IT соҳасида ишлаш ва ўз бизнесларини йўлга қўйиш мақсадида мамлакатимизга Россия ва Беларуссиядан минглаб малакали мутахассислар келаётгани тўғрисидаги хабарлар фонида соҳа ривожи учун яна бир ижобий қадам қўйилмоқда. Мамлакатда IT соҳасини, хусусан электрон тижоратни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда унинг иқтисодиётдаги улушини янада ошириш мақсадида “Электрон тижорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев хабар берди.
Мазкур қонун лойиҳасида электрон тижорат соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг бир қатор ҳуқуқий жиҳатлари акс эттирилган. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида бир қатор хорижий давлатлар, жумладан, АҚШ, ХХР, Германия, Россия ва бошқа давлатларнинг электрон тижоратни тартибга солиш борасидаги тажрибаси ва қонунчилик ҳужжатлари ўрганилган.
Янги қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилмоқда:
- электрон шартномаларни тузишнинг аниқ тартиби, ҳусусан умумий талаблар, электрон ҳужжатларнинг юридик кучи, офертага қўйиладиган талаблар, электрон ҳужжатларни сақлаш хусусиятлари, электрон битимни амалга ошириш тартиби, электрон шартномаларни тузиш шартларини белгилаш (амалдаги қонунда электрон шартномаларни тузишнинг умумий талаблари белгиланган бўлсада, лекин юқорида айтилган жиҳатлар тартибга солинмаган);
- электрон тижоратда тўловларни амалга оширишнинг рухсат этиладиган шаклларини (нақд пул билан, банк ҳисобварағидаги маблағларни ўтказиш йўли билан, тўлов тизимлари воситалари ва электрон пул билан тўлаш) белгилаш;
- электрон тижоратда харидорнинг шартлари тўлиқ қондирилмагунча ахборот тизимида пул маблағларини ушлаб туриш имкониятини берувчи пулни депотентлаш тизимини жорий қилиш;
- юридик шахслар билан бир қаторда ўзини ўзи банд қилган шахсларга электрон тижорат фаолияти билан шугулланиш ҳуқуқини бериш;
- рақамли маҳсулотларни (операцион тизимлар, дастурий таъминотлар, онлайн хизматлар ва ҳ.к.) сотиш, экспорт ва импорт қилиш, уларнинг божхона расмийлаштируви тартибини жорий этиш (амалдаги қонунчилик билан рақамли маҳсулотлар ва химатларни экспорт ва импорт қилиш механизмлари билан қамраб олинмаган ва бу мутахассислар фикрича амалиётда уларни сотиш билан боғлиқ тўсиқларни келтириб чиқармоқда);
- электрон тижоратда инсофсиз рақобатнинг олдини олиш қоидаларини киритиш. Бунда, интернет тармоғида қалбаки ҳавола ва манзиллардан фойдаланиш, электрон тижорат субъектларининг бир-бири билан олдиндан келишиб олиш, интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланган ҳолда товар ва хизматларн таклиф этиш, ёлғон ёки чалғитувчи ўхшаш белгидан фойдаланиш, нотўғри таққослашлар тақдим этиш таъқиқлаш кўзда тутилган;
- электрон тижоратни амалга ошириш доирасида харидорларнинг ҳам ҳуқуқларини белгилаш (амалдаги қонунда эса фақат сотувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган).