Ноҳақ ишдан бўшатилган ходим қайта ишга тикланиши мумкинми?”, “Фуқаронинг ерини тортиб олмоқчи бўлган тадбиркорга чора кўрилди”, “Иш ҳақини ололмаётган маҳкумлар масаласига ойдинлик киритилди”... Шу каби муаммолар акс этган мурожаатларга кунда кунора тўқнаш келамиз. Энг ачинарлиси, гарчи инсон ҳуқуқлари ҳимоясини қонун йўли билан таъминловчи махсус орган бўлса-да, кўпчилик айни шу мазмундаги мурожаатлари билан ҳуқуқлари тикланишини сўраб ижтимоий тармоқларорқали ҳаволалар эълон қилади. Ўйлаб қоласан киши: ёки ўша фуқаролар муаммоларини ўрганиб ечимини таъминлашга масъул Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бў йича вакил — Омбудсман борлигидан бехабарми ёки ушбу ташкилот фуқароларнинг муаммоларини ўз ваколатлари доирасида ҳал этиб бера олишмаяптими? Шу каби саволларга ойдинлик киритиш мақсадида Омбудсман раҳбари Феруза ЭШМАТОВА билан боғландик.
"БИР ОЙДА ИККИМАРОТАБА ФУҚАРОЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛАМАН"
— Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудс ман)нинг иш фаолияти қанчалик очиқ ва шаффоф? Феруза Фарходовнанинг қабулига кириш тартиби қандай?
— Омбудсман фаолияти барча ОАВ учун очиқ ва шаффоф. Биз имкон қадар журналистлар билан инсон ҳуқуқларини поймол этмаган, шаъни, қадр-қимматини камсит-маган ҳолда очиқ ва конструктив руҳда ишлашга ҳаракат қиляпмиз. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши билан боғлиқ хабарлар ўрганилиб, Омбудсманнинг расмий муносабати сайтимизда эълон қилинмоқда. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида расмий веб сайтимизда Омбудсман фаолиятига оид 150 дан ортиқ материаллар эълон қилинди, ОАВ орқали 600 дан ортиқ чиқишлар ташкил этилди.
Жорий йилнинг январь ва июнь ойларида фуқаролар қабули тўхтатилмаган эди. Мурожаатчилар Омбудсман Котибиятининг сектор мудирлари томонидан душанбадан жумага қадар соат 9:00 дан 18:00 гача жадвал асосида қабул қилиб келинган. Шахсан ўзим ҳар ойнинг 15 ва 30 санасида фуқароларни қабул қиламан. Ҳақиқатдан ҳам мурожа-атлар кўп. Албатта, халқ ишончини оқлаш, мурожаатларни ҳал этишда натижадорликка эришиш ҳамда қийноққа қарши курашишда мавжуд имконият ва ресурсларимиздан максимал даражада фойдаланяпмиз.
Карантин қоидалари кучайтирилганлиги сабабли фуқаролар қабули вақтинча тўхтатилган ва ишонч телефони, почта хизмати, электрон почта, Ўзбекистон Респуб-ликаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ҳамда www.pm.gov.uz интернет портали орқали мурожаатларни қабул қилаётган эдик. Мана 9 августдан бошлаб яна фуқаролар қабулини йўлга қўйдик. 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида жами 9 632 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 2 мингга яқини шахсий ва сайёр қабулларда олинган.
ҚАЙСИ СОҲА ВАКИЛЛАРИНИНГ ҲУҚУҚИ КЎПРОҚ БУЗИЛАДИ?
— Умуман олганда ушбу ташкилотга қайси мазмундаги мурожаатлар кўп келиб тушади? Қайси соҳа вакилларининг ҳуқуқлари нисбатан кўпроқ бузилади? Уларнинг мониторинги йўлга қўйилганми?
— 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида Омбудсман манзилига юборилган мурожаатларнинг салкам 40 фоизи, яъни 4083 таси шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни амалга ошириш масаласига тааллуқли бўлган. Парламент назорати субъекти сифатида Омбудсман томонидан фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинлик ларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ 1718 та (42,0 фоиз) мурожаат ўз иш юритувига олиниб, кўриб чиқилиши натижасида 13 та жиноий, 4 та маъмурий ва 8 та интизомий иш қўзғатилди, масъул мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун 23 та текширув ўтказилди, 16 нафар давлат идоралари ходимлари турли даражадаги жавобгарликларга тортилди, суд қарорларига нисбатан прокуратура органлари орқали 2 та протест киритилди ҳамда мурожаат қилувчилар манфаатларини кўзлаб жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги 26 та қарор бекор қилинди. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Омбудсман манзилига жиноят ишлари бўйича суд қарорларидан норози бўлган фуқаролардан 680 та мурожаат келиб тушди. Бундан ташқари, хориждан 3 та ва маҳкумлардан 256 та мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатларда асосан, дастлабки терговда йўл қўйилган процессуал камчиликлар суд жараёнида аниқланганда, судья томонидан таъсир чораси қўлланилмаслиги, судья илтимосномани рад этиши, мажлис баённомасига томонлар чиқишларининг киритилмаслиги, гувоҳларни чақиришни рад этиш ва уларни сўроқ қилмаслик, экспертиза ўтказишни рад этиш, адвокат чиқишини кейинга қолдириш каби ҳолатлар кўрсатилган. Мазкур ҳолатлар суд қарорларининг қонунийлиги, холислиги ва адолатлилигига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиши мумкин. Шунингдек, фуқароларнинг Омбудсман ходимларини судда кузатувчи сифатида иштирок этишини сўраб ёзган мурожаатларига асосан 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида 45 маротаба суд жараёнларида иштирок этилган ҳамда жиноят ишлари бўйича суд томонидан қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилинмаганлиги сабабли 2 та иш бўйича қабул қилинган қарорлар бекор қилинган.
Биргина мисол, Олий Мажлис-нинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Тошкент шаҳри-да истиқомат қилувчи фуқародан яшаб турган уйини фирибгарлик йўли билан тортиб олиниши мумкинлиги сабаб суд мажлисларида Омбудсман иштирокини таъминланишида ёрдам сўраб мурожаат қилинган эди. Ушбу мурожаат синчиклаб ўрганилиб, фуқарога ҳуқуқий томондан амалий ёрдам кўрсатилиши учун ариза Омбудс-маннинг Тошкент шаҳридаги минтақавий вакилига юборилди. Минтақавий вакил мазкур низоли масала юзасидан жорий йилнинг 13 апрель куни Маъмурий ишлар бўйича Тошкент шахар туманлараро судининг барча суд мажлисларида иштирок этди. Аниқланишича, низоли хонадоннинг умумий ер майдони 26 м2 ни ташкил қилиб, шундан 17 м2 1991 йилда мурожаатчининг отаси номига эгалик ҳуқуқи асосида расмийлаштирилган. 9 м2 ер майдони эса ўзбо-шимчалик билан эгаллаб олинган ер майдони бўлган. Судга даъво ариза киритган қарши томон А.К. аслида мазкур хонадонга ижарачи сифатида жойлашган. Кейинчалик ноқонуний йўллар билан ўз номини рўйхатга ҳам қўйдириб олган. Қолган 9 м2 ер майдонининг бир қисмига ўзбошимчалик билан қурилмалар қурган ва 1991 йилда уларга нисбатан ҳоким қарорини ҳам чиқариб олган. Лекин қарши даъвогар тараф аслида Тошкент вилояти Зангиота туманида истиқомат қилган. Омбудсманга мурожаат қилган фуқаро бўш турган 9 м2 ер майдонини отаси номига расмийлаштириш бўйича ҳокимга мурожаат қилганидан хабар топган қарши томон А.К. судга мурожаат-чининг уйини буздириб ташлаш ва унга эгалик ҳуқуқини берилишини сўраган. Анчагина чигал масала...
Тошкент шаҳридаги Минтақавий вакилнинг судда иштироки иш бўйича баъзи муҳим жихатларни очиқланишига ва бундан суд хабардорлигин и оширишга ёрдам берди. Ни-золи иш бўйича олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида:
1986 йилда А.К. томонидан ўзбошимчалик билан қурилган қурилмалар бузилиши ҳақида Халқ Депутатлари С.Раҳимов тумани Кенгаши қарори қабул қилингани, бироқ қарор ижроси таъминланмасдан қолганлиги;
1991 йилда ҳақиқатдан ҳам С.Раҳимов тумани ҳокимлиги томонидан 2 та бир хил қарор қабул қилинганлиги, бироқ мурожаатчининг отаси номига умрбод эгалиқ қилиш ҳуқуқи асосида, қарши томон А.К. номига эса фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер майдони бериш ҳақида қарорлар қабул қилинганлиги;
А.К.га ер майдони вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилиши ҳақида қарор қабул қилинганлиги боис, Олмазор тумани ҳокимлиги томонидан ушбу фойдаланувдаги ҳудуд мурожаатчининг отаси номига эгалик ҳуқуқи асосида расмийлаштирилганлиги;
А.К. солиқ тўловларини умуман тўламасдан келганлигини аниқлади.
Суд тарафлар важларини, про-курорнинг даъво аризасини рад қилиш ҳақидаги фикрини ва юқорида кўрсатиб ўтилган асосларни инобатга олган ҳолда А.К.нинг даъво талабларини қаноатлан-тиришни рад қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди. Хуллас, уйидан умидини узган фуқаронинг Омбудсманга мурожаати ижобий ҳал этилди.
МУРОЖААТЛАРНИНГ КЕЙИНГИ ТАҚДИРИ БИЛАН КИМ ҚИЗИҚАДИ?
— Омбудсман назоратига олинган мурожаатларни ҳал этиш бўйича тегишли давлат идоралари ва ташкилотларга мурожаат қилингандан сўнг, унинг натижаси бўйича бизни хабардор қилишади. Мурожаатлар билан ишлаш бў-лими ходимлари эса маълумотни тасдиқлаш учун мурожаат муаллифи билан боғланишади. Баъзи ҳолларда суд қарорларининг вақтида ижро этилмаётгани, ҳоким қарорлари бажарилмай қолиши каби ҳолатлар ҳам учраб туради. Шундай ҳолларда яна тегишли давлат идоралари масъулларига алоқага чиқишга тўғри келади.
Юқорида келтирилган фактлар ва айтиб ўтилган реал воқелик кўрсатадики, фуқароларимиз баъзи ҳолларда суд-тергов жараёнларидан тўлақонли қониқмаяпти. Зеро, бугун замон зайли ўзгарган. Бир олам статистика ва бир нечта қоғозларга қараб ўқилган маърузалар орқали сувдан қуруқ чиқиб кетаман, десангиз, энди адашасиз. Келтирилган маълумотларни ушбу ташкилотларнинг масъуллари ўзлари учун бир сигнал сифатида қабул қилиши ва “мудраётган” фаолиятларини тезроқ ҳаракатга келтиришлари зарур.
Моҳинур РУСТАМОВА суҳбатлашди