Бугун Тошкентдаги Ўзбекистон давлат санъат музейи атрофида картинг бўйича мамлакат чемпионати ва биринчилигининг биринчи босқичи бошланди.
Мусобақада Ўзбекистон картингчилари билан бир қаторда қўшни Қозоғистон Республикасидан келган спортчилар ҳам иштирок этишмоқда. Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги хабар бермоқда.
Маълумотга кўра, Ўзбекистон чемпионати ва биринчилигида жами 35 нафар картингчи баҳсларга киришди. Шундан 15 нафари 16 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар бўлиб, улар мамлакат биринчилиги учун курашга киришса, 16 ёшдан юқори бўлган иштирокчилар эса Ўзбекистон чемпионлиги учун мусобақалашади.
Қайд этилишича, мамлакат биринчилигида спортчилар 10 км масофани босиб ўтишлари лозим бўлади. Катталар эса 12 км. га спринт ва 25 км. га финал босқичида ўз имкониятларини синаб кўришади. Мусобақа ғолиблари бугун маълум бўлади.
Ўзбекистон чемпионати ва биринчилигининг иккинчи босқич мусобақалари шу йилнинг 4-5-июн кунлари кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида ташкил этилади. Картинг бўйича Ўзбекистон чемпионати ва биринчилиги мусобақаларининг ғолиблари эса жами 5 босқичда ўтадиган баҳслар якунига кўра аниқланади.






