь куни Президентнинг “Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди. Ушбу ҳужжатда ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган атоқли адиб ва жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ижодий меросининг ёш авлодни муҳаббат руҳида тарбиялаш борасидаги улкан аҳамияти таъкидланиб, адиб таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирлар режасида адибнинг қорақалпоқ, рус ва бошқа хорижий тилларга таржима қилинган асарларини нашрга тайёрлаш ва чоп қилиш ҳам белгилаб қўйилган эди.

 Мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш йўлида бугун Тошкент давлат шарқшунослик университетида ҳам бир қатор ишлар қилиняпти. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Маълум қилинишича, университетнинг “Таржимашунослик ва халқаро журналистика” кафедраси доценти, таржимон Хайрулла Ҳамидов ва унинг шогирдлари томонидан адибнинг бир қанча машҳур ҳикоялари ва асарларидан парчалар турк тилига ўгирилди. Бу асарлар “Ötkir Haşimov. Seçme Hikâyeler” (“Ўткир Ҳошимов. Танланган ҳикоялар”) номи остида чоп этилди. Китобга университет ректори Г.Рихсиева сўзбоши ёзган.

"Китобга Хайрулла Ҳамидов шогирдларининг таржималари ҳам саралаб олинган. Хусусан, ун буюк сўз устасининг “Янга”, “Тасодиф”, “Урушнинг сўнгги қурбони”, “Бахт”, “Ғаройиб саёҳат” ва бошқа ҳикоялари, шунингдек, машҳур “Дунёнинг ишлари” ва “Дафтар хошиясидаги битиклар” номли асарларидан парчалар, адиб асарларида бот-бот қўлланилган пурмаъно ҳикматли сўзларининг туркча таржималари ўрин олган."-дейилади хабарда.

Бошқа янгиликлар