АсосийJamiyat

“Биз ишсизлик масаласи билан эмас, таълим сифати билан шуғулланамиз” – Масъуллар география фани атрофидаги саволларга жавоб берди

'“Биз ишсизлик масаласи билан эмас, таълим сифати билан шуғулланамиз” – Масъуллар география фани атрофидаги саволларга жавоб берди'ning rasmi

Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда география фани соатлари қисқариши юзасидан саволларга Республика Таълим маркази масъуллари жавоб берди.

Марказ раҳбари Шуҳрат Сатторовнинг маълум қилишича, ҳозирда ўқувчиларнинг дарс соатлари керагидан ортиб кетган. Натижада ўқувчилар мавзуларни ўзлаштиришга улгурмаяпти.

Тадқиқотларга кўра, таълим сифати дарс соатлари билан эмас, сифати билан боғлиқ. Шу боис фанлар сонини оптималлаштириш, ўқувчининг ўқув юкламасини халқаро стандартлар асосида белгилаш йўлга қўйилмоқда.

Интеграцион (фанларнинг биргаликда ўқитилиши) фанлар жорий этилиши мана шундай ислоҳотиларнинг биридир. Миллий ўқув дастурига кўра, 2022-2023-ўқув йилидан бошлаб, 1-6-синфларда ягона “Табиий фанлар” (Science) фани жорий қилинмоқда.

Янги фан киритилиши натижасида география соатларининг ҳозирги ҳолатдан 2 соатга қисқариши ўқитувчиларда норозилик келтириб чиқаряпти. Чунки мамлакатимизда ўқитувчиларга соат асосида маош тўланади. Албатта, дарс соатларининг қисқариши ўз-ўзидан уларнинг маошларига таъсир қилади.

Дарс соатлари ва фанлар сонини оптималлаштириш орқали ўқув юкламасини камайтиришга тўсиқ бўлаётган муаммо ҳам айнан ўқитувчиларга соат асосида маош тўланиши бўлмоқда.

Жаҳоннинг аксарият мамлакатларида бу амалиётдан воз кечилган. Шуни инобатга олиб, юртимизда ўқитувчига натижа асосида, таълим самарадорлигига маош тўлаш тизимлари ҳам жорий қилинмоқда.

Янги фан бўйича география, физика, биология, кимё  фани ўқитувчилари бир ойлик қисқа тайёрловда ўқиб, махсус сертификатни қўлга киритса, 6 синфларда ташкил этилган 3 соатлик “Табиий фанлар” (Science) фанидан дарс бериш имконига эга бўлади.

Шунингдек, айни кунларда география фани соатлари қисқариши ўқитувчиларининг ишсиз қолишига сабаб бўлиши айтилаётган фикрларга Таълим маркази раҳбари ўринбосари Исроил Тиллабоев қуйидагича жавоб берди:

– Халқ таълими вазирлиги ишсизлик масаласи билан эмас, таълим сифати билан шуғулланади. Бизнинг асосий вазифамиз сифатли таълимни таъминлаш. Олий таълимда йилдан йилга квоталар сони ошмоқда. Аммо Халқ таълим вазирлиги барча олий маълумотли кадрларни иш билан таъминлаш вазифасини олмаган. Ҳозирги ислоҳот натижасида таълим энг иқтидорли ўқитувчи қўлига ўтади. Энди биз танлов асосида ўқитувчиларни саралаб оламиз. Ўқувчиларни энг яхши ўқитувчилар қўлига топширамиз.

Шу нуқтаи назардан, жамоатчиликдан таълим мазмунида амалга оширилаётган ислоҳотларни тўғри талқин қилишларини сўраб қолардик. Зеро, бу янгиланишлар 6 миллиондан зиёд ўқувчи-фарзандларимизнинг рақобатбардошлигини таъминлаш учун амалга ошириляпти.

    Бошқа янгиликлар