Бугун, 12 июль куни Марказий Осиё халқаро институтида “Ўзбекистон ва Туркманистон:ҳамкорликнинг янги тарихий босқичида ривожланиш истиқболлари” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.
Тадбир Марказий Осиё халқаро институти ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлигининг Халқаро муносабатлар институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Конференция ишида бундан ташқари икки мамлакатнинг қатор давлат муассасалари ва таҳлил тузилмалари экспертлари иштирок этди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Марказий Осиё халқаро институти,Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Aдминистрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва ушбу вазирлик ҳузуридаги Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази, Ўзбекистон Фанлар Aкадемияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарих Мувофиқлаштирувчи-методик маркази,ТуркманистонРеспубликаси миллий маданият маркази, Туркманистон ташқи ишлар вазирлигининг Халқаро муносабатлар институти, Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги Халқаро муносабатлар институти қошидаги Стратегик тадқиқотлар илмий маркази, Туркманистон гуманитар фанлар халқаро университети, Туркманистон Фанлар академияси Махтумқули номидаги Тил, адабиёт ва миллий қўлёзмалар институти вакиллари қатнашди.
Экспертлар ўзбек-туркман ҳамкорлигининг бугунги ҳолати, мамлакатларимиз зртасида стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари доирасида ўзаро ҳамкорлик масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Унда икки мамлакат ўртасидаги алоқалар кўп асрлик дўстлик, яқин қўшничилик ва қардош халқларнинг ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган ҳолда фаол ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар. Ўзбекистон етакчисининг 2017 йил март ойида Туркманистонга илк хорижий ташрифи икки томонлама алоқаларнинг янги ижобий динамикасига мустаҳкам асос яратди..
Давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси ва ўзаро муносабатларнинг янги ёндашувлари туфайли сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар алоқаларни салмоқли кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, бутун Марказий Осиё минтақасида барқарорлик, тигчлик ва жадал тараққиётни янада ривожлантиришга хизмат қилди.
Ўзбекистон ва Туркманистон муносабатларида БМТ қиёфасида халқаро ҳамжамият томонидан қабул қилинган кенг кўламли ва узоқ муддатли стратегиялар, концепциялар ва дастурларни амалга оширишда ёндашувларининг яқинлиги муҳим аҳамиятга эга. Томонларнинг қўшни Афғонистонда тез орада фуқаролар тинчлиги ва тотувлигига эришиш учун ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлиги айниқса муҳим аҳамият касб этади.
Сўзга чиққанлар расмий Тошкент ва Ашхабоднинг нафақат икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлашдан балки умумий бўлган Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланишини таъминланишидан манфаатдорлигини билдирди.
Тадбир ўзбек-туркман ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини белгилаш, минтақавий мулоқотни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтиришда фикр алмашиш учун самарали майдонга айланди.