1

Диний бағрикенглик инсониятни бирлаштиради

ЭРКИН МИНБАР 07.03.2022, 19:49
Диний бағрикенглик инсониятни бирлаштиради

Бугунги кунда планетамизда 7 миллиард 954 миллион кишини ташкил этадиган, 7000 тил ва лаҳжада мулоқот қиладиган аҳоли истиқомат қилмоқда. Дунёнинг этник харитасига назар солсак, ер юзида миқдоран бир неча юзтадан тортиб бир неча юз миллионни ташкил этадиган 2000 га яқин ҳар хил миллат ва элатлар мавжудлигига гувоҳ бўламиз. Шундай экан, миллатлараро бағрикенглик, улар орасида ўзаро ҳурмат ва дўстона алоқаларни ўрнатиш дунёдаги барқарорлик, осойишталикни таъминлашнинг асосий усули бўлиб қолаверади.

Дин миллий маънавиятнинг таркибий қисми, миллатни бирлаштириб турувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади.  Бир тилда гаплашадиган, умумий тарих ва ягона давлатга эга бўлган, аммо турли динларга ёки диний йўналишларга эътиқод қиладиган миллатлар ҳамон ички миллий бирликни таъминлай олмаётгани, кичкина бир сабаб қайта-қайта низоли вазиятлар ва фуқаролар уруши келтириб чиқаратаётгани ҳам фикримизнинг исботи бўла олади. Масалан, Ливан аҳолисининг 90 фоиздан ортиғини араблар ташкил этади. Уларнинг бир қисми исломга (сунний, шиа, друз), қолган қисми христианликка (мароний, православ, католик) эътиқод қилиши натижасида миллий бирликни таъминлаш қийин кечаётгани, турли миллат ва дин вакиллари истиқомат қилиб келган Югославиянинг Сербия, Словения, Хорватия, Македония, Черногория, Босния ва Герцеговина каби давлатларга парчаланиб кетгани ҳам этноконфессионал зиддиятлар қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигининг ҳаётий-амалий исботидир. 

Ҳеч биримизга сир эмаски, кейинги йилларда айрим сиёсий кучлар томонидан милллатларо келишмовчиликларни келтириб чиқариш, улар орасида адоват уйғотиш орқали давлатларни бўлиб ташлаш, беқарорликни келтириб чиқариш ҳолатлари учрамоқда. Ушбу келишмовчиликларни юзага келтиришда, дин омилидан фойдаланилаётгани янада аянчли оқибатларга олиб келмоқда.

Боиси, ҳар бир диннинг ўзига хос ақидалари мавжуд. Улар баъзан бир-бирига мутаносиб бўлса, баъзан бир-бирига зид келиши ҳам мумкин. Диндан қурол сифатида фойдаланиш эса динлардаги умуминсоний ғояларни ҳам йўққа чиқариб, улар ўртасида кескин зиддиятни кенг илдиз отишига сабаб бўлади. Диний бағрикенглик эса ана шу хилма-хиллик асосида келиб чиқиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олади, турли эътиқодларнинг ёнма-ён ва бир пайтда мавжуд бўла олиши учун хизмат қилади ва бу йўлда бутун инсониятни бирлаштиради.

Кишиларда виждон эркинлиги билан боғлиқ билимларнинг шаклланиши ва ривожланиши учун зарур шароитларнинг яратилиши давлат томонидан жамиятда диний бағрикенглик муҳити устувор бўлишини таъминлашнинг зарурий шарти ҳисобланади. Шу билан бирга, эътиқодий асосдаги душманлик ва адоват уйғотадиган, ҳис–туйғуларни ҳақоратлайдиган ҳаракатлар, ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган реал механизмларнинг яратилгани ҳам диний бағрикенглик барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Диний бағрикенгликнинг устуворлигига эришишда диний ташкилотларнинг мавжуд ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари доирасида фаолият олиб боришининг ҳам ўзига хос ўрни бор. Хусусан, Ўзбекистонда яширин диний таълим фаолиятга йўл қўйилмаслиги турли кўринишлардаги мутаассиблик ва экстремизмнинг олдини олишга, конфессиялар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат, тинч-тотувликни таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, диндан давлатга ва Конституцияга қарши тарғибот олиб боришда, жамиятнинг маънавий–ахлоқий негизларини издан чиқаришга қаратилган, шахснинг шаъни ва қадр–қимматини камситувчи ва бошқа шунга ўхшаш хатти–ҳаракатлар йўлида фойдаланишга йўл қўймаслик ҳам ниҳоятда муҳим ҳисобланади.

Бошқа эътиқод шаклларига нисбатан нохолислик, паст назар билан қараш, уларнинг соҳибларига салбий муносабат тарихнинг ҳамма даврларида кўплаб фожиаларни келтириб чиқарганини инобатга оладиган бўлсак, бундай билимларнинг ҳаётий–амалий аҳамиятга эгалигини англаш мумкин.

Бағрикенглик анъаналари қанчалик қадимий илдизларга эга бўлса, тоқатсизлик ва муросасизлик билан боғлиқ қарашлар ва ҳаракатларнинг илдизлари ҳам шунчалик қадимийдир. 

Ўзбекистонинг миллий-маданий ранг-баранглиги миллий ўзликни англашнинг ўсиши ва маънавий жихатдан қайта уйғониш билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, жамиятнинг янгиланиши, ундаги очиқликнинг қудратли омили бўлиб хизмат қилади.

Кўпмиллатли мамлакат сиёсатининг асосий мақсади миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни шакллантириш бўлиши зарур. Ўзбекистонда шаклланиб улгурган бундай миллий бағрикенгликдан кенг дунё жамоатчилиги ўрнак олишга интилаётгани ҳам бежиз эмас.

Юртимизда яшовчи турли миллат вакилларининг маданий эҳтиёжларини қондириш учун миллий маданий марказлари фаолият юритади. Дастлабки миллий маданий марказлар корейслар, қозоқлар, яҳудийлар, арманлар томонидан республика вилоятларида 1989 йилда ташкил этилган. Бу марказларнинг чинакам ривожланиши ва равнақ топиши Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин бошланди. Бу даврда уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун кенг имкониятлар яратилди. Натижада, бу каби марказларнинг сони йил сайин ортиб борди. Агар 1992 йилда 10 та миллий маданий марказ иш олиб борган бўлса, 1995 йилда уларнинг сони 72 тага, 2003 йилда 135 тага етди. Ҳозирга келиб эса, мамлакатда 147 та миллий маданий марказлар фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Республикасида яшовчи турли миллат вакилларини республика ижтимоий, маънавий‑маърифий ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлаш миллий маданий марказлар фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир. Шунингдек, хорижий мамлакатлардаги турдош ташкилотлар ҳамда тарихий ватанлари билан дўстлик, ҳамкорлик, маданий‑маърифий алоқалар ўрнатиш ва ҳамдўстлик алоқаларини ривожлантириш, Республика байналмилал маданият маркази, турли давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда ижодий уюшмалар билан ҳамкорликда мамлакатда фуқаролар ҳамжиҳатлиги ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш марказнинг асосий вазифаларидир.

Миллатлараро тотувлик, ўзаро дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш ҳақида 2020 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатида ҳам таъкидланди. Мурожаатномада 30 июль – Халқаро дўстлик куни муносабати билан «Дўстлик ҳафталиги»ни ташкил этиш ҳамда ушбу ҳафталик доирасида «Дўстлик» халқаро форум-фестивалини ўтказиш таклифи илгари сурилди. Шунингдек, «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишонини таъсис этиш ҳақидаги ташаббус ҳам қўллаб-қувватланди. Шу йилнинг ўзидаёқ «Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонун кучга кирди.

«Халқлар дўстлиги куни»ни нишонлашдан асосий мақсад инсонлар, халқлар, давлатлар – умуман олганда жамиятнинг турли қатламлари ҳамда тузилмалари ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришдан иборат.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда миллатлараро ва давлатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларнинг пайдо бўлаётганлиги дўстлик ва ҳамжиҳатлик қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, «Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз – жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир».

Рисолат МАХСИМОВА тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1