– Ярим йил аввал турмуш ўртоғим вафот этди ва мен қаттиқ стресс ҳолатига тушиб қолдим. Яқин кунлардан бери эса чап кўкрак қафасида санчиқли оғриқ бўлиб, курак ва қўлимга ҳам асорат бераяпти. Бундай аломатлар юракники деб эшитгандим. Ёки умуртқа поғонасига тааллуқлими?
Меҳринисо Қобулова, Наманган вилояти
Саволга олий тоифали шифокор кардиолог Насиба АЛИМОВА жавоб беради:
– Кучли стресс – юракка зўриқиш тушиши учун етарли сабабдир. Мурожаатингизда ёшингиз, юрак безовталиклари қачон бошланаётгани, қанча давом этаётгани, кўриниши (санчиқли, симиллаган) ҳақида айтмагансиз. Юрак касалликларига ташҳис қўйишда ушбу омиллар муҳим саналади. Сизнинг вазиятингизда шикофорга учрашиш, ЭКГ текширувини ўтказиш лозим. Юрак касалликлари санчиқли оғриқ билан кечиб, қисқа фурсат давом этади. Бунда бемор ҳаво етишмаётгандек ҳолатга тушиб, ҳолсизланади, танасини муздек тер қоплайди. Хуруж ўтиб кетгач, секин-аста ўзига кела бошлайди. Бордию безовталик остеохондроз билан боғлиқ бўлса, оғриқ хуружлари умумий ҳолатингизга таъсир этмайди. Мабодо ЭКГ таҳлили бирор ўзгаришни кўрсатмаса, шифокор ЭХОКГ текширувини буюриши мумкин. Мазкур усул юрак кучи, клапанлари ҳолати ва ушбу аъзонинг иш фаолиятини ўрганишда кўмак беради. Шу билан бирга юрак безовталикларига аниқлик киритиш учун функционал тестларга ҳам мурожаат қилиш мумкин. Таҳлил хулосалари юрак касалликларини инкор этса, МРТ текшируви ёрдамида остеохондроз таҳминига ойдинлик киритиш мақсадга мувофиқ бўлади.