АсосийErkin minbar

Демократия — эътиқод эркинлиги учун муҳим омил

'Демократия — эътиқод эркинлиги учун муҳим омил'ning rasmi

Демократия мамлакатнинг халқи олдидаги ҳисобдорлигини, оддий қилиб айтганда халқнинг ҳукмрон куч эканини англатади. Бундай бошқарув ўрнатилган давлатда аҳолига ҳар бир соҳада танлов эркинлиги тақдим этилади. Фуқаролар қонуний жиҳатдан ўз давлатига раҳбар сайлаш, сўз эркинлиги муҳитида яшаш шунингдек, ўзи истаган динига эътиқод қилиш ёки қилмаслик ҳуқуқига эга бўладилар. Ўзбекистон ҳам демократик мамлакат сифатида ўз халқига мана шундай ҳуқуқни, жумладан, эътиқод эркинлигини кафолатлаган.

Мамлакатнинг Бош Қомуси ҳисобланган Конституциянинг 31-моддасида ҳам фуқароларнинг эътиқод эркинлигига эга экани мустаҳкамлаб қўйилган.

«Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.»

Ўзбекистонда амалда бўлган диний бағрикенглик нафақат демократик ҳокимият, балки, халқимизга хос бўлган меҳмондўстлик, инсонпарварлик каби фазилатларнинг нишонаси ва бу муҳит илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалади. Ҳозир юртимизнинг қай бир маҳалласига борманг, ўзбекнинг тўйида тожикни, қирғизнинг маъракасида қозоқни кўрасиз. Ташкилот, корхона, муассасаларда Ўзбекистонни тараққий эттиришга ўзининг озми-кўпми улушини қўшаётган бошқа миллат вакиллари жуда кўп. Истиқлолнинг илк давридан бошлаб, ривожланишнинг қийин, мураккаб шароитида халқимиз билан елкама-елка, ҳамнафас бўлиб, меҳнат қилиб келаётган ватандошлар учун Ўзбекистон – бағрикенг диёрга айланди. Давлатимиз мадҳиясида «Бағрикенг ўзбекнинг ўчмас иймони» сатри жарангласа, қай бир миллат вакили тўлқинланмайди, дейсиз?

Дарҳақиқат, меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик ўзбек халқининг азалий қадриятлари эканини исботлайдиган далиллар тарихда кўплаб топилади. Биргина мисол, охирги бурда нонини ҳам ўзга миллатларнинг бошпанасиз, оч-юпун қолган зурриётига улашган темирчи ўзбек Шоаҳмад ота жасорати ҳақида деярли бутун дунё билади.

Миллий истиқлол мафкурасининг асосий ғояларидан бири турли миллатга, ҳар хил ижтимоий тоифа, ирқ ва динга мансуб кишилар ва гуруҳларнинг умумий мақсад йўлидаги ҳамжиҳатлиги ҳисобланади. Қарашлар ранг-баранглиги, фикрлар хилма-хиллиги, сўз эркинлиги жамиятни соғломлаштирувчи, уни мустаҳкамловчи ўта муҳим омил эканлиги ойдинлашган бир вақтда улуғ бобокалонимиз Абу Наср Форобийнинг «Агар фикрлари ва ҳаракатлари жамият манфаатларига хизмат қилмайдиган бўлса, мамлакатни бундай кишилардан тозалаш керак», деган фикрини эслатиб ўтиш жоиз.

Миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик ўз-ўзидан вужудга келадиган ҳодиса эмас, балки у давлат томонидан олиб бориладиган миллий сиёсат ҳосиласидир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 15 ноябрда қабул қилинган «Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони ана шу сиёсатни янада кучайтириш учун замин яратади. Фармонда миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсати кенг кўламли ва қамровли эканлиги таъкидланган.

Кўп миллатли давлатнинг фуқаролари бирлашса, жипслашса, баҳамжиҳат бўлсагина, давлат тараққиёт босқичига чиқади. Тенг ҳуқуқ, тенг шароит ва қонун устуворлиги таъминланган давлат, шубҳасиз, дунё ҳамжамиятида ўз ўрни ва нуфузига эга бўлади.

Ўзбекистонда амалда бўлган барча қонунларда, хусусан, Конституцияда ҳам фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги мустаҳкамлаб қўйилган. Қонунинг 8-моддасида: «Ўзбекистон халқини миллатидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади» деб белгилаб қўйилган. Таъкидлаш жоизки, диний тенгликни таъминлаш йўлидаги ислоҳотлар сони тобора ортиб бормоқда. Жумладан, «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»нинг бешинчи йўналиши айнан диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани мамлакат Президенти ва ҳукуматининг халқаро ҳужжатларда белгиланган умуминсоний вазифаларга юксак эътибор қаратаётганининг намунасидир.

Қолаверса, давлатимиз раҳбари 2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюция қабул қилиш ташаббуси билан чиққани жаҳон ҳамжамиятининг диққатини тортган эди. Мазкур ҳужжат барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш, энг муҳими, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлашга қаратилгани билан эътиборга моликдир.

Бинобарин, омма учун этник яқинлик ва дил бирлиги алоҳида ўрин тутаётгани учун ҳам юртимизда турли миллат ва динга мансуб фуқаролар бир оила фарзандларидек яшаб, давлат ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ўз фаолиятини мамлакатимиз ички сиёсати билан боғлиқ ҳолда олиб бораётган 138 та миллий маданий марказнинг Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик сиёсатини амалга оширишдаги ўрни беқиёс.

Ш. Мирзиёевнинг 2017 йил 19 майдаги “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида«ги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди. Бугун мазкур тузилма йўналишга оид ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминловчи давлат бошқаруви органи сифатида ўз фаолиятини изчил давом эттирмоқда. Қўмита Ўзбекистонда яшаётган турли миллат вакилларининг учрашув жойи, ўзига хос «Дўстлик саройига» айланиб улгурди. Унга ажратилган бинода миллий халқ байрамлари, фестиваль, концерт, таниқли маданият арбоблари билан учрашувлар, семинар ва конференциялар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида «Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади» — деб таъкидланган. Конституциядаги бу қоидаларнинг ҳаётга татбиқ этилганини турли мисоллар билан далиллаш мумкин. Айни пайтда юртимизда ўзга миллат вакилларининг миллий байрамларини кенг миқёсда нишонлаш анъанаси қарор топган. Русларнинг «Масленитса», болгар халқининг «Мартинитса», арманларнинг гуллар байрами — «Вардавар», полякларнинг ҳосил байрами — «Дожинки», корейсларнинг «Чхусок», татар ва бошқирдларнинг «Сабантуй», грекларнинг «Охи» сингари байрамлари барча миллат вакиллари иштирокида катта тантанага айланиб кетади. Ҳар йили Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида «Бизнинг кучимиз — бирлик ва ҳамжиҳатликда» каби фестиваллар миллатлараро дўстлик риштасини янада мустаҳкамлаш омилига айланяпти. Шунингдек, «16 ноябрь – халқаро бағрикенглик куни» муносабати билан жойларда маънавий-маърифий тадбирлар кенг миқёсда нишонланмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, ҳозирда дунёда мавжуд бўлган динларнинг сони 4300 дан ортиқ. Шу ўринда ҳатто миллатлар ва тиллар сонидан ҳам кўп бўлган дин тушунчасининг моҳиятига тўхталсак.

Дин — бу инсоннинг дунё ҳақидаги фикрлаши, қарашлари ва ўзаро муносабатига таъсир қилувчи эътиқод ёки ибодат тизими. Инсоннинг дини кўпинча унинг ахлоқий ва тарбиявий эътиқодларининг асосидир.

Кўп миллатли халқ истиқомат қилаётган Ўзбекистонда диний эътиқод ҳам хилма-хил бўлиши табиий ҳол. Миллатлараро тотувлик ҳукм сураётган бу давлатда диний бағрикенглик муносабатлари қандай? Изланишларимиз давомида шу мавзуда ижтимоий сўровнома ўтказдик. Унда турли миллатларга мансуб бўлган 50 га яқин фуқаролардан «Диний бағрикенглик сиз учун нимани англатади?» саволига жавоб олдик. Сўровномада ижтимоий соҳа вакиллари, хусусан, ўқитувчилар, талабалар, тадбиркорлар ва уй бекалари қатнашди. Респондентларнинг аксарияти, яъни 70 фоизи мазкур саволга жавобан турли дин вакилларининг бир-бирини ҳурмат қилишини тушунишини билдирди. Иштирокчиларнинг 15 фоизи эса тенг ҳуқуқлилик ҳукм сурган жамиятда диний бағрикенглик бўлади, деган фикрни илгари сурди. 5 фоиз қатнашчи динлар турли низоларга сабаб бўлаётганини, 5 фоиз иштирокчи эса диний таълимга кўпроқ эътибор қаратиш кераклигини билдирди.

Ўрганиш ва таҳлилларимиз асосида қуйидаги хулосаларга келинди, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди:

Биринчидан, оммавий ахборот воситаларида турфа миллат вакиллари аҳил-иноқ яшаётган Ўзбекистоннинг байналмилаллигини кўрсатиб берувчи таъсирчан контентларни сон ва сифат жиҳатдан яхшилаш керак.

Иккинчидан, ижтимоий тармоқларда давлат раҳбарининг миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида қабул қилаётган қарор ва фармонларининг моҳиятини очиб берувчи, уни аҳолига етказувчи марказлар фаолиятини ёритишга қаратилган, ихтисослашган каналлар фаолиятини йўлга қўйиш лозим.

Учинчидан, диний бағрикенглик нима эканини, унинг моҳияти ва аҳамиятини аҳолининг ҳар бир қатламига етиб боришини таъминлаш учун маҳаллалардаги Нуронийлар кенгаши фаолиятидан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Пировардида ҳудудлардаги ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлашда натижаларни яхшилашга эришиш мумкин.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик фуқароларнинг дини, ирқи ва миллатидан қатъий назар, инсон шарафланадиган бағрикенг давлатчилик муҳитининг самарасидир. Айни шу заминда юз йиллар давомида дунё маданиятларининг катта миқёсдаги бир-бирини бойитиш жараёни рўй берган. Шунинг учун ҳам бу диёр диний бағрикенгликнинг тарихий меросхўри сифатида жаҳон ҳамжамиятида эътироф этилади. Бугун Ўзбекистонда ана шу меросни давом эттириш учун етарлича ҳуқуқий асос яратилган. Унинг ижросини таъминлаш, эзгу ташаббусларни илгари суриш бизнинг нафақат фуқаролик, балки инсоний бурчимиз ҳамдир.

Рисолат МАХСИМОВА

    Бошқа янгиликлар