Сир эмас, кўпчиликнинг шифохона ёки поликлиникаларда кутишга, навбатда туришга сира тоқати йўқ. Аксарият одамлар ҳар бир ишини тез ва осон битишини хоҳлайди. Айниқса, агар у бемор бўлса... Ўзи бемор бўла туриб шифокор қабулига кириш учун навбатга туриш, бунинг оқибатида келиб чиқадиган асаббузарликлар ҳар қандай инсоннинг дилини хуфтон қилиши аниқ.
Шу сабабли бугун Ўзбекистонда тиббиёт тизимини рақамлаштиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентнинг тегишли қарорлари ббиан бирламчи тизимда “Электрон поликлиника” ахборот тизими йўлга қўйилмоқда.
Бироқ ушбу тизим соғлиқни сақлаш соҳасига қанчалик самарали татбиқ этилмоқда? Унинг беморлар ва шифокорлар учун афзалликлари нимада?
Чилонзор туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Раъно НОСИРОВА айни шу саволларга жавоб берди.
"Аксарият касалликларнинг илдизи асаб бузилишларига бориб тақалишини кўпчилигимиз яхши биламиз. Бироқ бу нохуш ҳолат айнан тиббиёт муассасаларининг ўзида юзага келса, ҳар қандай инсоннинг кўнглини хира қилиши, аниқ. Тўғри-да, жони азобда оғриётган қайси беморга узундан-узоқ навбат кутишлару ортиқча оворагарчиликлар ёқади. Албатта ҳеч кимга.
Эътиборлиси, бугунги кунда туманимиздаги 7 та оилавий ва 1 та кўп тармоқли марказий поликлиникада фуқароларнинг электрон рўйхатини босқичма-босқич шакллантириш орқали бундай ноқулайликларга барҳам берилмоқда. Жумладан, белгиланган тиббий харитага мувофиқ, оилавий поликлиникаларни рақамлаштириш мақсадида туманмиздаги марказий кўп тармоқли поликлиникада биринчи бўлиб, “Электрон поликлиника” дастури яратилди ва барча шифокорларни ушбу дастур ёрдамида фаолият олиб бориши йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиника юқори тезликдаги интернет тармоғига уланди. Натижада “Электрон поликлиника” дастури ортиқча қоғозбозликларга чек қўйиб, барча ишларни тизимли равишда олиб боришга, тезкор ва аниқликда ишлашга, энг асосийси, шифокорларни беморлар учун кўпроқ вақт ажратишига шароит яратмоқда.
Биргина мисол, одатда оилавий поликлиника шифокори лаборатор текширувига юбориш учун беморга бир дунё тиббий анализлар рўйхати ёзилган қоғоз тутқазади. Аҳамиятлиси, “Электрон поликлиника” дастури орқали бу ишларнинг барчаси жуда тез ва осон битади. Яъни ушбу дастур орқали шифокор томонидан керакли тиббий таҳлиллар белгиланиб, лабораторияга юборилади. Лаборатория ходими эса ушбу маълумотларга асосланиб, бемордан керакли таҳллиларнигина олади ва қайта шифокорга юборади. Бу эса бемор ва шифокор вақтини тежаб, тиббий маълумотларни хавфсиз сақлашга ёрдам беради.
Яъни мазкур тизимнинг афзаллиги, барча тиббий хужжатлар электрон шаклда бўлади, аҳолига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатилади. Қолаверса, “Электрон” поликлиника” онлайн рўйхат асосида фуқароларни қабул қилиш, масофавий диагностика, бемор саломатлигини масофадан мониторинг қилиш, тиббий карталарнинг тармоқли тизими, виртуал тиббий кўрикдан ўтиш, виртуал шифохона хизмати, электрон рецептлар, телеметрия ва зарур тиббий ёрдамни уйда олишга имкон яратади.
Бир сўз билан айтганда, ушбу лойиҳа соғлиқни сақлаш муассасалари ўртасида тиббий маълумотлар алмашинуви учун дастурий муҳит яратиш, тиббиёт тизимини замонавий, давр талабларига мослаштириш орқали уни модернизация қилишга катта ёрдам бермоқда",-дея бу янгиликдан мамнунлигини билдиради шифокор.