АсосийJamiyat

Давлат солиқ қўмитаси харид чекларини бериш билан боғлиқ текширишлар тўғрисида расмий муносабат билдирди

'Давлат солиқ қўмитаси харид чекларини бериш билан боғлиқ текширишлар тўғрисида расмий муносабат билдирди'ning rasmi

Давлат солиқ қўмитаси охирги вақтларда харид чекларини бериш билан боғлиқ ўтказилаётган сайёр солиқ текширувлари бўйича ижтимоий тармоқларда билдирилаётган айрим постлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.

Солиқ органлари маъмурчиликни амалга оширишда қуйидагиларга таянади:

🔸тадбиркорлар учун бир хил шароитдаги муҳитни яратишга эришиш;

🔸 "яширин" иқтисодиётга барҳам бериш.

Шунингдек, Халқаро молия институтлари ва профессионал экспертларнинг таҳлил ва хулосалари республикамизда яширин иқтисодиётнинг улуши 50 фоиздан юқори бўлиб, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида бу кўрсаткич 70 фоизгача етиши маълум қилинган.

Шу муносабат билан хуфиёна иқтисодиётни жиловлашга қаратилган солиқ маъмурчилигининг замонавий инструментлари қаторида, чек бермаслик, пластик карталарга савдо қилишдан бош тортиш, пластик карталарга товарларни нархини ошириб сотиш ва бошқа қонунбузилишлари устидан кенг жамоатчилик назорати институти ишга туширилиб, фуқаролардан мурожаатларни қабул қилиш учун “Soliq” мобил иловаси амалиётга киритилди.

Ушбу ўзгаришларга фуқароларнинг фаол иштироки кузатилиб, йил бошидан буён 13 мингга яқин фуқародан 66 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди.

Мазкур мурожаатлар асосида назорат тадбирларини ўтказишдан олдин, ижтимоий тармоқларда келтирилганидек ҳеч қандай таҳлилларсиз эмас, уларнинг ҳар бири синчковлик билан ўрганиб чиқилмоқда:

Онлайн касса машиналари орқали урилган ҳар бир чек солиқ органлари маълумотлар базасида акс эттирилиб, мурожаатчининг хабари асослийлиги бевосита ушбу субъектга ўрнатилган онлайн назорат касса машинаси кўрсаткичлари билан солиштирилади.

Айнан шундай таҳлиллар натижаси билан 30 мингга яқин мурожаат бўйича текшириш ўтказиш рад этилган.

Лекин, қолган қисми текширилганда - афсуски  97 фоизида ҳақиқатда чек урилмаганлиги бўйича мурожаатчиларнинг хабари тасдиғини топди.

Амалга оширилаётган тадбирлар солиқ тўловчиларни жазолаш эмас, белгиланган солиқ сиёсати асосида бюджетга тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган.

Солиқ тўловчиларга солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ижро этишлишида ёрдам бериш ҳамда “Солиқчи кўмакчи” тамойили асосида чора қўллашдан олдин бартараф этишга имконият яратиш талабидан келиб чиқиб Давлат солиқ қўмитаси қуйидагиларни эълон қилади.

Жорий йил 1 июндан бошлаб:

Биринчидан, “Soliq” мобил иловаси орқали мулкчилик шаклидан қатъий назар, биринчи маротаба келиб тушган мурожаат бўйича солиқ тўловчи ҳузурига борган ҳолда, профилактик суҳбат ўтказилиб, тадбиркорлик субъектининг қонун талабларида иш юритиши тўғрисида расман огоҳлантирилади. Унга нисбатан таъсирчан молиявий жазо чоралари кўрилмайди.

Мазкур огоҳлантиришдан кейин ҳам хулоса қилинмасдан, қонун бузилишлари давом эттирилиб, ушбу тадбиркорлик субъекти бўйича иккинчи маротаба мурожаат келиб тушса белгиланган тартибда ўрганиш ўтказилади ва натижаси бўйича солиқ текшируви ташкил этилади.

Иккинчидан, мурожаат бўйича сайёр солиқ текшируви ўтказилаётган ёки ўтказилган текширув натижаси бўйича қарор қабул қилиш жараёнида ушбу субъект бўйича такрорий тушган мурожаатлар кўриб чиқилмайди.

Учинчидан, жамоатчилик назоратини кенгайтириш мақсадида, бир фуқаро томонидан 24 соат ичида 2 тадан ортиқ ҳамда 30 календарь куни давомида 1 та шохобча бўйича 1 мартадан кўп мурожаат юборилишига чеклов ўрнатилади.

Тўртинчидан, давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги мурожаатлари, мукофот тўланмайдиган мурожаатлар сифатида қайд қилинади.

Давлат солиқ қўмитаси ушбу ўзгартиришларни инобатга олган ҳолда, чек талаб қилиб, яширин иқтисодиётга қарши курашишда фаол иштирок этаётган фуқароларимизни рағбатлантиришни ва ноқонуний ишлаш йўлини танлаган айрим субъектларга нисбатан таъсирчан назорат тадбирларини изчил давом эттиради.

    Бошқа янгиликлар