Бугунги кунда Индонезия Ер юзидаги энг кўп мусулмонлар истиқомат қиладиган мамлакат саналади. Яъни 270 миллиондан ортиқ аҳолисининг 90 фоизга яқинини мусулмонлар ташкил қилади. Тарихий маълумотларга кўра, бу ҳудудга ислом дини илм-маърифат, тарғибот йўли билан кириб борган.
Амир Темур сабаб...
Индонезияда Ислом динининг кириб бориши ва тарқалишида Самарқандда ўқиб, камол топган Малик Иброҳим исмли аллома беқиёс хизмат қилган. Маълумотларга кўра, Малик Иброҳимнинг шажараси Имом Ҳусайн (р.а.) орқали пайғамбаримиз (с.а.в.)га бориб тақалади. Таниқли тарихчи ва журналист Гулу Кенгерлининг тадқиқотларига кўра, Малик Иброҳим XIV асрнинг иккинчи ярмида Озарбойжонда дунёга келган. Ўз даврида Кавказ ва яқин Шарқда кенг тарқалган ҳуруфийлик тариқати тарафдори бўлгани айтилади. Бошқа бир манбаларга қараганда, Нажмиддин Кубро асос солган Кубровия тариқати вакили бўлган. Малик Иброҳим қачон Самарқандга келгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Агар бу оиланинг Самарқандга келиб қолиши Амир Темурнинг Эрон ва Озарбойжонга юришлари билан боғлиқ бўлса, бу воқеа 1380 йилларга тўғри келади. Самарқанддаги диний ва маънавий муҳит Малик Иброҳимнинг тафаккурида катта ўзгариш ясайди. Шу ердаги мадрасаларда таҳсил олади, уламолар, мутафаккирлар суҳбатидан баҳраманд бўлади.
Мақсад сари...
Озарбойжон тарихчисиЗаур Алиевнинг ёзишича, бир неча йил Самарқандда яшаб, аҳли илмлар суҳбатини олган, эл аро ҳурмат-эътибор қозонган Малик Иброҳим кейинчалик ўзини шу ўлкага боғлиқлигини эътироф этиш учун ўзига Махдум Иброҳим Ас-Самарқандий нисбасини танлайди. Бобурнинг таърифи билан айтганда, Самарқанд аҳли “Ҳазрати Усмонзамонасидан бери пок мазҳабли мусулмон бўлишган”. Шундай экан, Ислом таълимотини бошқа ўлкаларга ҳам ёймоқ керак. Ана шу мақсад Малик Иброҳим ва унинг оиласини Индонезия томон етаклайди. Маълумки, Индонезия ҳақида мусулмон оламида ундан аввал ҳам муайян тасаввурлар бўлган. Хусусан, Берунийнинг ўзининг “Жавоҳирнома” асарида Индонезиянинг Суматра оролидаги қимматбаҳо тошлар ҳақида маълумот бериб ўтганди.
Илм ўргатишни савдодан бошлайди
Малик Иброҳим 1392 йилда отаси Жумодул-Кубро ва укаси Мавлоно Исҳоқ билан олис Индонезияга йўл олади. Бу пайтда ҳали ушбу ўлкага европаликларнинг қадами етмаганди. Аҳоли асосан маҳаллий динларга, қисман буддавийлик ва ҳиндувийликка эътиқод қиларди. Савдогар қиёфасида Индонезия оролларига кириб борган Малик Иброҳим савдо-сотиқ билан шуғулланади. Харидорларга мол сотаркан, у ҳалолликдан сабоқ беради, уларнинг бир чақасига ҳам хиёнат қилмайди. У ҳар бир харидорга бировнинг озгина ҳаққи ҳам буюрмаслигини уқтиради. Акс ҳолда Аллоҳнинг ғазаби муқаррар эканини айтади. Малик Иброҳим тез орада Индонезияда катта нуфуз ва эътибор қозонади. У инсонларни ислом динининг гўзалликлари билан юзлаштиради. Исломий билимлар, Қуръон мантиғининг инсон тақдиридаги ролини исбот этади. Натижада аҳолининг катта қисми исломни қабул этади. Малик Иброҳим отаси ва укаси билан узоқ йиллар давомида Индонезия ороллари ва Вьетнам ҳудудида ҳам диний тарғибот ишлари билан шуғулланишган. Кейинчалик Мавлоно Жумодул-Кубро ва ўғиллари, шунингдек, Малик Иброҳимнинг икки ўғли – Али Раҳмутуллоҳ ва Али Муртазолар ҳам Индонезияда эъзозланадиган 9 нафар авлиё – “Вали Сонго” сафига киритилган.
Малик Иброҳим милодий 1417 йилнинг 7 апрелида Индонезиянинг Гресик шаҳрида яқинидаги Гапура қишлоғида оламдан ўтади. Бугун унинг қабри зиёратчилар учун муқаддас қадамжога айланган. Ҳар йили Малик Иброҳимнинг таваллуд куни муносабати билан минглаб зиёратчилар бу ерга қадам ранжида қилишади. Малик Иброҳимнниг қабр тошида араб тилида шундай битиклар ёзилган:“Бу, шубҳасиз Аллоҳ тарафидан кечирилишга лойиқ бўлган, Аллоҳ берган саодатга муносиб, шоҳларнинг муаллими, вазирлар ва султонларнинг маслаҳатчиси, камбағаллар, бева-бечораларнинг дўсти бўлган инсоннинг қабридир. Буюк устод Малик Иброҳим ўз марҳамати билан танилган. Аллоҳ унга ёр ва мададкор бўлсин.”
Рустам ЖАББОРОВ
"Даракчи" газетаси, 2022 йил 12 май, 19-сон