Қадим юртимиз асрлар давомида не-не давру давронларни, тамаддун ва таназзулларни кўрмади, дейсиз. Юртимизга Ислом дини кириб келгунига қадар, аждодларимиз турли динларга топинганлар. Юртимиз ҳудудида турли даврларда тангричилик, монийлик, маздакийлик, зардуштийлик каби динларга эътиқод қилишган.
Дунёнинг турли музейларида ва коллекцияларда Ўзбекистон ҳудудидан олиб кетилган турли бебаҳо экспонатлар – исломий эътиқодни ўзида акс эттирган жойнамозлар, тасбиҳлар, қўлёзмалар, фотосуратлар қаторида яҳудийдарнинг Таврот ўқиш учун лавҳлари, зардуштийларнинг суяк сақланадиган остадонлари, насронийларнинг хоч тасвири туширилган идишлари, қадимги ҳинд маъбудлари расми ўйилган тангалар ва ҳоказоларни учратиш мумкин.
Бир пайтлар мамлакатимиз жанубида буддавийлик дини кенг қулоч ёйгани, бу ҳудуддан топилган осори атиқалар, ибодатхона қолдиқларида ҳам ўз аксини топади. Термиз яқинидаги Фаёзтепа ёдгорлиги ҳам фикримизнинг яққол далилидир.
Буддавийлик нимага буюради?
Маълумки, буддавийлик ҳам ислом ва насронийлик сингари сайёрамизда кенг ёйилган дунёвий динлар қаторида туради. Бугун Хитой, Япония, Корея, Вьетнам, Мўғулистон, Ҳиндистон, Таиланд, Мьянма, Камбожа сингари мамлакатларда 700 миллиондан ортиқ аҳоли шу динга эътиқод қилади.
Гарчи буддавийлик Исломда тан олинган яккахудолик динлариддан бўлмаса-да, бу динда ҳам олижаноблик, бағрикенглик, сабр-қаноат, софлик каби тушунчалар қадрланади.
Манбаларга кўра, бу динга милоддан аввалги 543 йилда қадимги ҳинд шаҳзодаси Сиддҳарта Гаутама асос солади. Ривоятларга кўра, у отаснинг ягона вориси бўлиб, подшоҳ болалигидан ўғлини турли ёмон тасаввурлар ва ҳис-туйғулардан ҳимоялаб келарди. У саройдан ташқарига чиққанида биринчи бор, кексалик, касаллик, ўлим ҳақидаги тушунчаларга эга бўлади ва бутун дуёндан кўнгли совийди. Тарки дунё қилиб, хилватга чекинади. Шу тариқа у ҳаётнинг асл мазмунини кашф этишга киришади ва ўз таълимотини яратади. Кейинчалик у Будда Шакьямуни номини олади.
Будда таълимотига кўра, бу ҳаёт фақат азоб-уқубатлардан иборат. Бу уқубатларнинг асл сабаби одамларнинг нафсоний истакларидир. Инсон азоб уқубатлардан халос бўлиши учун ана шу истакларидан воз кечиши лозим. Шундагина у абадий ҳаловат – нирванага эришади.
Будда таълимотида барча тирик мавжудотларга, инсонларга, ҳайвонот ва наботот оламига меҳр-муҳаббат билан боқиш, дунёнинг лаззатлари ва ҳою ҳаваслардан воз кечишга даъват этилади.
Жайҳун қирғоғидаги антиқа топилма
1963 йил. Кўҳна Сурхон воҳасининг Жайҳун соҳилига туташ ҳудудида Л.Альбаум бошчилигидаги экспедиция ходимлари тарих сирларини очишга чандон аҳд қилиб, енг шимариб ишлашмоқда. Шу пайт археологлардан бири тупроқ қатламлари орасидан оппоқ ганчдан ясалган ҳайкал бошини топиб олади.
Археологлар чиндан ҳайратда қолишган эди. Чунки улар бир қарашдаёқ ҳайкал Буддага тегишли эканини тушуниб етишганди. Бу чинакам шов-шувли топилма эди. Ахир ҳали Ўзбекистон бу ҳудуддан буддавийлик маданиятига тегишли осори атиқалар деярли топилмаган эди.
Ҳайкал боши Термиз Ўлкашунослик музейига топширилди. Бу ҳудудда қидирув-текширув ишлари эса тўхтаб қолмади. Бу ишларда мазкур музей директори Р. Фаёзов катта ёрдам берди. Унинг ўзи туну кун археологларнинг қаватида туриб, замин қаърида асрлар давомида яшириниб ётган синоатларни ўрганишга киришди. (Кейинчалик бу тарихий ҳудуд Ўлкашунослик музейи раҳбарининг отаси номи билн атала бошлади.)
Фаёзтепа буддавийлик мажмуаси кенг тўсиқлар билан бирлашган деворларида чуқур токчалари бор ўн тўққизта алоҳида ҳужрадан иборат. Фаёзтепа қазишмаларида олимлар кўплаб қизиқарли топилмалар: маҳаллий маъбудлар ва подшолар, Будда ҳузурига таъзимга бораётган роҳиблар ва оддий фуқароларнинг тасвирларини топдилар.
Ибодатхонанинг асосий қисмида Будданинг медитация ҳолатидаги ҳайкали яхши сақланган, унинг чеҳраси сокин ва паришон. Сал ўнгроқда ибодатхона устида пойдевори хочга ўхшаш ва буткул думалоқ гумбазли унча катта бўлмаган ҳовонча қурилган бўлиб, унинг ичида ҳайкалнинг кичрайтирилган нусхаси жойлашган.
Ўз вақтида қурилмада топилган роҳиблар ҳужралари, зиёратчилар учун жойлар, хўжалик хоналари бу жой нафақат ибодатхона, балки монастирь (яшаб ибодат қилинадиган жой) ҳам бўлганлигидан далолат беради.
Фақатгина бу ерда эмас...
Кейинчалик Сурхондарё ҳудудида олиб борилган археологик изланишлар натижасида Қоратепа, Дарварзинтепа, Ажинетепа, Холчаён, Зурмала сингари ҳудудлардан ҳам буддавийликка оид ибодатхона қолдиқлари, ибодат ашёлари ва ҳайкаллар намуналари топилди.
Бундай топилмалар қўшни Афғонистон ва Тожикистон ҳудудларида ҳам аниқланган. Хусусан, Жайҳуннинг нариги соҳилига яқин Бомиён вилояти ҳам буддавийлик динининг қадимий марказларидан эди. Бу ерда милоддан аввалги биринчи асрда тоғ бағрида Будданинг баҳайбат ҳайкали ўйиб ишланади. Асрлар давомида бу тош ҳайкал инсоният қўли билан яратилган беқиёс мўъжизалардан бири сифатида инсониятни ҳайратга солиб келган. Бу ҳудудга ислом дини кириб келганидан бери ўтган 11 аср мобайнида улкан Будда ҳайкалини йўқотиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди. Чунки, у энди ибодат манбаи сифатида ўз аҳамиятини йўқотган, ҳеч ким бу тош санамга топинмай қолган эса-да, ҳамма унинг улкан маҳобати олдида бош эгарди.
Фақат XX асрнинг охирларида Афғонистоннинг катта қисмни қўлга киритган Толиблар ҳукумати бу қадимий ҳайкални йўқотишга қарор қилди. Бутун дунё ҳамжамиятининг кескин қаршлигига қарамай, 2001 йилнинг 26 февраль куни ҳукумат бошлиғи Мулла Муҳаммад Умар ушбу ҳайкални йўқ қилиш ҳақида кўрсатма берди. Шу тариқа, улкан санъат асари миналар ёрдамида кунпаякун қилинди.
Бир пайтлар Юнон-Бақтрия, Салавкийлар, Кушон давлатлари ҳудудида буддавийлик кенг тараққий этган. Хусусан Кушон шоҳи Канишка ҳукмрониги даврида буддавийлик ягона давлат дини даражасига кўтарилди. Буни археологик тадқиқотларнинг натижадари ҳам кўрсатиб турибди.
Япон олимининг бажарилмаган васияти
2006 йилда, узоқ давом этган реставрация ишларидан кейин Фаёзтепа Буддавий мажмуаси ташриф учун очилди ва очиқ осмон остидаги ноёб музейга айланди.
Чиндан ҳам ибодатхна ичига кириб, бир пайтлар зиёратчилар топинган муҳташам меҳробни томоша қилиш асносида кўз олдингизда олис асрларнинг ажиб манзараси юз очади. Ибодатхона ташқарисида эса, минг йилларни кўрган кўҳна девор харобалари... Ғалати кайфият...
Бу ерда зоқ йиллар тадқиқот олиб борган япон археологи Кюдзо Като ҳам Фаёзтепани умрининг мазмуни деб билган эди. Қария Като 94 ёшида ҳам ўз юртига қайтишни ўйламай, шу ерда илмий изланишларини давом эттирди. У вафотидан сўнг жасадини Фаёзтепада дафн этилишини истарди. У шу заминда, Сурхондарёда омонатини топширган бўлса-да, унинг сўнгги орзуси амалга ошмади. Яқинлари барибир унинг жасадини Кунчиқар юртга олиб кетишди...
Рустам Жабборов