Бу хақда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси юзасидан Адлия вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Севара Ўринбаева АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
Маълум қилинишича, Давлат дастурининг 59 бандида вазирликка вазифа ва тадбирларни бажариш юклатилган. Шундан 20 банд бўйича вазирлик асосий ижрочи ҳисобланади. Жорий йил ўтган даврида вазирлик томонидан 60 та қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари ишлаб чиқилди.
518 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, шундан ярмидан кўпига ижобий хулоса берилди. 131 лойиҳа қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги хулосалар билан қайтарилган.
Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертиза учун келиб тушган қонунчилик ҳужжатлари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилганда, 163 лойиҳага чеcклист илова қилинмаганлиги, 74 лойиҳада 122 коррупциявий омил борлиги аниқланди.
Мурожаатлар билан ишлаш ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида вазирликка 40 мингдан ортиқ мурожаат тушган. Уларнинг ярмидан кўпи қаноатлантирилди. Қолганларига ҳуқуқий тушунтириш берилди ва тааллуқлилиги бўйича юборилди.
Вазирликнинг “1008 – ишонч телефони”га 18 мингга яқин қўнғироқ бўлган. Уларнинг аксариятига малакали мутахассислар томонидан тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. 1,3 минг мурожаат ўрганиш талаб қилганлиги сабабли ижрога қаратилган.
Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 13 минг 171 та тақдимнома киритилди. Натижада 2,5 минг нафар шахс маъмурий, 6,7 минг нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди. Шундан 95 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Вазирлик томонидан аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 13 минг 171 тақдимнома киритилди. Судларга 102,6 млрд. сўмлик 9 мингдан зиёд даъволар киритилиб, 89,2 млрд сўмлик қарийб 8,5 минг даъво қаноатлантирилди.
Адлия органлари томонидан ўтказилган мониторинг натижасида жами 5 минг 112 қонунчилик ҳужжатларига зид бўлган ҳоким қарорлари қабул қилингани аниқланди. Киритилган таъсир чораларига асосан 2 минг 192 қарор бекор қилинди. 2 минг 303 тасига келгусида бундай қонун бузилишига йўл қўймаслик белгиланди. 617 қарорни бекор қилдириш чоралари кўрилмоқда.
Давлат хизматлари соҳасида 8 та янги хизмат тури жорий қилиниб, кўрсатиладиган давлат хизматлар сони 172 тага етди. Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ органлари орқали аҳолига 3 миллионга яқин давлат хизматлари кўрсатилди.
Давлат хизматларидан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган тўловлар соддалаштирилган тартибда бир иш куни ичида қайтарилиши йўлга қўйилди.
Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 300 дан ортиқ хизматни интерактив шаклда кўрсатиш йўлга қўйилди.
Давлат хизматларидан экстерриториаллик тамойили асосида фойдаланиш тартиби жорий қилинди. Давлат идоралари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлардан 35 ҳужжат (маълумотномалар) талаб қилиниши бекор қилинди.
Бунинг натижасида йилига ўртача 5 млн.дан ортиқ фуқаронинг овора бўлишига барҳам берилади. Уларнинг 60 млрд сўмдан ортиқ маблағи ўзида қолишига эришилади.
Аҳолига енгиллик яратиш мақсадида айрим давлат хизматларини кўрсатиш учун тўловлар бекор қилинди. Бунинг натижасида йилига қарийб 7,6 миллиард сўм маблағлар аҳолининг ўзида қолиши таъминланади.
Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш учун жисмоний ва юридик шахслар томонидан топширилган 3 минг 656 талабнома қабул қилинди. Ушбу талабномалар бўйича давлат экспертизалари амалга оширилиб, 2 минг 932 интеллектуал мулк объекти давлат реестрида рўйхатга олинди.
Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида 152 мингдан ортиқ манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди.






