Эко фаол Наталия Шулепина Тошкент шаҳрида чанг ғубор ҳодисалари ҳақида ўз фикрини билдириб ўтди. У пойтахтда кўтарилган чанг-ғуборнинг сабабини шаҳарда вентилация йўқлиги билан боғлаган.
– Илгари шаҳарда ҳаво оқимларининг ҳаракатланиши, шаҳар ҳавосида тўпланган ифлос моддаларини ташқарига чиқиб кетиши, чанг кўтарилиши олди олиш чоралари кўзда тутилиб шаҳар режаси ишлаб чиқилган эди. Ҳаёт омилларини ҳисобга олмаган ҳолда пала партиш ва чексизликка қараб интилаётган қурилиш объектларида эндиликдаги бош режада бу каби омилларни инобатга олиш йўқ. Биргина шаҳарсозликнинг пала партиш ташкил этилаётгани асосий муаммо эмас. Транспорт воситаларидан чиқаётган ифлос моддалар, дарахтлар кесилиши, сув ҳавзаларининг йўқ қилинаётгани ҳам ҳудуд учун алоҳида хусусиятга эга микроиқлим ҳосил бўлишига ва бу омил келаётган хавфни кучайтириб беришга ўз ҳиссасини қўшади, – деб таъкидлайди Наталия Шулепина.
Эколог ҳаттоки, чала чўл ҳудудларда янги ерлар ўзлаштирилганда ҳам атрофига қалин тутзор, шамол кучини пасайтирувчи, шамолга чидамли дарахтлар экилиб, чанг бўрон ихоталанганлигига эътибор қаратади. Ўша пайтда илмий асосланган сиёсат маҳсули сифатида "Бухоро белбоғи" номи билан машҳур атамани ҳам эслатиб ўтади.
– Ҳозир ундай эмас, янги ўзлаштирилган ерлар атрофи дарахтлар билан деярли ихоталанмайди. Кўпчилик фермерлар аграном эмас, улар табиатга эмас, ерларга қизиқади, ҳар бир ердан унумли фойдаланишга максимал ҳаракат қилади. Яшил камарлар ташкил этилмайди, буни хаёлига хам келтиришмайди, шамоллар эса ҳувуллаб у ёқдан бу ёққа айланиб, хохлаган ишини қилиб юраверади.
Ўтган асрнинг 50 йиллари қозоқ ерлари мустаҳкам ўсимлик қопламига эга ландшафтли замин эди. Уларда ҳам ерларни ўзлаштириш бошланиб кетди. Чордара сув омбори қурилиши ортидан, минг минглаб гектар ерлар ҳайдалди. Охирги йиллар Қозоғистон жанубида иқлим ўзгариши, ўзгариш фонида ҳароратнинг исиши ва қурғоқчилик омили тупроқ дегредациясини кучайтириб юборди. Эндиликда, ҳаттоки, куз-қиш ойларида кутилажак шамоллардан Тошкент вилояти атроф ҳудудларида чанг бўронлар кўтарилиши хавфи пайдо бўлиб қолди, – дейди эко фаол.
У "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси ҳақидаги хулосаси билан ҳам ўртоқлашади.
" – Лойиҳа асосида ҳар бир ҳудудда кўчат экиш тадбирлари яхши йўлга қўйилди. Бу орқали шамолда ердаги зарачаларнинг кўтарилиши олди олиниши ва чанг бўронлари хавфини камайтиришга эришилади. Ҳозирги вазият ва мавжуд имкониятдан келиб чиқиб, дарахтзорлар ташкил этиш шу муаммони ечишдаги оптимал вариантдир. Аммо, иқлим ўзгариши, қурғоқчилик омилининг хавфлилашиб бориш кутилмалари инобатга олинса, келгусида уларни суғориш масаласи ҳам маҳаллий ҳокимятлар олдида асосий бош қотирма бўлади.
Сув захиралари камаймоқда, шунинг учун суғоришнинг бошқа йўлларини излаган ва уни амалда қўллаган маъқул. Масалан, республиканинг йил давомида 180-300 мм оралиқда ёғин ёғадиган адир, тоғ олди ва айрим текислик минтақаларида мулча, бепоён чўл ва чалачўл минтақаларида экилган кўчатларга эса гидрогел ўғитини қўллаш усули ўз самарасини бериши мумкин. Мулча усули ёрдамида боғ яратишда суғориш талаб этилмайди. Тупроқ намини пленка ёрдамида ушлаб қолиш эвазига яшиллиликни барпо этиш мумкин. Гидрогел ўғитлари эса қиш-бахор ойларида ёғган ёғин ҳисобига, чўл ва чала чўлларда тупроқ намини узоқроқ ушлаб туриш хусусиятига эга. Бу суғориш усуллари бўйича илмий сферада олимларимиз узоқ йиллик илмий ва амалий тадқиқот ишларини олиб борган.
Албатта, жойларда экилаётган кўчатлар турини ҳам жойнинг географик шароитидан келиб чиқиб танлаш керак. Игнабаргли дарахтлар экишни камайтириш керак. Чўл ва чала чўл ҳудудларида маҳаллий саксовул, юлғун каби бута ва ярим бута ўсимликлари экилиши мақсадга мувофиқ. Иқлимнинг келгусида исиши инобатга олиниб, кенг баргли дарахтларга урғу бериш, кенг баргли дарахтларни танлашда аллергияни келтириб чиқармайдиган турлар танлаб олиниши лозим, – дейди Н.Шулепина.






