Президентнинг тадбиркорлар билан бўлиб ўтаётган очиқ мулоқотда кўтарган галдаги масаласи саноат зоналарига инфратузилмаларни етказиб бериш ҳамда тадбиркорларга қулайликлар яратиш ҳақида бўлди, дея хабар бермоқда махсус мухбиримиз Сардорбек Раҳмонқулов.
Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, инфратузилма билан боғлиқ муаммоларини 3 мингга яқин тадбиркор кўтарган.
"Масалан, Сирдарёда “Гулистон голд ярн” корхонаси узоқ муддатдан бери электр тармоғига улана олмаган. Ваҳоланки, ишлаб чиқариш асбоб-ускуналари ва ўз ҳисобидан трансформаторгача олиб келган. Унга озгина ёрдам берилса, корхона 600 та янги доимий иш ўринлари яратишга тайёр", — деди Президент.
Давлат раҳбари келгуси йилда 200 миллиард сўмга тенг лойиҳалар бўйича инфратузилмаларни етказиб бериш тўлиқ давлатнинг зиммасида бўлиши ҳақида ҳам таъкидлаб ўтди.
"Биринчидан, келгуси йил 1 январдан бошлаб, қиймати 200 миллиард сўмга тенг лойиҳалар бўйича электр, табиий газ, сув тармоқлари ва йўл инфратузилмасини етказиб бериш тўлиқ давлатнинг зиммасида бўлади. Бу имтиёз, ҳозирги кунгача фақатгина 50 миллион доллардан ошадиган хорижий инвесторлар лойиҳаларига қўлланиб келинмоқда. Иккинчидан, келгуси 2 йилда республика бўйича қўшимча 200 та саноат зоналари ташкил этилади. Уларнинг ҳар бирига камида 15 та корхонани жойлаштириш мўлжалланиб, электр, табиий газ, сув тармоқлари ва йўл инфратузилмаси етказиб бериш тўлиқ давлатнинг зиммасида бўлади. Ушбу мақсадлар учун, келгуси йилда бюджетдан 2 триллион сўм маблағ ажратилади".
Шунингдек Президент электрдаги узилишлар тадбиркорларларни қийин аҳволга солаётгани ҳақида ҳам айтиб ўтди ва бу бўйича вазирга тегишлича топшириқ берди.
"Учинчидан, электр энергиясидаги узилишлар кўпчилик тадбиркорларимизни безовта қилаётгани ҳам, айни ҳақиқат. Бу масала бўйича ҳар бир туман, шаҳар ва маҳалла кесимида алоҳида дастурлар амалга оширилмоқда. Жорий йил 1 ноябргача 4 мингта трансформаторни алмаштириш, 35 та подстанция, 15 минг километр тармоқларни янгилаш ишлари якунига етказилади. Бу ишларни амалга ошириш учун, жорий йилнинг ўзида илк бор 3 триллион сўм маблағ ажратганмиз. Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириш мақсадида тарихимизда илк бор бу соҳага тўғридан-тўғри хорижий ва хусусий бизнес кириб келди. Натижада шу йил якунига қадар тўлиқ хусусий инвестициялар ҳисобига умумий қуввати 1 минг 800 мегаватт бўлган 8 та иссиқлик ва қуёш электр станциялари ишга туширилади. Энергетика вазирлиги келгуси йилларда бу каби лойиҳаларни кескин кўпайтириб 2023 йилга қадар электр энергияси бўйича қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини 4 минг 400 Мегаваттга ошириши шарт", — деди Шавкат Мирзиёев.