Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам шоир ва олим, давлат ва жамоат арбоби сифатида ўзидан бебаҳо маънавий мерос қолдирди.
У XV асрнинг охири — XVI асрнинг биринчи ярмидаги Мовароуннаҳр, Хуросон ва Ҳиндистоннинг сиёсий ва маданий ҳаётига оид муҳим тарихий манба саналган «Бобурнома» номли машҳур асарини ёзган. Асар жуда катта тарихий ва адабий аҳамиятга эга бўлиб, асарда у борган мамлакатларнинг тарихи, турмуш тарзи, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси ҳақида ҳам муҳим маълумотлар берилган ва бу ўз ўрнида унинг қизиқишлар доирасининг кенглигини ҳам акс эттиради. «Бобурнома» Бобурийлар давридаёқ форс тилига таржима қилинган ва ҳинд миниатюрасининг энг яхши усталари томонидан расмлар билан безатилган.
Ҳозиргача Бобурнинг ҳаётлик даврида ишланган портрет суратлари бор-йўқлиги номаълум. Бобур сиймосини биз ҳаммамизга маълум бўлган қизил саллада, боғда мутолаа билан машғул ҳолати акс этган миниатюра орқали тасаввур қиламиз. Ушбу миниатюра айни пайтда Лондон кутубхонасида сақланади.
Портрет 1 610-1 615 йиллар оралиғида Бобурнинг невараси Жаҳонгир даврида яратилган. Суратда Бобур Мирзо боғда, ариқ бўйида курси устида ўтирибди. У мутолаага берилган, бир оёғининг пойабзали ечилиб, иккинчи оёғининг устига қўйилган ҳолати тасвирга ҳаётий самимийлик бахш этади.
Бобур XVII асрдаги Марказий Осиё-Ҳиндистон анъаналарига мос тасвирланган. Шоҳ эгнидаги қизил яктак устидан сарғиш тусли камзул кийган. Камзулда бир қанча оҳулар тасвири бор. Бошига сариқ тусли йўл-йўл салла ўраган, салланинг тепа қисмига ҳукмронлик ва зодагонлик рамзи бўлган укпар (қарқара пати бўлиши мумкин) қадалган.
Кўпчиликнинг бу расм Бобурнинг айнан шиа мазҳабидаги қизилбошлар салласида тасвирланган деган фикрига қўшилиш қийин. Маълумки, Бобур Шайбонийхонга қарши кураш пайтлари 1 510 йилда Сафавийлар ҳукмдори Шоҳ Исмоил I нинг ёрдамига таяинган, унинг шиа оқими рамзи ҳисобланган ўн икки ўрамли салласини қабул қилган. Бу аҳоли ўртасида Бобур сунний эътиқодидан воз кечиб, шиаликни қабул қилди, деган хато тушунчалар шаклланишига олиб келган. Натижада, халқнинг норозилиги сабабли Бобур Мовароуннаҳрин тарк этиб, Афғонистон орқали Ҳиндистонга йўл олган ва у ерда марказлашган давлат барпо этган.
Аммо, сувратдаги салла қизилбош ҳукмдорларига тегишли эмас. Чунки, сафавийлар давридаги қизибошларнинг бош кийимларига эътибор қаратсак, улар Бобурдан фарқли тарзда қизил рангли салла ва “тожи Ҳайдарий” деб аталган узунчоқ кулоҳ кийганларини кўрамиз. Шоҳ Исмоил Сафавийнинг ўзи ҳам тўртбурчак нақшли махсус салла ўраган.
Суратда ҳукмдорнинг қулоғидаги сирға кишининг эътиборини тортади. Чунки, ўрта асрларда, Мовароуннаҳр ва Хуросонда туркий ҳукмдорлар сирға тақишгани ҳақида маълумотлар учрамайди. Бу сурат Бобур вафотидан тахминан бир аср кейин чизилганини ҳисобга олсак, бу даврда ҳинд миниатюраларида сирға таққан ҳукмрдорлар тасвири кенг тарқалган.
Аслида сирға тақиш қадимги туркийларга хос одат саналган. Хусучсан, Панжакентдан топилган деворий суратларда туркий қиёфали жангчилар сирға билан тасвирланганини кўрамиз. 1155-1230 йилларда Кавказда, Абхазия ҳудудида ҳукмронликлар Бештегинлар сулоласини ҳам “сирғали ҳукмдорлар” деб аташган. Улар Салжуқийларга тобелик рамзи ўлароқ ҳар доим қулоғига сирға таққан. Дастлаб Салжуқийлар давлатидан ажралиб чиққан Бештегин авлодлари кейинчалик мўғуллар босқини натижасида тор-мор этилган.
Бобурнинг кейинги авлодлари – Жаҳонгир, Акбар, Аврангзебнинг миниатюраларида ҳам улар қулоғида сирға билан тасвирланганини кўрамиз. Номаълум мусаввир ушбу анъанага хос равишда Бобурни ҳам шу кўринишда тасвиралаган бўлиши мумкин.
Миниатюрада Бобур юз тузилишида барча темурийларга хос синчков, хиёл қисиқ кўзлар, сийрак соқол, думалоқ, оқ-сариқдан келган юз, ингичка қошлар кўзга ташланади. Бу кўриниш Бобур ҳақидаги замондошларининг таърифларига мос келади. Дарҳақиқат, Бобурнинг худди шундай қиёфаси Британия музейида сақланаётган, «Бобурнома» қўлёзмаларини безаб турган бошқа кўплаб миниатюраларда ҳам учрайди.