Европа Иттифоқи делегацияси Президент Шавкат Мирзиеёв ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари ва интерактив таълимий майдонлари билан танишди. Нуфузли ташкилот вакиллари Марказни нафақат тарихий меросни сақлашда, балки Ўзбекистонни халқаро маданий йўналишда ривожлантирадиган муҳим қадам сифатида эътироф этишди.
Тошкентда ўтказилган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” учинчи иқтисодий форуми ва Транскаспий транспорт йўлаги ва ўзаро боғлиқлик бўйича инвесторлар форумида иштирок этган еврокомиссарлар Марказга ташрифи давомида музейнинг асосий экспозициялари, 3000 йиллик тарихни ўзида мужассам этган ноёб меросимиз илдизлари, қадимий ва тарихий қўлёзмалар артефактлардан тортиб бугунги кунгача босиб ўтилган тараққиёт жараёнлари, шунингдек, замонавий мультимедиа технологиялари билан жиҳозланган ўқув ва маърифат майдонлари билан яқиндан танишди.
Европа Иттифоқи вакиллари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилган Марказда қўлланилган илмий ёндашув, экспозицияларнинг замонавий тузилиши, очиқ билим муҳити ва инновацион ечимларга катта қизиқиш билдирди.
Европа Иттифоқининг Халқаро шерикликлар бўйича комиссари Йозеф Сикела Марказ ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашар экан, уни нафақат Ўзбекистон тарихи, балки бутун ислом тамаддунини замонавий тарзда намойиш этишда ўзига хос платформа сифатида баҳолади.
– Мен жуда ҳайратдаман. Фикримча, бу жуда замонавий ва таълимий ёндашув орқали нафақат мамлакатингиз тарихини, балки ислом тарихини ҳам кенг жамоатчиликка таништиришнинг энг зўр усули. Ислом цивилизацияси марказининг очилиши билан мамлакатингиз, жумладан, Тошкент каби гўзал шаҳар янада янги, жозибадорлик касб этмоқда. Бу эса мамлакатингизга янада кўпроқ меҳмонлар ва сайёҳлар келишига хизмат қилади. Табриклайман, чунки бу жуда муҳим ташаббус. Биз қайси илдиздан келаётганимизни унутмаслик ниҳоятда зарур. Бу Марказ ҳақида Президент Шавкат Мирзиёев жаноблари маълумот берганларида асосий ғояси аҳолига тарих ҳақида кўпроқ маълумот етказиш, ислом динини тинчликсевар ва бағрикенглик дини сифатида тақдим этишдан иборатлигини қайд этди. Жаноб Президентнинг тавсияси билан биз ушбу Марказни кўришга қизиқдик, – дейди еврокомиссар Йозеф Сикела.
Европа Иттифоқининг Кенгайиш масалалари бўйича комиссари Марта КосМарказда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, тарихий меросни сақлашга оид илғор технологиялар ва экспозициялардаги замонавий интерактив ечимлардан жуда катта таассурот олганини билдирди. Мартабали меҳмон Марказни шахсан кўриш имкони ниҳоятда қувонтирганини таъкидлаб, Ўзбекистон Президентининг ўз халқи маданияти ва меросини асрашга қаратилган саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади.
– Бундай Марказни тасаввур ҳам қила олмасдим. Ўз тарихингиз ва бугунги ҳаётингизда муҳим бўлган барча жиҳатларни шу қадар таъсирли тарзда намойиш этаётганингиз мени чин дилдан ҳайратга солди. Бу марказни кўраётганимдан жуда мамнунман ва бу мен учун катта шараф. Яна шуни қўшимча қилмоқчиманки, сиз билганингиздек, Ислом цивилизацияси марказининг бунёд этилиши Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган. Бундай марказни қуриш ғояси ва унинг мазмуни – буларнинг барчаси жуда юқори қадрланиши керак бўлган ишлар. Ўз халқига яхшилик қиладиган Президентларни мен жуда қадрлайман. Чунки анъана, тарих муҳим — биз буларни авлоддан-авлодга мерос қилиб етказамиз. Президентингиз халқ учун шундай ишни амалга оширгани ниҳоятда олийжаноб ташаббус.
Президент Шавкат Мирзиёев билан илк бор бир неча вақт олдин Брюсселда учрашган эдик. Бу учрашувимиз иккинчиси ва менга ёқадиган жиҳати шуки, давлатингиз раҳбари аниқ режа асосида ишлайдиган инсон. Навбатдаги учрашувимизда Президентингиз томонидан бир неча масалаларда ҳамкорликларимиз бўйича керакли тавсиялар билдирилди ва бу фикрларга тўлиқ рози бўлдим. Биргаликда амалга оширишимиз мумкин бўлган улкан лойиҳалар бор. Бу имкониятга эга бўлганимдан мамнунман.
Шунингдек, Марта Кос хонимнинг таъкидлашича, анъаналар ва маданият ҳар бир халқнинг негизи бўлиб, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилган бундай лойиҳалар ўта қимматли ва стратегик аҳамиятга эга.






