Ижтимоий тармоқларда Қўрғонтепа ҳокимининг шифохона раҳбарига “бемор ташқаридан дори олмасин” деб топшириқ бергани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан тиббиёт бирлашмаси раҳбари изоҳ берди.
Қўрғонтепа тумани ҳокими Алишер Халиловнинг тиббиёт бирлашмаси раҳбарига телефонда “Дорини кўчадан олмасин, ҳаммасини шу ердан қилдириб беринг. Бирор нарса ташқаридан олса — хафа қиламан”, дегани туширилган видео ижтимоий тармоқларда муҳокама марказига айланди.
Маълум қилинишича, ҳоким тун вақтида шифохонани кўздан кечирган ва даволанаётган икки ойлик чақалоқни кўтарган она билан суҳбатлашган. Шифокор болада иммунитет пастлиги онанинг ҳомиладорлик даврида камқонлик билан боғлиқ бўлганини айтган.
Ҳолат юзасидан Қўрғонтепа тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Ёдгорбек Бўронов изоҳ берди. Унинг айтишича, бола шу вақтгача давлат томонидан бериладиган дори воситалари билан даволаниб келган ва ташқаридан ҳеч қандай дори харид қилинмаган.
“Бундай топшириқлар кўп бўлиб турадими?” деган саволга Бўронов: “Йўқ, кўп эмас — йилига бир-икки марта. Шароити бўлмаса, ёнимиздан ёрдам қиламиз”, — дея жавоб берган.
Ушбу ҳолат тиббиёт муассасаларидаги таъминот масалалари ва ҳокимларнинг аралашуви борасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.






