АсосийJamiyat

Ўзбек тилини шу қадар оёқости қилиб, яна 21 октябрни ўзимизча байрам сифатида нишонлашга ҳаққимиз борми?

'Ўзбек тилини шу қадар оёқости қилиб, яна 21 октябрни ўзимизча байрам сифатида нишонлашга ҳаққимиз борми?'ning rasmi

Ғалати одатларимиз  бор. Ўзимиз емаган, боламиздан бекитган ноз-неъматларни меҳмонга тутамиз. Емай-ичмай йиғиб терганимизни ҳам бир кунлик тўй баҳона бошқаларга едирамиз. Хуллас, ўзимизни, ўзимизга тегишли бўлган нарсаларни қадрига етмаймиз.  

Тил масаласида ҳам инчунин. Неча йилдирки, бу масалада гапирамиз. Ёзамиз. Баҳслашамиз. Таклиф киритамиз. Байрам қиламиз. Муаммолар эса турган ерида қолаверади.  

Тил ҳақида куюниб гап сотамиз-у, бошқа миллат вакиллари ўтирган мажлисни бемалол русча олиб бораверамиз. “Тилимизнинг қадри йўқ” деб бонг урамиз-у, боламизни русча мактабга бериш учун таниш-билиш қидирамиз. Ҳаммаси тил учида, шунчаки тадбирбозлик учундек туюлаверади.  

Яқиндан иш юзасидан бир банкка киргандим. Оператор қиз ва мижоз ўртасидаги тортишувга гувоҳ бўлдим. Маълум бўлишича, мижоз оператор қизга қайсидир ҳужжатга киритилиши керак бўлган маълумотни русчалаб тушунтирган, қиз эса, хатога йўл қўйган. Натижада мижоз тўполон кўтарган.

Шу пайт банк раҳбари тушиб келди. Нима бўлганини сўради.  

–Ваша сотрудница сделала грубую ошибку. Она же не имеет право здесь работать с клиентами. Немедленно уволнять надо!

Қиз бечора йиғлаб, рус тилини яхши билмаслигини, шу сабабли хатога йўл қўйганини айтди.  

Филиал раҳбари ҳам мижоздан узр сўраб, ходимига нисбатан тегишли чора кўрилиши айтди.  

–Если она не знает русского языка, здесь я виновата что ли? – қош чимирди ўзининг ҳақ эканига ишона бошлаган мижоз.

–Да,  именно Вы, - дедим сабрим чидамай. – Потому что, вы нуждаетесь  ей помощ, а не она! (хатосиз гапирдиммикин)

Шу ўринда “тил билмас” ходимасини жазолашга тайёр турган банкирга ҳам икки оғиз “ширин” гапимни айтдим. Энг ёмони биласизми нима? Банк ходимасидан русча гапиришни талаб қилган мижоз рус ёки украин бўлганида ҳам тушунган бўлардим. Унинг умуман рус миллатига алоқаси йўқ, ташқи кўринишидан исм-фамилиясигача ё ўзбек, ё тожик, хуллас мусулмон қизи  экани кўриниб турибди.

У табийки мени бошқаларнинг ишига бурун суқишда, миллатчиликда айблаб, устимдан судга мурожаат қилиши айтди. Катта кўча! (Лекин ҳозирча суддан чақирув қоғози келмади)  

Айб бошқаларда эмас ўзимизда.

Постсавет давлатларининг барида шу аҳвол, бу Чор ва Совет истилоси таъсири, деб овунамиз. Ҳолбуки, биз совет ҳукумати қулашидан икки йилгина олдин минг азоб билан қўлга киритган  давлат тили мақомига  Болтиқбўйи ва Кавказорти давлатлари анча олдин эришиган. Ҳозир бу давлатларнинг миллий тили ўз расмий мақомини барқарор ушлаб турибди.  

Грузияда бир ҳафта юриб, бир жойда, эски бир “дом”нинг орқасида қолиб кетган “Миру Мир” шиорининг қолдиқларидан бошқа русча эълон ёки пешлавҳа тополмагандим.

Гоҳида қўшни Қозоғистонда миллий тил масаласи  биздан ҳам чатоқ  деган гаплар қулоққа чалинарди. Бекор гап. 2019 йилда Алматида ўтган  бир халқаро форумда қатнашганман. Сенат  раисидан тортиб, вазирлару ҳокимларгача ҳаммаси ғирт қозоқча гапирди. Меҳмонлар қандай тушунди? Ана, қулоқчинни тақинг-да, истаган тилингизда таржимасини эшитаверинг – русча, инглизча, французча...

Бошқа қўшниларимизда ҳам аҳвол анча тузук. Анча йилдирки, Тожикистонда ҳатто жой номларини ҳам тожиклаштириш сиёсати олиб борилади. Коммнуизм, Маркс, Энгельс. Ильич сингари  советча номларни қўятуринг, Қўрғонтепа, Янгиқишлоқ, Қоратегин, Қайроққум, Қизили сингари минг йиллик туркий топонимларни ҳам Рашт, Бўстон, Гулистон, Бохтар, Лолазор  сингари форсий номларга алмаштириб  бўлишибди.  

Бу ҳолатни қоралашга ҳаққимиз йўқ. Негаки, ҳар бир давлат ўз маъмурий бирликлари номини ўз тилида номлашга ҳақли. Оқлаб ҳам бўлмайди. Бу йўлдан бориладиган бўлса, бизда ҳам Ҳазорасп, Пешкў, Панжоб, Сиёб, Шаҳрисабз, Сариосиё, Себзор, Тахтапул, Оҳангарон   сингари ўнлаб форсий топонимлар бор. Мен бу қадимий номларни  ўзгартириб бўлмаслигини тушунаман. Лекин, ўз юртимиздаги, соф ўзбек тилидаги  Тўйтепа, Бўз, Ёмонтелпак сингари жой номлари нима сабабдан форсий-арабий аслли Нурафшон, Бўстон, Нуробод сингари номларга алмашаётганини тушунолмайман. (Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.)

Одамга алам қилади-да!  

Ўзимиз ўзбек бўлиб туриб, ўз тилимизни яхши кўрамасак, унинг шаъни, обрўйи учун курашмасак...

Саволлар кўп! Россияда уч-тўрт йил ишлашга борадиган мигрантлардан рус тиилини билиш расман талаб қилинса, тўғри тушунилади-ю, нима учун шу ерда туғилиб ўсган, бир умр ўқиб, ишлаб, яшаб ўтадиганлардан рус тилини билишни сўрасак, миллатчига айланамиз?

Нима учун ўзбек тилини билмайдиган одамлар исталган соҳада, исталган лавозимда ишлаши мумкин, аммо рус тилини билмаган ходимга нисбатан  “мижоз”нинг талаби билан жазо қўлланади?  

Нимага, русча бииладиган талабгорларни ишга олишда  имтиёз берамиз-у, қайсидир ходим “ўзбекчада пожалуйста эмас, илтимос дейилади” деса, уни ишдан қувамиз?

Ўзбек тилини шу қадар оёқости қилиб, яна 21 октябрни ўзимизча байрам сифатида нишонлашга ҳаққимиз борми? Бор бўлса, яхши – унда байрамингиз муборак бўлсин!

 

Рустам Жабборов, журналист

    Бошқа янгиликлар