АсосийЭркин минбар

Бошланган иш охирига етадими ёхуд Қарши туман аҳолиси нимадан норози? (видео)

Ичимлик суви қувури ўтказиш учун Қарши туманининг Чўли ота ҳудудидаги “Хониён”, “Дашт”, “Т...

'Бошланган иш охирига етадими ёхуд Қарши туман аҳолиси нимадан  норози? (видео)'ning rasmi

Ичимлик суви қувури ўтказиш учун Қарши туманининг Чўли ота ҳудудидаги “Хониён”, “Дашт”, “Тараққиёт” маҳаллаларига олиб борувчи йўл ёқасида амалга оширилган қазув ишларининг ҳадеганда якунига етмагани, аҳолининг эътирозларига сабаб бўлиб, бу ҳақда Даракчи таҳририятига мурожаат йўллашди. Мазкур мурожаатни ўрганиш, аҳоли ва тегишли мутасаддилар билан суҳбатлашиш мақсадида Дашт маҳалласида бўлдик.

- Ёз ойлари эди. Маҳалламизга олиб келувчи йўл ёқасида қазиш ишлари бошланди,  - дейди шу ерлик фуқаро Гулноз Бобоқулова. – Бизга айтишларича, маҳалламизга ичимлик суви келтирилаётган экан. Сувни-ку келгани яхши, албатта. Аммо сув келгунига қадар ўтган вақтда қазилган жойлар кўмилмаса, ишлар сурилаверса, табиийки, ёғинли кунларда аҳолига муаммолар туғилиши мумкин. Қолаверса, маҳалламиз ички йўллари ҳам абгор ҳолда. Ҳудудимиз катта, Қарши шаҳрига яқин. Шу сабабли кўчаларимиз доимо серқатнов. Йўлларимиз узоқ йиллардан буён таъмирланмаган. Бу ҳақда маҳалла мутасаддиларига бир неча бор мурожаат қилганмиз. Таклифимизни туман раҳбариятига етказшини сўраганмиз. Афсуски, бирор самара йўқ. Ёғин-сочинли кунларда биргалашиб йўлнинг жуда ёмон қисмларига қум-шағал тўкиб турамиз. Бироқ бу ҳам узоққа чўзилмайди. 

Мурожаатни ўрганар эканмиз, ҳудудга туман сув таъминоти корхонаси ҳамда ободонлаштириш бўлими раҳбарлари келиб вазиятга ойдинлик киритишди. Уларнинг сўзларига кўра, қувур ётқизиш учун бошланган ишлар кейинги йилга ҳам ўтувчи объект ҳисобланиб, айни пайтда ушбу йилга ажратилган маблағ сарфлаб бўлинган.

- Мазкур қувур ётқизиш ишлари инвестиция дастури асосида амалга оширилаётган бўлиб, айни пайтга қадар жорий йилда ажратилган 987 миллион сўмлик ишлар бажариб бўлингани боис иш тўхтатилган, дейди туман сув таъминоти бошлиғи Тоштемир ТАНГРИЕВ. – Лойиҳага кўра, келгусида мазкур тармоқ орқали ҳар бир хонадонга ичимлик суви кириб боради. Яъни мавжуд 3 та маҳалла аҳолиси тўлиқ ичимлик суви билан таъминланади. 

Йўллардаги нотекислик ҳақида гап бораркан, аҳоли ички йўлларнинг бунданда ёмон аҳволда эканлигини маълум қилишди. Айниқса, болаларнинг мактабга қатнашида ёғинли кунларда лойга ботиб қолаётгани қатор муаммоларга сабаб бўлаётган экан. Туман ободонлаштириш бўлими бошлиғининг сўзларига кўра, айни пайтгача тумандаги ички йўлларни тартибга солиш борасида сезиларли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, “Хониён” маҳалласидаги “Нурафшон” кўчасида 300 метр қисми 4,5 метр энлиликда асфальт қилиб берилди. 

-Туманда 58 та маҳалла бор. Ана шу 58 та маҳаллада 1366 километр ички йўллар бор, -дейди туман ободонлаштириш бўлими бошлиғи илҳом... . – Ҳар йили ажратилган маблағлар асосида ушбу йўллар босқичма-босқич таъмирлаб келинаяпти. Жорий йилнинг ўзида 40 километр йўлга қум-шағал, 26 километрга асфальт ётқизилди. Тан олиш керакки, ушбу маҳаллалардаги айрим йўллар таъмирланмаган, ҳатто тупроқ йўллари ҳам мавжуд. Бироқ ҳудуддаги марказий кўча Қарши тумани йўллардан фойдаланиш корхонаси балансида бўлиб, таъмирлашга қўйилган. Маълум қисми таъмирлаб ҳам берилган. Тизимга киритилган янги ўзгаришлар, яъни “Open budjet” тизими асосида эндиликда йўллар жамоатчилик фикри асосида таъмирланиши йўлга қўйилмоқда. Шунга кўра, келгуси 2022 йилда маҳалла “Обод қишлоқ” дастурига киритилиши тўғрисида таклиф берилган. Агар бу амалга ошадиган бўлса, ҳудуддаги йўллар тўлиқ таъмирлаб берилади. 

Муаммони ўрганиш чоғида маҳалла мутасаддилари ҳақиқатдан ҳам ҳудудни дастурга киритиш тўғрисида туман ҳокимлигига мурожаат қилишганини маълум қилишди. Қолаверса, мақолани тайёрлаш жараёнида, туман ҳокимлиги яқин фурсатларда асосий йўлни таъмирлаш ишларини бошлашини маълум қилишди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, муаммо бор жойда ечим ҳам бўлади. Фақатгина муаммога ўз вақтида эътибор қаратиш, халқнинг фикрига қулоқ тутиш лозим бўлади. Биз ҳам муаммолар ҳал бўлгач, мавзуга яна қайтамиз.

Шавкат АМИНОВ

    Бошқа янгиликлар