XIX асрнинг иккинчи ярмида мустамлакачилар Туркистонни батамом қўлга киритдилар. Босқинчилар ўз мақсадларини очиқ-ойдин намоён этмас, гоҳ иттифоқчи кўринишида, гоҳо Ўрта Осиёни Ғарб давлатларидан қўриқлаётган “дўст” сифатида майдонга чиқардилар. Бундай сиёсий маккорликка дастлаб Хива, Қўқон хонлари, ҳаттоки, анча ҳушёр Бухоро амири ҳам ишондилар.
Ана шундай мураккаб вазиятда халқ орасидан чиққан миллат ойдинлари авом халққа бор ҳақиқатни айтишга уриндилар. Босқинчилар эса ерли халқнинг кўзини очаётган маърифат фидойиларини ҳаёт саҳнасидан бутунлай олиб ташлаш режасини туздилар. Маҳмудхўжа Беҳбудий ана шундай мунавварларнинг бири эди.
Беҳбудий 1875 йилнинг 19 январида Самарқанд яқинидаги Бахшитепа қишлоғида (ҳозирги Тайлоқ туманида) муфтий оиласида дунёга келди. Отаси Беҳбудхўжа Солиҳхўжа ўғли туркистонлик, Аҳмад Яссавийнинг авлодларидан, она томонидан бобоси Ниёзхўжа урганчлик бўлиб, амир Шоҳмурод замонида (1780-1785 йиллар) Самарқандга келиб қолган.
Беҳбудийнинг отаси ислом хуқуқшунослиги бўйича йирик мутахассис бўлиб, бу борада кўплаб китоб ва рисолалар яратган эди. Бу ўз навбатида Маҳмудхўжага таъсир ўтказмай қолмади. У кейинчалик бу ҳақда сўзлаб, ҳатто мақолаларидан бирида отаси ёзган “Ҳидоя” ("Ислом ҳуқуқига шарҳлар") асарининг ўз тақдирида катта роль ўйнаганини алоҳида қайд этган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий адабиёт, тарих фанлари қатори сиёсатшунослик билан ҳам жиддий шуғулланди. Газета ва журналлар орқали жаҳонда содир бўлаётган сиёсий воқеалар билан яқиндан танишиб борди. У Маккага бориш мақсадида араб тилини ўрганиб ислом тарихи ва назариясини билан шуғулланди. У 1899 йилда ҳажга борди ва муфтий унвонига эга бўлиб қайтди. Ҳаж баҳонасида Миср ва Истанбул шаҳарларида бўлди. Бу ерда давом этаётган ислоҳотлар сўзсиз унинг дунёқарашида бурилиш ясади. Сўнгра Қозон ва Уфа шаҳарларида бўлиб, Европа маданияти билан ҳам қизиқди. Ўша даврда Қозон ва Оренбургда чиқадиган араб имлосидаги журнал ва газеталар билан ҳамкорлик қилди. Унинг қатор мақолалари ҳам мазкур нашрларда чиқа бошлади. Мактаб, маориф ва маданият масалалари ҳамда маърифатпарварлик ғояларининг тарғиботи ушбу мақолаларнинг марказида турди.
Хусусан, қрим татар алломаси Исмоил Гаспирали (Гасперинский) ва у бош муҳаррир бўлган “Таржумон” газетаси М.Беҳбудийни буюк маърифатчи ва ўзбек миллий жадидчилик йўналишининг отаси даражасига кўтарди.
Албатта, Беҳбудийнинг халқ ўртасида ортиб бораётган обрў-эътибори нафақат амирлик раҳбарлари, балки болшевикларининг ҳам режа ва ниятларига зид эди. 1919 йилнинг 25 мартида Беҳбудий улар чақуви билан Шаҳрисабзда қўлга олиниб, сирли тусда Қаршида қатл қилинди. Унинг қатли ҳақидаги хабар ўша пайтдаги пойтахт Самарқандга роса бир йилдан кейин хабар қилинади. 1920 йилнинг апрелида бутун Туркистон мотам тутди.
Туркистон жадидчилик ҳаракатининг раҳнамоси, янги маориф меъмори, олим, драматург, публицист Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қатл этилиши, унинг қотиллари борасида турли тахминлар мавжуд. Мустақилликка қадар Беҳбудийнинг шахси ва фаолияти деярли ёритилмади ёки атайин турли хил талқин этилди…
Тадқиқотчи Шарофат Ашурова ХХ асрнинг 20 йилларида Қаршидаги ҳибсхонада ишлаган қўшниси Мусахон бува исмли қариянинг маълумотларига таяниб, Беҳбудий Хўжа Абдулазизхон мадрасаси яқинидаги беклик чорбоғида қатл этилиб, шу ернинг ўзида кўмиб, қабри текислаб ташланганини таъкидлайди.
Қашқадарёлик зиёлилардан яна бири Пўлат Хидиров 1967 йилда кексалардан Беҳбудийни қатл қилган жаллод, Қарши беги Тоғайбекнинг миршаби умрининг сўнгги йилларида савдойи бўлиб қолгани, Беҳбудийни ўз қўли билан ўлдиргани, кейин у ва дўстларининг қабрларини текислаб, устига йўнғичқа уруғи сепгани ҳақида гапириб юрганини эшитган.
Маълумотларга кўра, Хўжа Абдулазизхон томонидан 1909 йили қурилган мадрасага Қарши беклигининг чорбоғи туташиб кетган. Маҳмудхўжа Беҳбудий шу чорбоғда сўроқ қилинган, шу ерда Аҳмад афанди билан 4 кишининг ўзларига қабр қаздириб, пинҳона қатл этилган.
Ҳозирги кунда Хўжа Абдулазиз мадрасасида вилоят ўлкашунослик музейи жойлашган бўлиб, музей ходимларидан бирининг айтишича, мадраса девори ортидаги икки тут тагида Беҳбудий ва унинг маслакдошлари кўмилган эмиш.
Бу ҳақда 2000 йиллар бошида адиб Солижон Пўлатов “Насаф” газетасида шундай ёзади: “Мен Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қатлига доир маълумотларни кўздан кечирдим, қариялар билан суҳбатлашдим. Шу нарсаларга амин бўлдимки, Беҳбудий ва унинг шериклари яширин ҳолда атрофи қалин деворлар билан ўралган хилват чорбоғда ўлдирилиб, сўнг мадраса девори яқинидаги тут дарахти ёнига кўмилган. Бу қабрлар 1950 йилларгача мавжуд бўлган, кейинчалик бошқа, номаълум жойга кўчирилган. Ўша тутлар ҳам аллақачон кесилиб кетган”.
Амирнинг қотили ким, унинг ўлими кимга керак эди? Бу саволларга ҳам ҳали тўла-тўкис жавоб топилмаган. Тахминларга кўра, Беҳбудийнинг ўлимидан большевиклар ҳукумати кўпроқ манфаатдор эди. Табиийки, жадидларга хайрихоҳ бўлмаган Амир Олимхон ҳам Беҳбудийни ёқтирмаган. Янги ташкил топган Большевиклар ҳукуматига эса Беҳбудий сингари миллат фидойилари халал берарди холос. Шу боис, большевиклар Беҳбудийни амирнинг қўли билан йўқ қилишган ёки айбни унга тўнкашган деган тахмин тез-тез тилга олинади.
Садриддин Айний алломанинг фожиали вафоти муносабати билан шу марсияни битганди:
Сани бундан буён Турон кўролурми кўролмасму?
Санинг мислингни Туркистон тополурму тополмасму?
Беҳбудий ўзидан бой маънавий мерос қолдирди. У “Самарқанд” газетаси, “Ойна”журналига асос солган. Шунингдек, ўзбек ва форс-тожик тилларида икки юздан ортиқ мақола ва асарлар яратган. Беҳбудий ўз даврининг энг муҳим муаммоларини дадил кўтариб чиқа олган. У 1915 йилда “Оина” журналида шундай ёзганди:
“Бизни кемиргувчи иллатлар деганда, захму маразними гумон этарсиз? Ёинки, сил, силария ва махавликними дерсиз? Йўқ, андан ҳам ямонроқ ва андан ҳам жонхарош, бевоя, хонавайрон ва ғариб этгувчи бир дард, биз — туркистонийларни шаҳри ва қишлоқи ёйинки ярим маданий, ярим ваҳший синфларимизғача истило этиб, бутун тириклигимизға сорилгон ва бизни инқирозға ва таҳликаға ва жаҳаннамға юмалататургон тўй, азо исминдаги икки қаттол душманни дерман”.
Не ажабки, Беҳбудий тилга олган ана шу иллатлар ҳамон бизни тарк этганича йўқ.
Беҳбудий адиб сифатида “Падаркуш” драмасини яратган. 1913 йилда Самарқанд шаҳрида нашр этилган бу драмада у ёшларнингилмли, маданиятли бўлишлари лозимлигини қайд этган. Шундан сўнг тез фурсатда Самарқанд, Бухоро ва Тошкент театри саҳналарида қўйилган. Драма ўзбек драматургиясининг тамал тошини қўйиш баробарида, халқимизни илмга, маърифатга ундагани билан ҳам қадрлидир.
Улуғ мутафаккирнинг халқимиз олдидаги хизматлари эътиборсиз қолмаган, албатта. Қарши шаҳри 1926-1937 йилларда Беҳбудий номи билан аталган. 1977 йили алломанинг “Сайланма” асарлари чоп этилди. Асарлари дарслик ва қўлланмаларга киритилиб, Тошкент ва Самарқанд шаҳридаги мактаб, кўча ва маҳаллалар унинг номига қўйилди. Буюк маърифатпарвар шарафига 2006 йил Самарқанд шаҳрида ёдгорлик ўрнатилган.
Тўғри, истиқлол душманлари Беҳбудийни жисмонан йўқ қилишди, унинг қабрини ҳам қолдиришмади. Аммо у миллат қалбида ёқиб кетган маърифат чироғини ўчира олишмади. Бунинг имкони ҳам йўқ.
Рустам Жабборов