1

Баҳоуддин Нақшбанднинг устози ҳақида биласизми?

МОЗИЙДАН САДО 23.11.2021, 09:01
Баҳоуддин Нақшбанднинг устози ҳақида биласизми?

Қадимий масжид, ноодатий қурилиш услуби ва бориб кўришга арзирли зиёратгоҳ. Навоий вилоятидаги навбатдаги манзилимиз Кармана туманининг Ҳазара қишлоғида жойлашган Мавлоно Ориф Деггароний масжиди бўлди. 

                                             Қозон ясовчи

"Мавлоно Ориф Деггароний атоқли тарбиячи, хожагон-нақшбандия тариқати ривожига муҳим ҳисса қўшган соҳиби каромат зот бўлган. У киши Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларидан олти ёш катта бўлиб, ул зотга устозлик қилган", дейди масжид имом-хатиби Сайдулла Бобоназаров.  Мавлоно Ориф XIV асрда, тахминан 1313-1380 йиллар атрофида яшаб ўтган. Масжид яқинида у зотнинг мақбараси ҳам жойлашган."Деггарон” эса сўзи форсча “қозон ясовчи” маъносини билдириб, қишлоқда ўша даврларда шу иш билан шуғулланувчи ҳунармандлар истиқомат қилишган экан.

                            Устунлар зардуштийлар даврига оидми?

"Масжиднинг қачон қурилганлиги тўғрисида турли тахминлар бор", дея имом-хатиб тарихига тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, масжид биноси VI-VII асрларда барпо қилинган ва зардуштийларнинг ибодатхонаси бўлган бўлиши мумкин. Ўша пайтларда у бино кўринишида эмас, фақат тўрт устун ушлаб турган гумбазли айвон шаклида бўлган. Ҳудудга ислом динининг кириб келиши билан ибодатхона атрофлари пахса деворлар билан ўралиб, у масжидга айлантирилган ва турли даврларда қисмларга бўлиб, таъмирланиб келган. Устунлар ўз ҳолича сақланиб қолган. Собиқ Совет Иттифоқи даврида эса бу улуғ маскан омборхона вазифасини ўтаган. Шу сабабли бино устунларига бироз зарар етган.

Бошқа тахминлар ҳам бор

Турли манбаларда мазкур масжиднинг қурилиш даврига оид турлича қарашлар келтирилади. Хусусан, рус олимлари Якубовский, Варониналар, 1936-1937 йилларда тадқиқот олиб борган Шишкин ва Массонлар бу масжид IX-X асрларда бунёд этилган, дея фикр билдиришган. 1951 йилда яна қайта ўрганиш ишларини олиб борган Варонина “Деггарон” масжиди XI аср ёдгорлиги деган сўнгги хулосани берган.

                                  Ривоят қилишларича...

Абул Муҳсин Боқир ибн Муҳаммад Алининг “Баҳоуддин Балогардон” номли рисоласида Мавлоно Ориф Деггароний ҳақида қуйидагилар баён қилинган: “Амир Саййид Кулол айтган эдилар: “Менинг ёронларим орасида мана шу икки киши, яъни Хожа Баҳоуддин ва Мавлоно Ориф Деггаронийга ўхшаган ҳеч ким йўқ, қаддасаллоҳу сирраҳумо. Булар ҳаммадан ўзиб кетиб, валийлик даражасига эришдилар”. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд Амир Саййид Кулол тарбиясидан сўнг, яна етти йил Мавлоно Ориф Деггаронийнинг хизмати ва мулозаматида бўлдилар. Бу мулозаматда хилма-хил риёзат ва жидду жаҳдни ўз бўйниларига олдилар. Деггарон ва унинг атрофларида юрдилар. Кўп вақтлар Мавлоно Ориф билан бирга Работи Малик қурилишида хизмат қилдилар. Ажиб ва ғариб воқеалар бошларидан ўтар эди. Мавлоно Орифнинг ҳурмати учун мулозамат ва хизматни давом эттирар эдилар. Шу етти йил давомида ариқ лабига таҳорат учун борсалар-да, Мавлонодан юқорида таҳорат олмас эдилар. Йўлда кетаётганларида уларнинг қадамларининг изи устига оёқларини қўймас эдилар".

                                                                                            Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ,

                                                                                              Тошкент-Навоий-Тошкент

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1