АсосийMoziydan sado

Эрон шаҳаншоҳининг ўзбек тилидаги фармони

'Эрон шаҳаншоҳининг ўзбек тилидаги фармони'ning rasmi

Маълумки, бизнинг ўзбекча - она тилимиз бир пайтлар бугунгидан кўра каттароқ майдонда қўлланган ва ҳозиргидан юқорироқ мавқега эга бўлган. Гарчи ўтмишда ўзбек тили атамаси у қадар кенг қўлланмаса-да, то ХХ аср бошларига қадар бу тилни турк тили, туркий тил, ҳоқоний лаҳжаси, чиғатой тили каби номлар билан атаб келишган.

Чингизхон босқинидан сўнг Ўзбекистон ҳудудининг катта қисми Чингизхоннинг иккинчи ўғли Чиғатой (1183-1242) қўл остида бўлгани сабабли узоқ муддат бу мулкни Чиғатой улуси деб атаганлар ва улар гапирган тилни кейинчалик чиғатой деб аташган. Усмонийлар, Сафавийлар, қожорлар ва бошқа қўшни давлатлар ҳам ўз тилларини фарқлаб туриш учун бизнинг ҳудуудидамизда ишлатиладиган бадиий тилни “Чиғатой тили” ёки “лаҳжаси” деб нгомлаганлар.

Соҳибқирон даврида 1404-1405 йиллар Самарқандда сафарда  бўлган испан элчиси Дон Рюи Гонзвалес де Клавихо ҳам  маҳаллий  туркий халқларни чиғатойлар деб атаган. ХХ аср бошларда бир гуруҳ ўзбек зиёлилари, жадид боболаримиз тузган адабий-бадиий тўгаракни ҳам беҳуда “Чиғатой гурунги” деб аташмаган. Қўшни давлатларда ҳам Мовароуннаҳр ва Хуросонда қўлланган, Алишер Навоий гўзал асарлар битган  туркий тилни чиғатой тили деб аташган.

Маълумки, бугунги Эрон ҳудудида туркий сулолалар сўнгги минг йил давомида, 1005 йилдан  1925 йилга қадар ҳукмронлик қилишган. Бугунги кунда ҳам мамлакатдаги туркий халқларнинг умумий сони 40 миллион кишидан ортади. Шу сабабли ўтмишда Эрон ҳудудида туркий тилнинг иккита адабий шакли – ўғуз (мумтоз Озарбойжон) ва чиғатой (эски ўзбек) тиллари форс тили билан ёнма-ён ишлатилган. Бу тилда бадиий ва илмий асарлар, расмий ҳужжатлар яратилган.

Мисол тариқасида, Эронда ҳукм сурган охирги туркий сулола – қожорларнинг таниқли вакили, Фатҳали Шоҳнинг (1772-1834) 1806 йил 12 декабрь санасида Муҳаммад Шафиъ Қадимийни садри аъзам вазифасига тайинлаш ҳақидаги фармонини олиш мумкин. Чиғатой туркчаси – эски ўзбек тилида битилган бу тарихий ҳужжат айни пайтда Эрон Исломий шўроси   мажлиси кутубхонасида №1453 рақами остида сақланмоқда. Фармон  қожорлар саройи муншийси Мирза Муҳаммад Розий Табризий томонидан битилган бўлиб, унда қуйидаги сатрларни ўқиймиз:

“Чун давлатли, иззатли, саодатли, иродатли, маждатли, наждатли, қиёсатли, фаросатли, оқибатли, бандалик жомасин хома игнаси ила тиккан ва чокарлик донасин юрак мазраъинда эккан эски хидматкор, иссиқ-совуққа пойдор, мумтаҳан ул-ҳазрати улё, муътаманус-салтанати узмо Мирзо Муҳаммад Шафиъ Қадимийким, таййи лисонидин муштарий бошинда тайласон ва ҳусни баёнидин тири дабир безабондур.

Бурунғи замондин қуллуғимизда бел букуб ва тирикликда бор-йўқин йўлимизда тўкуб, қатла-қатла қаттиқ ишларға тушуб, турлук-турлук кишилар бирла кўрушуб, саҳоби инояти шоҳона томчиларидин иқболининг ўлангин кўкартгай, ва рифъатимиз учукидин аъмолининг юртин яшнатгай. Вазорат тўни ила инжулик бўйин тўнадик ва тушкунлукда марҳамат қўли ила букилмиш белини тирадукким, давлати побаржо барча раият ва ясоқлиғ анинг истимоидин фароғат ёстиғиға ястанарлар ва анинг сўзи мамлакатимизнинг кунтуғаридин кунботариғадек  синалмиш саналурлар. Улусларнинг хайри дуосидин зоти ҳумоюнимизға улушлар тегургай ва инъомимиз оидасидин фойдалар кўргай”.

Бир қарашдаёқ, бу ҳужжат классик Озарбойжон тилида эмас, Навоий, Бобур, Огаҳий, Машраб сингари шоирларимиз ижод қилган мумтоз ўзбек тилида ҳозирланганини кўриш мумкин.

Фармондан маълум бўлишича, Муҳаммад Шафиъ Қадимий  узоқ йиллар қожорлар салтанатига садоқат билан хизмат қилгани эътиборга олиниб, уни садри аъзам (бош вазир) лавозимига тайинлашган. Мамлакат шаҳаншоҳи имзолаган ана шундай муҳим ҳужжатнинг эски ўзбек тилида битилиши тилимиз ўша пайтларда юртимиз ташқарисида ҳам қанчалик эътиборли  бўлганидан дарак беради.

 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар