1

“Уч қиз”нинг фарёди

МУТОЛАА 28.06.2016, 15:53
“Уч қиз”нинг фарёди

Бу воқеани бизга сурхондарёлик мухлисамиз Азиза Худоёрова ёзиб юборган. Мактуб ўзига хослиги ва ғайриоддийлиги билан эътиборимизни тортди. Эҳтимол, сиз ҳам бу каби ҳодисаларга дуч келгандирсиз. Бизга ёзиб юборинг, дея хатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Бу воқеа элас-элас ёдимда қолган. Боиси, жуда кичкина бўлганман. Чамамда беш-олти ёшда бўлсам керак. Бувим хасталанавергач, шифокорлар “Ҳаво алмаштирсин, вақтинча бўлса ҳам четроқ, тоғли қишлоқларга бориб яшаб туринглар”, дебди. 

Биласиз, қишлоқ жойларда ортиқча, ижара уйнинг ўзи бўлмайди. Одамларда ўзлари яшашлари учунгина уй қурадилар. Вақтинча яшаб туриш учун хона топилиши мумкин, лекин оилавий яшаш учун бус-бутун ҳовлини ижарага топиш мушкул. 

—  Кичикроқ бўлса ҳам уй сотиб оламизми? — деди отам бувимга маслаҳат солиб. — Шаҳар четидаги бир хонали уйни сотсам, қишлоқдан ҳовли бераркан.

—  Уни катта ўғлингга атаб олгандинг, — норози бўлди бувим.

—  Қишлоқдаги ҳовли ҳам мулк бўлади, эна. Истаган вақтингизда сотсангиз пул, яшасангиз жой. Биз бирибир бир-икки ойга бормаймиз. Сиз соғайгунингизча, бир-икки йил яшаймиз. Ҳаммамиз борамиз. Шундай экан, муқим яшаш жой керак бизга. 

—  Болаларингнинг мактаби нима бўлади?

—  Қишлоқ мактабида ўқишади...

—  Бўлмаса, ростдан ҳам оладиган бўлсанг, бир йўли яхши жойдан ол. Тоққа яқин бўлсин. Бир умр қоладиган, бориб дам олиб келадиган хонадонларинг бўлиб қолсин, — насиҳат қилди бувим. 

Шу билан отам таниш-билишларини ишга солиб, тоғ бағрида жойлашган қишлоқлардан уй суриштира бошлади. Аксига олиб, қишлоқларда унча-мунчага уй сотилмас экан. Икки ой ўтди ҳамки, сотиладиган уй топилмади. Бувимнинг эса соғлиғи ёмонлашди.

—  Ижарага бўлса ҳам хона оламиз, — деди отам бир куни тонгда чиқиб кета туриб. — Бугун суриштираман. Иккита хонасини бўлсаям оламиз. Бошқа илож йўқ.

Шу билан отам икки кун уйга келмади. У пайтлар телефонлар йўқ, роса хавотир олдик. Кейин билсак, отам уй топмагунча излайверибди. Уйга хурсанд бўлиб кириб келди:

—  Битта ҳовлича топдим. Зиёратгоҳ учун қурилган жой экан. Одамлар агар қўрқмасанглар яшаб тураверинглар. Савоб-ку, дейишди. Нимадан ҳам қўрқамиз, тўғрими? Қадамжо бўлса...

Ўша куниёқ биз кўч-кўронимизни йиғиштиришга тушдик. Ҳамма нарса кераклидек туюлади. Отам “Унча кўп нарса олманглар”, дейди. Биз олаверамиз. Кулиша-кулиша отам топган жойга келдик. Тоғнинг орасида, салқин, дарахтзор ичидаги уч хонали уй экан. Сал нарида учта тик қоясифат тош бор. Одам гавжум. 

—   Онахон битта хонада ётиб тураверсин. Зиёратчилар уйга кирмайди, ташқарида, дарахтлар тагидан қайтиб кетишади, — дейишди. 

Биз дарҳол жойлашишга киришдик. Отам бизга мактабни гаплашгани кетдик. Ул-бул қилгунимизча кеч тушди. 

—  Мактаб сал узоқ экан. Эрталаб ишга кетаётганимда ўзим олиб кетаман, сизларни, — деди отам. 

Ўша кеч чарчоқ ва ҳаяжон билан ҳеч нарса сезмадик. Аммо эртасига, ундан кейин кечаси ухлай олмайдиган бўлдик. Бир-икки кун отам индамай юрди. Охири зиёратгоҳдаги нарсаларга кўз-қулоқ бўлиб юрадиган ходимдан сўради:

—  Ака, кечаси ҳар хил овоз келади... Ё бизга шундай туюляптими?

Ҳалиги амаки кулди:

—  Мен сизга бошида, қўрқмасангиз яшайверинг, дедим-ку! Бу ер “Уч қиз” зиёратгоҳи. Анув уч тошни бир пайтлар душмандан қочган уч опа-сингилнинг тош қотган танаси дейишади. Айримлар бунга ишонмайди. Шунчаки, тош-да, дейди. Лекин бу ернинг хосиятини ҳали кўрасиз. Онангиз соғайиб кетади. Фақат қўрқманг. Кечаси шу уч қизнинг “оҳ-воҳи”га чидай олсангиз бўлгани. Бу безиён. Овоз бор фақат. Мана мен неча йилдан буён қоровуллик қилиб ётаман-ку! Кўпчилик қўрқиб кетиб қолади. Лекин бу ернинг ҳавосида нимадир бор. Ҳар қандай одам шифо топади, суви ҳам даво...

Бу гапларни эшитгандан кейин бу сирли  овозга диққат билан қулоқ соладиган бўлдик.

—  Қўрқманглар, ҳалиги учта тошга шамол турли тарафдан  урилиб, шунақа овоз чиқаряти, — деди ойим.

—   Шамолдан бунақа овоз чиқмайди, —эътироз билдирди бувим.

Эртасига ойим жойидан тура олмай касал бўлиб ётиб қолди. Қўрқиб кетган отам дарҳол онамни суяб уч тош олдига олиб борди. Ойим дуо қилиб, Худодан кечириб сўради ва уч кунда соғайди. Энг ҳайратланарлиси, шифокорлар бир-икки йилча қишлоқда яшасаларинг тузалиб кетади деган бувим икки ойда отдек бўлди. Биз икки ойдан сўнг уйга — шаҳарга қайтдик. Лекин бу воқеани ҳеч биримиз унутмадик...

КАМИНА оққа кўчирди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1