Адлия вазирлиги зарарли ва ёқимсиз ҳидларни ҳуқуқий тартибга солишни таклиф қилмоқда.
Вазирлик таклифни қуйидагича изоҳлайди.
Ҳаво сифатини мониторинг қилиш билан шуғулланувчи “АирВисуал” халқаро ташкилоти хабарига кўра, Ўзбекистон 2018 йилда ҳавоси энг кўп ифлосланган давлатлар рейтингида 16-ўринни (34.3 µг/м³) эгаллаган. Кейинги икки йил давомида бу кўрсаткич фақат 2 поғонага яхшиланган (18-ўрин, 29.9 µг/м³) холос.
Рейтинг тузувчиларининг таъкидлашича, ҳар йили ҳаво ифлосланиши туфайли таҳминан 7 млн киши вафот этади, шунингдек, бу ҳолат жаҳон иқтисодиётига ҳар йили 225 млрд долларлик зарар етказади.
Атмосфера ҳавосига, аҳоли саломатлигига таъсир кўрсатувчи ва долзарб аҳамият касб этиб бораётган муаммолардан бири бу – зарарли ва ёқимсиз ҳидлардир.
Нима учун ёқимсиз ҳидлар бизни “хавотирга солиши” керак?
Ҳидлар кимёвий моддаларнинг бурун бўшлиғидаги рецепторларни қўзғатиши натижасида пайдо бўладиган ҳислар сифатида талқин қилинади. Атроф-муҳитда сезиладиган ҳидлар концентратларнинг аралашмасидан иборат бўлиб, учувчан кимёвий бирикмалардир.
Шу сабабли ҳидлар бизни кайфиятимизга, иш фаолиятимизга ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Ҳидларнинг эмоционал хусусияти ҳам инсонларнинг хатти-ҳаракатларида намоён бўлади. Уларнинг инсонлар кайфиятига ижобий ёки салбий таъсир қилиши, албатта, ҳидларнинг ёқимли ёки ёқимсизлигига боғлиқ. Масалан, эрталабдан гулнинг, атирнинг ифорли ҳиди инсонларга кун бўйи яхши кайфият бағишласа, маиший чиқиндилардан чиқаётган ёқимсиз ҳидлар аксинча кайфиятимизни бузади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ёқимсиз ҳидлар кўз, бурун ва томоқни тирнаш хусусиятига эга бўлиб, бош оғриғи, кўнгил айниши, диарея, овознинг хириллаши, томоқ оғриғи, йўтал, кўкрак қафасидаги сиқилиш, бурун тиқилиши, нафас қисилиши, стресс, уйқучанликни келтириб чиқаради.
Шунингдек, ёқимсиз ҳидлар билан боғлиқ мурожаатлар статистикаси юритилмасада, сўнгги пайтларда ОАВларда аҳоли яшаш ҳудудларида саноат корхоналари томонидан ёқимсиз ҳид манбаи бўлган чиқиндилар атроф-муҳитга чиқарилаётганлиги, бу маиший турмушда турли ноқулайликларни, ва ҳатто аҳоли соғлиғига салбий таъсирларни юзага келтираётганлиги ҳақидаги фуқароларнинг шикоятлари кўпаймоқда.
Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2021 йил 1 январ ҳолатига саноат ва қурилиш соҳасидаги корхона ва ташкилотлар сони 124 489 тани (улардан 83 539 таси саноат корхоналари) ташкил этган. Уларнинг асосий фаолияти ишлаб чиқариш (қайта ишлаш) эканлигини ҳисобга олсак, ёқимсиз ҳидларни келтириб чиқариши мумкин бўлган манбалар томонидан атмосфера ҳавосига чиқарилаётган турли хил зарарли ва ўткир ҳидли чиқиндилар ҳажми ҳам шунга кўра ортади.
Амалдаги қонунчилик
Мамлакатимизда атмосфера ҳавоси сифати “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади. Бироқ, ушбу Қонунда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича умумий қоидалар белгиланган, ёқимсиз ҳидлар масаласи назарда тутилмаган.
Санитария қоидалари ва нормаларида эса атмосфера ҳавосига зарар етказувчи корхоналар фаолиятига оид нормалар белгиланган. Жумладан, “Аҳоли яшаш жойларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича” санитария қоидалари ва нормаларида (СанПиН 0350-17-сон) саноат хавфи, атмосфера ҳавосининг зарарланиш манбаи бўлган технологик жараёнлар асосида фаолият юритувчи корхоналар, уларнинг алоҳида бинолари ва иншоотларининг атроф-муҳитга зарарли таъсирини камайтириш мақсадида санитар-ҳимоя зоналари белгиланган.
(маълумот ўрнида: санитар-ҳимоя зоналарнинг 5 тоифаси: И тоифа - 1000 м, ИИ тоифа - 500 м, ИИИ тоифа - 300 м, ИВ тоифа - 100 м, В - 50 м, мавжуд бўлиб, бундай зоналар муаяйн турдаги корхоналарнинг шу зона ҳудудида фаолият юритишини назарда тутади)
Лекин мазкур қоидаларда ҳам айнан ёқимсиз ҳидлар ва уларни тартибга солувчи нормалар ўз аксини топмаган.
Шу сабабли атроф-муҳитни зарарловчи (ифлослантирувчи) чиқиндилар билан бир қаторда, ҳид таъсирининг рухсат этилган максимал даражасини ҳуқуқий тартибга солиш зарурияти мавжуд.
Хорижий давлат тажрибаси
Хорижий давлатларда ёқимсиз ҳидларга қарши ҳуқуқий механизмлар яратилган. Масалан, Японияда ёқимсиз ҳидлар билан боғлиқ муносабатлар 1972-йилда қабул қилинган “Ёқимсиз ҳидларни назорат қилиш тўғрисида”ги қонун (“Оффенсиве Одор Cонтрол Лаw”) билан тартибга солинади. Франсияда АФНОР Х-43-101, Нидерландияда НВН 2820 стандартлари мавжуд. Германияда эса “Ҳаво сифатини назорат қилиш бўйича техник йўриқнома” (Течниcал Инструcтионс он Аир Қуалитй Cонтрол) амал қилади. АҚШда ёқимсиз ҳидларга қарши кураш штатлар қонунчилиги билан тартибга солинади.
Ёқимсиз ҳидларларнинг атроф-муҳитга, инсонлар саломатлигига салбий таъсири, шунингдек, аҳоли ва саноат корхоналари сонининг ўсиши, шаҳарларнинг кенгайиб бориши мамлакатимизда ҳам ёқимсиз ҳидларга қарши самарали ҳуқуқий механизмларни яратиш заруриятини келтириб чиқаради.
Бинобарин, бу турдаги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш орқали ёқимсиз ҳидларларнинг атроф-муҳитга таъсири олди олинади, маиший турмушда ҳидлар туфайли юзага келадиган ноқулайликлар бартараф этилади. Пировардида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун зарарсиз атмосфера ҳавосига эга бўлиш ҳуқуқлари таъминланади.
Шунга кўра, таҳлил натижалари ва бу борада ишлаб чиқилган таклифлар уларни амалиётга татбиқ мақсадида маъсул идораларга киритилди.