Давлат раҳбари очиқ мулоқотда олтинчи йўналиш — транспорт-логистика масалалари ҳақида сўзлади ва Темир йўл монополиясини босқичма босқич ўзгартиртириш ҳақида айтиб ўтди, дея хабар бермоқда "Даракчи" мухбири.
Маълумотларга кўра, Транспорт вазирлиги келгуси йил 1 январдан бошлаб, ҳар бир хизматнинг таннархи ва унинг таркибини кенг жамоатчиликка эълон қилиб борадиган бўлди.
"“Полвонтош” (Сурхондарё), “Афросиёб парранда” (Самарқанд) корхоналари раҳбарлари ички ва ташқи темир йўл тарифлари ўртасида катта фарқ борлиги, яъни халқаро ташувлар нархи анча юқорилигини билдирганлар. Шу боис, Транспорт вазирлиги Молия вазирлиги ва Монополия қўмитаси билан бирга 2 ой муддатда темир йўл тарифларини қайта кўриб чиқсин. Бунда тадбиркорларга ўзимизда ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё импорти учун амалдаги тарифлар камида 25 фоиз арзон бўлиши керак. Транспорт вазирлиги келгуси йил 1 январдан бошлаб, ҳар бир хизматнинг таннархи ва унинг таркибини кенг жамоатчиликка эълон қилиб боради", — таъкидлади Президент.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев хусусий логистика операторлари фаолияти йўлга қўйилишини ҳам айтиб ўтди.
"Темир йўл соҳасида келгуси 5 йил учун 7 мингдан зиёд юк вагонларига эҳтиёж мавжуд. Бу муаммони давлат томонидан эмас, балки худди электр энергияси ёки цемент ишлаб чиқаришга ўхшаб фақат ва фақат хусусий секторни жалб қилиш орқали ижобий ҳал қилиш мумкин. Шунинг учун келгуси йилда ўз вагони ва контейнерига эга бўлган хусусий логистика операторлари фаолияти йўлга қўйилади ва тарифлар иккига ажратилади. Бунда, давлат томонидан фақатгина темир йўл инфратузилмаси ҳамда локомотив хизматлари тартибга солинади, юк вагонлари хизмати эса бозор тамойиллари асосида ташкил қилинади. Шунинг учун, хусусий тадбиркорларга темир йўл вагонларини олиб келишга берилган имтиёзлар 2025 йил 1 январгача узайтирилади"— деди давлат раҳбари.