1

“Мардикор бозори”да ишловчи аёллар. Улар байрамни қандай ўтказмоқда?

ЭРКИН МИНБАР 08.03.2022, 13:01
“Мардикор бозори”да ишловчи аёллар. Улар байрамни қандай ўтказмоқда?

Мардикор аёл ким ўзи? Зиммасига тирикчилик ташвиши, фарзанд­лар келажаги, рўзғор камини тўлдиришдек катта масъулиятини юклаб олган опа-сингилларимиз ҳаётига назар ташлайлик-чи, бугун улар  нималар ҳақида ўйлаяпти, қандай орзу ўйлари, армонлари бор?  8 март улар учун ҳам байрамми? Бу кунни қандай нишонлайдилар?  Бир қучоқ атиргул билан кунлик ишга чиқаётган аёлларнинг ҳузурига – Қўйлиқдаги “Мардикор бозори”га йўл олдик.

"УЛАР ТАКЛИФ ҚИЛГАН  ИШ БИЛАН НА  ТЎЛОВЛАРНИ ТЎЛАБ БЎЛАДИ ВА НА  ОИЛАНИ БОҚИБ БЎЛАДИ"

М.С. 33 ёш:

— Бу ерга келаётган аксар аёллар ўзидан ўзи эрмакка эмас, балки иложсизлигидан, мажбурлигидан чиқади. Аёлларнинг 70 фоизи бу ердаги кунлик ишларга қийинчилик, йўқчиликдан, оиласига етказа олмаслигидан чиқади. Айтингчи, ким сарсон бўлиб юришни хоҳлайди? Табиийки ҳеч ким! Ҳамма ўз оиласида ҳар кунини, байрамларни ўтказишни хоҳлайди, албатта.  

Биз ҳам яхши жойларга ишга киришни, доимий ойлигимиз, ўз уйимиз бўлишини хоҳлаймиз. Бу ердаги аксарият аёлларнинг ўз уйи йўқ. Вақтинчалик ижарада туришади. Ойига 1-1,5 миллион топишнинг ўзи азоб. Камига бу пулни оиласига етказадими, фарзандининг кам-кўстигами ёки мактабига, ўқишигами?  

Оиламда битта ўзим боқувчиман. 2 нафар фарзандим бор, пуллик мактабга боришади. Нега пулинг бўлмаса болаларингни пуллик мактабга бердинг, дейишлари мумкин. Эртага улар ҳам мендек қийналишмасин, ўқиб ўз йўлини топишсин, дейман-да.  

Доимий иш билан таъминлашлари учун жуда кўп жойга мурожаат қилганман, лекин ҳеч қандай натижа бўлмаган. Улар таклиф қилган иш билан эса на тўловларни тўлаб бўлади, на оилани боқиб бўлади. Кўп мутасадди ташкилотлар келиб кетишди, аммо улар ҳам дардимизни тинглаб муаммоларимизга ечим топиб бера олишмаган. Байрам кунларини ҳам доим қўлимиздан келганча шу ердаги аёллар бир-биримизни табриклаб ўтказамиз.

"БАЙРАМ КУНЛАРИНИ УЙИМИЗДА КУТИБ  ОЛИШНИ ХОҲЛАЙМИЗ, ЛЕКИН..."

Н.Қ. 34 ёш:

— Сурхондарё вилоятидан келиб 2 йилдан бери шу ерга кунлик ишларга чиқаман. Кунлик даромад ҳам ўзига яраша: гоҳида бўлади, гоҳида йўқ. Топган пулим эса ўша куннинг ўзида харажатларга кетади. 2 нафар қизим бор. Боқишга қийналганим учун маҳалла 9 ёшли қизимни бировга беришимни сўради. Уй-жойим, шароитим бўлмагани учун рози бўлдим...

Эрим ичарди, қайнонам мен бу ерда ишлаб юрганимда болаларимни кўчага ҳайдаб юборган. Шундан сўнг оиламиз парчаланиб кетди ва қизимнинг келажаги учун уни боқиб олишларига қаршилик қилмадим. Ота-онам ёшлигимда ўтиб кетишган.  

Маҳалламизга иш сўраб ­мурожаат­ қилгандим, улар ҳали соппа-соғсиз оёқ-қўлингиз бут, иш топиб ишланг, ўзингизни эплаб кетасиз, деб жавоб беришди.

Биз ҳам байрам кунларини уйи­мизда кутиб олишни хоҳлаймиз, лекин иложимиз йўқ...

"УМРИМДА БИРИНЧИ  МАРТА БАЙРАМДА  ГУЛ ОЛДИМ"

М.А., 51 ёш:

— Турмуш ўтоғим вафот этганига 26 йил бўлган. Ўзим Фарғонаданман, бир ўғлим бор. Ижарада яшаймиз. Бир неча бор ҳокимиятга бориб, шароитимни тушунтирдим, аммо фойдаси бўлмади. Охири кунлик пул топиш учун 3 йилдан буён шу ерда ишлаб келаман. Ўғлимнинг ҳам, менинг ҳам топганим рўзғоримизга етмайди. Ижара пулига ҳам анча-мунча кетади. Ҳалол меҳнат қилиб пул топамиз, деб шу ерга чиқишга мажбур бўлдим. Ички ишлар ходимлари баъзида бизни тушуниб индамаса, баъзида бу ерда туришимизга қаршилик қилишади. Ахир биз кунимиз ўтиши учун нимадир қилишимиз керак-ку, нега буни тушунишмайди? Муаммоларимни айтаман, десам жуда кўп, лекин мен учун унинг ечими йўқдек. Ўғлимнинг ҳам бўйи етиб қолди, уни уйлантиришим керак. Маблағ йиғиш у ёқда турсин, куним ўтишига пул топишга қийнал­япман. Мен ҳам аёлман, онаман, ўзимга қараб юргим келади. Чиройли кийиниб иссиққина ўз уйимда келин олиб қўлидан чой ичгим келади. Бир тарафдан касалликларим ҳам бор. Илоҳим орзуларим ушалиб ўз уйим бўлиб бир кун бўлса-да, энди ўз уйим бор, деб дунёдан ўтсам армоним йўқ.  

Тўғриси, байрам бу сафар ҳам биз учун армонда ўтса керак, деб юргандим. Умримда биринчи марта гул олдим. “Даракчи” таҳририятига биз кунлик ишга чиқиб кунини кўраётган аёлларга гул тақдим этиб қувонч улашганликлари учун миннатдорчилигимни билдираман.

“ТАНИШЛАРИМНИ УЗОҚДАН КЎРИБ ҚОЛСАМ, БЕРКИНИБ ОЛАМАН”

Л.Н. 50 ёш:

— Бу ердагиларнинг кўпчилиги ҳамда ўзим ҳам қиз узатганман, келин олганман. Шароитимиз оғир бўлгани учун,  уларга айтмасдан кунлик ишларга чиқиб тураман. Бирор жойга бориб муаммоимни айтиб ёки ижтимоий тармоқларга ёзиб чиқишга ийманаман. Сабаби қуда-андалиман, уяламиз. Танишларни узоқдан кўриб қолсам, беркиниб оламан. Тўғри, ҳалол меҳнат қиляпман, аммо бизни деб фарзандларимизнинг ҳам боши эгилмасин, дейман. 

“КУННИНГ ЯРМИ ЎТАЁТГАН БЎЛСА-ДА БИРОР ИШ ТОПА ОЛМАДИМ”

Г.Д. 45 ёш:

— Қизим университетда ўқийди. Унга ёрдам бўлсин деб Нукусдан келиб иш излаб, кунлик бўлса ҳам пул топишга ҳаракат қиламан. Қизим мени доимий ишлайдиган жойда ишлайди, деб ўйлайди. Аслида бундай эмаслигини унга айтолмайман. Ҳозир ҳам қўнғироқ қилиб харажатлари учун пластик картасига пул ўтказиб беришимни айтган эди. Ҳали куннинг ярми ўтаётган бўлса-да, бирор иш топа олмадим. Кечгача иш топа олсам, қизим хурсанд бўлиши учун ҳам кўпроқ ишлаб, айтган суммасини юбораман.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Юртимизда минглаб ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга эътибор қаратилаётгани ҳақида масъуллар маълум қилиб боришяпти. Лекин барибир турли сабабларга кўра оғир меҳнат қилаётган аёлларнинг ён-атрофимизда, маҳалламизда бор экани аччиқ ҳақиқат...

                                                                                                                                     Мафтуна ЖЎРАЕВА, журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1