Пиёдалар йўлагидан йўлни кесиб ўтаётган ходимни тегишли ҳужжатлари бўлмаган ҳайдовчи Onix машинасида уриб кетган.
ЙТҲ 2025 йил 25 ноябрь куни кечки пайт Наманган шаҳрида содир бўлган. Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ ходими Дониёр Нуруллаев йўлни пиёдалар йўлагидан кесиб ўтаётган вақтида уни Onix машинаси уриб кетган.
Onix’ни ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган йигит бошқаргани айтилмоқда. ЙПХ ходими оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.
Маълум бўлишича, Дониёр Нуруллаев Наманган шаҳрига даволаниб, соғлигини тиклаш мақсадида борган.
Дониёр Нуруллаевнинг вафоти Навоийда жаноза хабарлари бериб бориладиган Telegram каналида ҳам эълон қилинди. Қайд этилишича, 28 ёшли ЙПХ ходими икки фарзанднинг отаси бўлган.
Наманганда 4 кун олдин, 21 ноябрь куни ҳам хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими Onix уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлганди. Унда ҳам машинани тегишли ҳужжатлари бўлмаган ҳайдовчи бошқарган.






