АсосийSiyosat

Ўзбекистоннинг 1 фоиз ерида 10 фоиз аҳолиси яшовчи Андижонда сув, уй ва тибий хизмат билан таъминланиш даражаси қандай?

'Ўзбекистоннинг 1 фоиз ерида 10 фоиз аҳолиси яшовчи Андижонда сув, уй ва тибий хизмат билан таъминланиш даражаси қандай?'ning rasmi

Водий вилоятлари бўйлаб ташрифини давом эттираётган Шавкат Мирзиёев бугун Андижон вилоятида бўлиб турибди. “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқуловнинг хабар қилишича, андижонликлар билан учрашув чоғида президент ўз нутқини вилоятнинг энг долзарб масалалари бўлган уй-жой, сув ва тиббий хизматга бўлган эҳтиёжлар ҳақида бошлаб, бу борада яқин йилларда қилиниши кутилаётган ечимлар ҳақида гапирди.   

Уй-жой ва сув масаласи:

  • 20 мингдан зиёд оила уй-жойга муҳтож;
  • 304та маҳалланинг сув таъминоти яхши эмас,4,5 минг километр ёки 40 фоиз ички йўллар таъмирталаб ҳолатда.

Соғлиқни сақлаш:

  • вилоят аҳолисининг 56 фоизида ортиқча вазн, 46 фоизида меъёрдан ортиқ холестерин ва 31 фоизида юқори артериал қон босими мавжуд. Аҳолининг ўртача умр кўриш даражаси нисбатан паст;
  • вилоятда 29 та оилавий шифокор пункти, 20 та оилавий поликлиника, 10 та шифохона таъмирталаб аҳволда;
  • тиббиётнинг бирламчи бўғинида қувватлар етишмайди.

Шундан келиб чиқиб, президент вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли ҳаётини яхшилашга қаратилган беш йиллик дастурни тайёрланганини маълум қилди. Унга кўра, тиббиётда:

  • келгуси икки йилда шаҳар ва туманларда 11 та янги оилавий поликлиника ва 29 та маҳаллада оилавий шифокорлик пункти ташкил этилади;
  • келгуси беш йилда барча туманларда тез тиббий ёрдам машиналари янгиланади, жумладан, янги реанимобиллар олиб келинади;
  • саломатлиги бўйича юқори хавф гуруҳига кирувчи 600 минг нафар аҳоли скрининг кўригидан ўтказилади, қон босими ва диабетни даволаш учун зарур дорилар бепул берилади;
  • буйрак хасталикларини эрта аниқлаш учун, “тиббиёт бригадалари” экспресс-тестлар билан таъминланади;
  • онкологик касалликларни барвақт аниқлаш учун, 45ёшдан ошган 400мингаёл ҳар йили текширувдан ўтказилади;
  • Пахтаобод, Қўрғонтепа, Шаҳрихон ва Балиқчи туманларида перинатал марказлар ташкил этилади;
  • ҳар йили 900минг нафар болалар ва ҳомиладор аёллар7 турдаги витаминлар билан бепул таъминланади;
  • туманлар тиббиёт бирлашмаларининг хирургия бўлимлари замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланади;
  • вилоятда эксперимент тариқасида170 та бирламчи бўғин тиббиёт муассасаларида алоҳида ҳамширалик қабул пунктлари ташкил этилади;
  • ҳамшираларга 12 та энг кўп учрайдиган касалликлар бўйича, беморларни бирламчи текширув ва скринингдан ўтказиш ва дастлабки ташхис қўйиш ваколати берилади. Ушбу янги тизим бўйича, келгуси йилда 700 нафар ҳамшира махсус курсларда ўқитилади;
  • мураккаб операцияга муҳтож, 1 минг100нафар туғма юрак нуқсони бор болаларни бепул даволаш ташкил этилиб, бунинг учун бюджетдан 30миллиардсўм ажратилади;
  • Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси тўлиқ реконструкция қилиниб, унинг негизида водий аҳолиси учун, кардиология, нейрохирургия, кўз касалликлари ва урология йўналишлари бўйича, йилига 7 мингта мураккаб операция ўтказадиган “тиббиёт маркази” ташкил этилади;
  • Шунингдек, хусусий тиббиёт муассасалари сони 1 мингтага етказилади. Бунда, хорижий ҳамкорлар билан, 2 та кўп тармоқли замонавий клиника барпо этилади.

Шу тариқа Андижон водий ва қўшни давлатлар аҳолиси учун, тиббий туризм марказига айлантирилади. Умуман, Андижонда тиббиётни ривожлантиришга, келгуси беш йилда давлат томонидан 1,5 триллион сўм маблағ йўналтирилади.

Уй-жой ва сув:

  • келгуси беш йилда 21 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қурилади, шундан, 2 мингтаси эҳтиёжманд оилаларга ажратилиб, уларга ипотека кредити бўйича субсидия берилади;
  • июнь ойида тамал тоши қўйилган “Янги Андижон” шаҳри лойиҳасининг биринчи босқичида 192 та кўп қаватли уй қурилиб, 5 мингдан зиёд оила ўз бошпанасига эга бўлади;
  • Андижон ва Янги Андижон шаҳарларини боғловчи 16 километрлик тез юрар автобус йўналиши ташкил этилади;
  • вилоятда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳар йили камида 30 та қишлоқ ва маҳалла ободонлаштирилади ва ижтимоий объектлар таъмирланади. Бунга, ҳар йили қарийб 500 миллиард сўм йўналтирилади;
  • марказлашган ичимлик сув таъминоти даражаси 82 фоиздан 90 фоизга етказилади. Бунинг учун, келгуси беш йилда  5 минг 700 километр ичимлик суви ва 813километр канализация тармоқлари, 1 мингдан зиёд сув иншоотлари қурилади ва реконструкция қилинади.

Ана шундай ишлар ҳисобидан, вилоятда 1 миллион аҳолининг тоза ичимлик суви таъминоти яхшиланади. Бу мақсадлар учун 6 триллион сўм ажратилади.

Шунингдек:

Вилоятда 5 минг километр электр тармоқлари, 22 та подстанция, 2 мингта трансформатор қурилади, мавжудларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилади. Натижада, 350 мингдан зиёд аҳоли хонадонлари ҳамда 8,5 мингта ижтимоий соҳа ва тадбиркорлик объектларининг электр таъминоти барқарорлашади. Келгуси беш йилда 4,5 минг километр ички йўллар, 286 та кўприкларни қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Бунга 3 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади. 

Йиғилиш давом этмоқда.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар