1

Контрабанда йўли билан олиб кирилаётган қарийб 400 млн. сўмлик товар фош этилди

ЖАМИЯТ 25.04.2016, 16:28
Контрабанда йўли билан олиб кирилаётган қарийб 400 млн. сўмлик товар фош этилди

Давлат божхона қўмитаси томонидан “Божхона органлари томонидан контрабанда ва божхона қоидабузарликларига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Божхона соҳасида содир этилаётган жиноятлар, бир томондан, давлатнинг иқтисодиётига жиддий таҳдид солса, иккинчи томондан, инсонларнинг саломатлиги, аҳолининг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришига ҳам хавф туғдиради. Контрабанда жиноятини содир этувчи шахслар ўзларининг жиноий мақсадларига эришиш учун уюшган гуруҳлар тарзида, ўз ҳаракатларини пухта ниқоблаб, содир қилиш услубларни мукаммаллаштириб, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда содир этишга уринадилар.

Сўнгги йилларда чегара божхона постларига 13 та катта ҳажмдаги юкларни комплекс назорат қилишга мўлжалланган сканер қурилмалари ва радиация назоратини амалга оширувчи 11 та радиацион портал мониторлари ўрнатилди. Уларнинг кўмагида нафақат йирик ҳажмдаги юк автомашиналари саноқли сонияларда божхона кўригидан ўтказиш имконияти туғилмоқда, балки бир қатор божхона қоидабузарликлари ҳам фош қилинмоқда. 

Жумладан, жорий йилнинг 4 февраль куни Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан “Яллама” чегара-божхона пости орқали республикамиз ҳудудидан транзит тарзида ўтаётган юк автомашинаси сканер қурилмаси орқали божхона кўригидан ўтказилганда, унда божхона юк декларацияси ва йўл-юк кузатув ҳужжатларида қайд этилмаган қиймати 60 млн. сўмдан ортиқ 13 турдаги товарлар яширин равишда олиб ўтилаётганлиги фош қилинди.

Шунингдек, 25 март куни Бухоро вилояти божхоначилари томонидан «Олот» чегара-божхона комплекси орқали Туркиядан келаётган юк автомашинаси сканер қурилмаси орқали божхона кўригидан ўтказилганда, унда йўл-юк кузатув ҳужжатларида қайд этилмаган 331 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар яширинча олиб кирилаётганлиги аниқланди.

Икки ёки ундан ортиқ давлат ўртасида товарларнинг чегаралараро олиб ўтилиши, контрабанданинг олдини олиш ва бошқа қонунбузарлик ҳолатларини назорат қилиш борасидаги вазифаларни самарали бажаришда турли давлатларнинг божхона хизматлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамият касб этади. 

ДБҚнинг Контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси томонидан МДҲ мамлакатлари ва хорижий давлатлар божхона хизматлари билан тузилган Битимлар асосида контрабанда ва божхона қоидалари бузилишига қарши курашиш масалаларида ҳамкорлик амалга ошириб келинмоқда, шунингдек, ўзаро мақсадларни кўзловчи маълумотлар алмашинувини олиб бориш йўлга қўйилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1